Сўз эркинлигига тайёр бўлиш эмас, унга тақиқ қўймаслик керак

2020-06-18T07:20:27+00:0018 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Ҳали бунга тайёр эмасмиз! Узоқ вақт шу фикрга таяндик, ишондик, амалда қўлладик ҳам. Табиийки, эркин сўз, аччиқ ҳақиқатнинг залвори ҳар доим ҳам, ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бундан манфаатдорлар томонидан ўйлаб топилган бу ақида сиёсат даражасига қадар кўтарилди. Бизни халқимиз ҳали эркин сўз айтиш даражасида эмас, дея қатъий ишонганлар қатлами пайдо бўлди жамиятда, улар ҳалиям бор, инкор этолмаймиз. Айниқса, сўз айтиш, фикрини бемалол ифода этиш имкони берилган пайти уларнинг бир чеккадан туриб «ана, кўрдиларингми, нима дегандик, бу одамларимиз эркин фикр айтаман деб, ҳақиқий башарасини кўрсатиб қўяяпти», деб пичинг қилишди, таъна тошларини отишди. Кимдир ҳадик билан, биров аниқ мақсад билан, яна кимдир тушуниб-тушунмай гапираверди. Айтилмаган фикрлар қолмади ҳисоби, ҳамма ўз даражасидан келиб чиққан ҳолда сўзлайверди.  Ҳадик шунда эдики, бу сўзларимизга жавоб беришга тўғри келмасмикан, ҳеч ким бизни зимдан кузатиб бормаётганмикан?.. Мақсадлилар эса энди жим қараб туриб бўлмайди, ўзгаришни истасак, гапирамиз, ҳақиқатни ёзамиз, дейишяпти, тушуниб-тушунмаганлар эса улардан ортда қолмасак бўлди, нимадир шов-шув, одамлар эътиборини тортадиган гап айтиб олишимиз керак, ахир, деган умидда гапираяпти, сўзлаяпти.

Давлатимиз раҳбари ҳам мақсадлилар тарафда бўлиб, ҳар бир чиқишида шиффофлик, очиқлик ҳақида гапирмоқда, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фикрига таянишини айтиб ўтмоқда. Аксар чиқишларида сўз эркинлиги масаласига алоҳида урғу қаратиши баробарида бу йўлдан қайтмаймиз, дея такрор-такрор таъкидлаши қалам аҳлига куч беради. Хусусан, Президент Ш. Мирзиеёвнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу масала тилга олинганди. «ОАВ қонунийликни қарор топтиришда чинакам «жамият кўзгуси»га айланиши керак. Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади.

Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир. Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда. Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади. Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари ОАВ билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак».

Ҳақиқатан, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жамиятда туб бурилиш ясади. Қайси маънодаки, энг аввало «Биз ҳали бунга тайёр эмасмиз!» деган қарашларни тамоман синдириб ташлади. Сўз эркинлигига тайёр бўлиш эмас, унга тақиқ қўймаслик керак экан.

Эътибор беринг, бундан бир-икки йил аввал ижтимоий тармоқларда ҳам, қаердаки сўз айтиш имкони туғилган майдонда турли-туман фикрлар билдирилди. Билиб-билмай, атайин, қасддан айтилган сўзларнинг кети узилмади. Бугун бу ҳолат анча тин олди. Эндиликда асосли танқидий фикрлар фоизи тобора ошиб бораётир. Бу ҳолат осонгина юз бермади. Танқидга жавоб ёзиш тугул ўз фаолиятини холис сарҳисоб қилишни истамайдиган ташкилотлар ҳам интернетда, ижтимоий тармоқларда «пайдо бўла бошлади». Асосли танқидларга чора кўрила бошлади. Нотўғри фикрга нисбатан фикр айтилди, жайдарироқ қилиб айтганда, нохолис фикрлайдиганларнинг, кимнингдир шаънига тегиш мақсадида айтилган сўзларнинг пайи қирқилди. Тўла қирқилди, дейиш бир оз ноўрин. Сабаби, турфа феълли инсонларни ўзгартириш мушкул бўлганидек, ҳасад, иккиюзламачилик каби иллатларни батамом йўқотиш қийин. Аммо муҳими, одамларда ҳар қандай фикрга ишониш, эргашиб кетавериш керакмас, деган тушунча шаклланмоқда.

Энг аҳамиятли жиҳати, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий мақолаларга муносабат билдириш тажрибаси қайта шаклланди. Бугун қайси бошқарма, ташкилот ахборот хизмати раҳбари билан гаплашманг, «ҳар куни битта танқид бор-а. Тепадан буйруқ келяпти бизга, унинг хар бирига муносабат билдиришимиз керак. Ахир бу қанча вақтимизни олаяпти», деб нолиб қўйишади. Муносабат билдириш уларнинг асосий вазифаси эканлигини ҳали соҳа вакиллари янаям яхшироқ тушуниб олади, деган умиддамиз.

Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган танқидий чиқишларга муносабатларнинг жадвали ҳам тегишли ташкилотлар томонидан доимий равишда эълон қилиб борилмоқда. Айтиш керакки, рақамларда, яъниким, муносабатларда ижобий томонга силжишлар бор, ҳатто бир неча ой аввалги ҳолат билан таққосланганда жиддий тафовутлар бор. Бу қувонарли албатта. Фаолиятимиз давомида ҳам бу ҳолатни сезиб турибмиз. Айниқса, ўзим фаолият юритаётган Самарқанд вилоят нашри «Зарафшон» газетасидаги ҳар бир танқидий чиқиш эътиборга олинаётганини кузатиб бормоқдамиз. Газетанинг электрон варианти Zarnews.uz сайтига нафақат вилоят, балки республика мутасаддиларининг ҳам муносабат билдирилаётгани журналистнинг меҳнати беиз кетмаётгандан, сўз эркинлиги фақатгина фикр айтишгина эмас, балки унинг эътиборга олиниши, қадрланиши билан ҳам ўлчанаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса сайтимизда вилоятдаги туғруқхоналардан бирида электр энергияси билан боғлиқ муаммони эълон қилганимизда, беш дақиқа ичидаёқ тегишли вазирликнинг муносабати берилгани ҳам шу ислоҳотларнинг натижаси бўлса ажабмас. Бундай мисоллар сон-саноқсиз. Нафақат оммавий ахборот воситалари, ҳатто ижтимоий тармоқларда тарқалган кичик чиқишларга ҳам тегишли идоралар дарҳол ўз фикрларини билдирмоқда. Эҳтимол ушбу муносабатларнинг барчаси ҳам етарли даражада эмасдир. Аммо муҳими улар бор ва бўлиши давом этмоқда. Шунинг ўзи ҳам катта марра. Асосийси, кейинги марралар учун йўл беркилгани йўқ.

Журналист Гулруҳ МЎМИНОВА,

Самарқанд шаҳри.