Қораунғурсой –  зарафшон воҳасидаги яна бир сирли макон

2020-06-16T09:10:00+00:0016 Iyun, 2020|Навоий вил.|

Навбаҳор тумани ҳудудидаги Сармишсой маданий ёдгорлиги ва унинг тарихий аҳамиятини бугунги кунда нафақат юртимиз олимлари, балки дунё қадимшунослари ҳам юксак баҳолашади. Ўтган асрнинг 60 йилларидан бошлаб ўрганилган мазкур қоятош тасвирлари бизга бу ерда инсониятнинг илк аждодлари яшаган давр ҳаёти ҳақидаги тасаввурларни беради.

Сармишдан 40 километрлар жануби-шарқ томонда яна бир сирли манзил – Қораунғур дараси мавжуд. Ушбу ҳудуд ҳақида археологияга оид китобларда деярли маълумот учрамайди. Кўпинча эса шу номнинг ўзи қайд этилган, холос. Бу ерда нечта қоятош тасвири борлиги, уларнинг мазмуни билан боғлиқ аниқ илмий хулосалар эса умуман йўқ.

Мазкур адирга Навбаҳор туманининг Ижанд қишлоғидан шимоли-шарқий томонга – Оқтоғ томонга қараб 12-15 километр ичкарига кириб борилади. Айнан мана шу жойда Қоронғуўнгир ғори мавжуд. Ҳудуд номи ана шу ғор номига қўйилган. Мазкур ғордан 500-700 метрлар чамаси нарида эса Хатирчи туманининг Сангижумонни эслатувчи улкан харсангтошларни кўриш мумкин. Бу ердаги тоғларнинг Сармишсойдаги қоятошлардан фарқи ҳам шу: тошлар ўткир қиррали мас. Турли шаклга эга мазкур чақмоқтошларнинг ўзи ҳам кишини ҳайратга солади. Атрофни кузатиб турли ҳайвонлар, ҳатто инсоннинг юз қиёфаси шаклини ҳам топиш мумкин. Айнан мана шу атрофда қоятошлар сиртига туширилган ҳайвонлар суратини – юздан зиёд петроглифларни ҳам учратиш мумкин. Ҳозирда бу жой “Мамай полвон” фермер хўжалиги таркибида.

  • Адирдан ўтувчи сой Оқтоғдан оқиб келади, – дейди мазкур фермер хўжалик вакили Фарҳод Хидиров. – Шунингдек, ҳар ер ҳар ерда чашмалар мавжуд. Юқорироқда Баққол деб номланган ҳудуд бор. Мана шу жойда ҳам петроглифлар мавжуд. Бу ҳудудларда нафақат энг қадимги давр, балки яқин-яқин асрларгача ҳам одамлар яшаган. Кейинчалик, сой суаининг камайиши натижасида одамлар Зарафшон дарёсига яқинроқ жойларга кўчиб ўтган.

Шунингдек, мазкур ҳудудда улкан қабристон ҳам мавжуд. Улкан тепалик устида – ҳар ер ҳар ерда овал шаклида териб қўйилган тошлар ҳақиқатан бу ерда қабристон мавжуд бўлганлигидан дарак беради. Бундан ташқари, айнан мана шу тепаликда эски ёзувдаги бир дона қабр тоши ҳам мавжуд.  Сабаби бу ерда тарихий қабристон ҳам мавжуд. Қабрларнинг кўплиги бу ҳудудда яқин даврларда ҳам яшаган инсонлар сонидан дарак беради.

– Бугунгача петроглифларнинг асосий қисмини Сармишсойда деб билар эдик, – дейди Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси Навбаҳор туман Кенгаши масъул ходими Рустам Саидхонов. – Уларни тадқиқ қилган олимларимиз ҳам ана шундай хулосага келган. Бироқ, Қоронғуўнгир дарасидаги суратлар сони Сармишдаги тасвирлар сонидан кам эмас. Оқтоғга яқинроқ ҳудуддаги Алишийх ва Қўчқорсой каби жойларда ҳам худди шундай суратларни кўплаб учратиш мумкин. Чамамда, қадимшунослар Сармишсойнигина бориб кўришган. Қолган ҳудудлардаги петроглифлар эса олимларимиз томонидан тадқиқ қилинмаган.

Шу ўринда дилни хира қиладиган бир жиҳатга ҳам тўхталсак. Бугун Сармишсойга гарчи қўриқхона-музей мақоми берилган бўлса-да, амалда мазкур ҳудуд қаровсизлигича қолмоқда. Бу ер барча учун очиқ. Ҳатто, қўйлар ва моллар ҳам бемалол ўтлаши мумкин. Қолаверса дам олиш баҳонасида келганларнинг чор атрофни чиқиндига тўлдириб қайтиб кетиши ҳам оддий ҳолатга айланган.

Қоронғиўнгирдаги вазият эса бундан-да оғир. Худди Сармишсойдаги каби бу ердаги қоятош суратларига ҳам одамлар томонидан шикаст етазилмоқда. Қоятош суратлари мавжуд ҳуддан тош кавланиб, ташиб кетиляпти. Бу нафақат катта экологик хавни, балки тарихий фожиани ҳам келтириб чиқармоқда.

Умуман олганда, юртимиз ўтмишининг ўрганилмаган жиҳатлари, илмий тасдиғини кутаётган жабҳалари ҳали кўп. Бу эса олимларимизни, айниқса маҳаллий олимларимизни кўпроқ изланишга, ўрганишга чорлайди. Дунё аҳамиятига молик ҳар бир тарих намунасини ўрганиш, татқиқ этиш ва уни буст-бутунлигича келажак авлодга етказиш зиммамиздаги ҳам фарз ҳам қарз эканлигини унутмайлик.

Озод МУСТАФОЕВ, журналист.

Сирож АСЛОНОВ (ЎзА) олган суратлар.