Аркадий Райкинни ўзбекча гапиртирган журналист

2020-06-16T06:30:32+00:0016 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Тўйхат ўрнида

Бу инсонни ўзбек журналистикасида қалам тебратаётган ёши улуғу, айни пайтда шу соҳада ишлаб юрган ижодкорлар яхши танийди. Унвони бўлмаса-да, баъзи унвони борлардан кўра оламга татигулик, кўп ва хўб ишлар қилган. Раҳимжон Султонов шу кунларда муборак 70 ёшини нишонламоқда.

Раҳимжон ака асли самарқандлик, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети журналистика факультетини тамомлаган. Унинг қўлида яна Россиядаги бир қатор олий ўқув даргоҳларининг бир нечта дипломлари ҳам бор. Кўп йиллар  давомида  Ўзбекистоннинг Москвадаги махсус  муҳбири бўлиб фаолият юритган.

Ўзбекистоннинг ўша вақтлардаги  раҳбари Шароф Рашидов ҳам бу тиниб-тинчимас,шижоаткор мухбир меҳнатини жуда қадрларди. Ш.Рашидов КПСС делегациясига бош бўлиб, Миср, Жазоир, Зимбабве, Эфиопияга расмий ташриф билан бориб келгандан сўнг биринчилардан бўлиб Рахимжон Султоновга интервью берганини кекса авлод журналистлари яхши эслайди. Талабалик даврида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланган хорижлик фуқаронинг қўлга олинишида ҳам иштирок этганлиги кўпчиликнинг диққатини ўзига тортиши табиий.

Яна бир шов-шувга арзийдиган маълумот. 1991 йил аввалида Ўзбекистонлик олов мухбир  собиқ Иттифоқ президенти Михаил Сергеевич Горбачевга микрофон тутиб, “сиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланганганига қандай муносабат билдирасиз?”- деган саволни берган эди. Ўшанда СССР раҳбарининг ранги ўчиб, И.Каримов иттифоқ конституциясига хилоф равишда иш тутди, бу масала билан ҳали шуғулланамиз деб жавоб бериб осонгина қутулган эди.

Раҳимжон ака Ўзбекистон ССР Олий кенгашининг сўнгги 12- сессиясида халқ депутати сифатида И.Каримовнинг президент этиб сайланишига кўпчилик қатори овоз берган эди. Ислом ака молия вазири  бўлган пайтида Москвада Ўзтелерадионинг мухбирлик тармоғини очишда катта ҳисса қўшганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз..Машҳур қизиқчи Аркадий Райкинни ўзбекча гапиришга «мажбур» қилган ҳам юртимизнинг чўрткесар, «қайсар» журналисти бўлади. Машҳур табиб Аллан Чумак,ёзувчи Федор Раззоқов, кинорежиссер Али Ҳамраев, киноактёр Владислав Стрежельчик… шунга ўхшаш машҳур-машҳур шахслар билан учрашиб теле ва радиосуҳбатлар уюштириб, минглаб томошабинлар ва тингловчиларнинг эътиборини қозонди. Раҳимжон ака собиқ иттифоқ даврида КПСС съездлари, Олий Совет сессияларида юртимиздан сайланган депутатлардан долзарб мавзуда интервьюлар олиб телевидение ва радиода тезкорлик билан ёритишда жонбозлик кўрсатди.

Журналистикамиз фахрийси ҳозир «Россия» радиостанциясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мухбири бўлиб ишламоқда.

Раҳимжон ака,  сизга узоқ умр, оилавий бахт тилаймиз. 80,90,100 ёшларингизни биргаликда нишонлаш насиб этсин.

Азим Пўлатов, “Ўзбекистон”   телерадиоканали бўлим мудири