ТЎҒРИ СЎЗЛИНИНГ ТЎНИ ЙИРТИҚ…

2020-05-26T11:36:33+00:0026 May, 2020|Умумий янгиликлар|

МУНОСАБАТ

Янги хабар: 2020 йил, 13 май куни Фарғона вилоятининг Қува туманида EFFECT.UZ оператори Ғиёсбек Эшов жиддий ҳужумга учради… Энг қизиғи, ходиса соат 19:00 ларга яқин журналист ва тасвирчилар Қува тумани ҳокимлигига фуқаронинг ер масаласида қилган мурожаатини ўрганиш учун борган ва у ерда ҳокимият вакиллари билан учрашиб, мурожаатчининг муаммолари ҳақида суҳбат қуришган ва тасвирга олишган. Қува тумани ҳокимлиги биносини тарк этгандан сўнг Effect.uz оператори машинаси ойнаси синдирилиб ҳужум қилган, унинг кўзларига номаълум заҳарли газ сепилиб, хотирасига ҳокимиятдаги суҳбат сақланган видеокамера олиб кетилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан туман ИИБ ва прокуратураси билан ҳамкорликда тергов олди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Маълум бўлишича айни вақтда “номаълум шахслар” қўлга олинган ва у айни вақтда тергов қилинмоқда. Ҳокимият идорасидаги суҳбат туширилган камеранинг ўғирланиши ва журналистга тан жароҳати етказилишига алоқаси йўқлигини таъкидламоқда. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

ТЎҒРИ ТИЛИМ ТИЁЛМАДИМ, ТУҚҚАНИМ БИЛАН ТУРОЛМАДИМ…

Сир эмас, бундан ходисалар тез-тез юз бераётгани таҳликалидир. Бундан бироз олдин, Бутунжаҳон сўз эркинлиги куни ўша Фарғонанинг Учкўприк туманида «Маърифат» газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Мадраҳимовага журналистик фаолияти учун босим ўтказилгани ва икки соат давомида ички ишлар бўлимида ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, бу ижтимоий тармоқларда катта резонансни келтириб чиқарди. Ҳолбуки, биз шу кунларда Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича «Чегара билмас репортёрлар» рейтингида атиги 156 ўринга кўтарилганидан бироз норози бўлгандик, сўз эркинлиги бўйича катта ишлар қиляпмиз деб мағрур эдик. Бундан олдинроқ Тошкент вилоятида “HUMAN.UZ” сайти раҳбари Х.Далиевга босим ўтказилганди. Олдинроқ Андижонда масжид ёнида ароқ сотадиган дўкон очилгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар берган блогер О.Нуриддинов кўчада оғзи-бурни қон қилиб, калтаклаб кетилганди…

“Тўғри гап туққанингга ёқмас”, деган гап бор. Лекин бу жараённинг давлатимиз, мамлакатимиз ва халқимизнинг тақдирига алоқаси бор, ахир. Ўша Учкўприкдаги воқеада ҳам, 2020 йил 21 апрел куни Учкўприк тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «карантин вақтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани» ҳақидаги хабардан сўнг, журналист Шарифа Мадраҳимова асл ҳолатни ўрганиб, савдо шохобчасида ҳолатни кўради ва ўз телефонига тасвирга олмоқчи бўлади. Унинг сўзларига кўра: «Донаси 500 сўмдан деб нарх ёпиштириб қўйилган тухум олмоқчи бўлганимда, сотувчи ҳар бир одамга фақат 5 донадан сотилишини айтишди. Килограмми 42 минг сўмдан бўлган гўшт ўта сифатсиз бўлиб, сарғайиб уч-тўрт кун турди биров олмади. Чиришга келган картошканинг килоси 2500 сўм бўлиб, фойдаланишга ярайдиган эмас эди. Учкўприк деҳқон бозорида эса нарх наво-қиммат”.

Журналист ярмаркага бориб, ҳолатни телефонида видео ва фото тасвирга олаётганида ўзини «туман ҳокимлиги вакили», дея таништирган Ш. Мўйдинов келиб телефонини тортиб олади. Туман ҳокимлиги вакили ИИБ вакилини чақиради ва ИИБ ходими Шарифахон Мадраҳимовага шахсини аниқлаш учун ИИБга бориш кераклигини айтади. Ўша пайтда журналистнинг ёнида гувоҳномаси бўлмаган. Мадраҳимова туман ИИБга олиб борилади.

«ИИБга борганимиздан сўнг турмуш ўртоғим у ерга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан берилган гувоҳнома ва «Маърифат» газетаси мухбири эканим ҳақидаги ҳужжатларни олиб келди. Ҳужжатларни кўргач, ИИБ ходимлари гувоҳономаларда амал қилиш муддати йўқлиги, улар ҳақиқийлигини тасдиқлаш кераклигини айтишди. Мен вилоят журналистлари ижодий уюшмасига аъзолик гувоҳономаси бошқарувчи Муҳаммаджон Обидов томонидан берилгани, телефон қилиб аниқлик киритиш мумкинлигини айтдим. Ходимлар Муҳаммаджон Обидовга қўнғироқ қилишди. У киши эса «Гувоҳномани қачонлардир берганмиз. Бу ҳужжат ҳақиқий эмас. Қонуний чора, жазо кўраверинглар», деди. Хона кичик

бўлгани учун унинг овози бизга ҳам аниқ эштилиб турарди. ИИБ ходими «Мана Муҳаммаджон Обидов ҳужжат ҳақиқий эмаслигини тасдиқлади», деди. Ходим «Маърифат» газетаси гувоҳномасини кўриб эса, «Газетада ишласангиз, нега видеотасвирга олдингиз? Ҳаққингиз йўқ», дея яна сўроққа тутади. Шундан улар туман ҳокимига алоқага чиқишларини айтишади. Сўнг: «Сиз ярмаркани съёмка қилаётганингиздан ҳокимнинг хабари йўқ экан-ку?», – дейишади.

Биринчидан, журналистнинг ўрганиш объекти бўлган бозорлардаги аҳвол ҳаммамизга танишдир. «Арзон маҳсулотлар сотиладиган кўргазмалар» номига экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бозор иқтисоди шароитида бозорлар ва ҳокимиятларнинг ўзи ҳам буни мажбуран бажаради. Ҳар бозорнинг кираверишида текширувчилар кўриши учун безалган бу пештахтада сифатсиз маҳсулотлар териб қўйилади, чунки тадбиркор ўз зарарига сота олмайди. Авваллари “арзон гўшт” сотган қассобга ҳар килограми учун арзон озуқага талон бюериларди, яъни унинг зарари бюджетдан, яъни шу “арзон гўшт”ни олаётган одамлар тўлаган солиқдан қопланарди. Мамлакатда ҳаққоний бозор иқтисоди қарор топиши керак, кўзбўямачилик тугаши керак. Кўзбўямачилик сўзбўямачиликни истайди – бу ясама кўргазмани ҳаққоний деб ёзишларини истайди.

Иккинчидан, бозорда суратга олаётган журналистни ички ишлар бўлимига олиб бориш, унинг гувоҳномасини текшириш, бозорда ахборот олиш учун ҳужжат талаб қилиш, видеотасвир учун алоҳида ҳуқуқ сўраш ноқонуний, халқаро ҳуқуққа, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид ҳаракатлардир.

ЁЛҒОН АЙТИБ ФОЙДА КЎРСАНГ, ОХИРИ ЗАРАР ТОПАРСАН…

РОСТ АЙТИБ ЗАРАР КЎРСАНГ, ОХИРИ ФОЙДА ТОПАРСАН.

Ахборотни эркин излаш, олиш ва тарқатиш инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Халқаро ҳуқуқда ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддасида ҳам: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга”, – дейилган. Қонун талабининг ибтидосига эътибор беринг – “ҳар ким” дейилмоқда, фуқаро ҳам дейилмаган. Бу ҳуқуқ мамлакатдаги ҳар бир инсонга тааллуқлидир, нафақат фуқаро, журналист, вояга етган ёки ҳужжати бор одам, йўқ, ахборот ҳуқуқи барчага тааллуқлидир. Бозорда бола ҳам келиб ахборот олиши мумкин. Рухсат олиб суратга олинадиган макон мамлакатда учтадир, қамоқхонанинг, касалхонанинг худуди ва суд мажлисининг залидир. Уларда ҳам суратга олиш мумкин, фақат шу муассаса раҳбарининг рухсати билан мумкин. У раҳбарлар ҳам ман этса, буни асослашга мажбурдир, чунки ахборот ҳуқуқи фақат қонунда бўлган сабаб билан чекланиши мумкин, вассалом.

Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат ўлароқ, халқаро ҳуқуқнинг субьектидир. Бу мақом мамлакатимизга айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликда қабул қилинган умуммажбурий қонун-қоидаларига риоя қилиш масьулиятини ҳам юклайди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунларнинг деярли барчасида халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги таькидланган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг халқаро ҳуқуқий асослари сифатида «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси», «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга факультатив протокол»ни, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, ЕХҲК, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилот ва альянслар олдидаги мажбуриятларини, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан ахборот сиёсатига доир тузган битим ва шартномаларини келтириш мумкин. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида: «Ҳар бир инсон эьтиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эьтиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатьи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади», – дейилади. Худди шундай қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам келтирилади. Инсоннинг эьтиқод эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги инсонга туғилганиданоқ тегишли бўлган ҳуқуқи ҳисобланади. Шунинг учун модда: «Ҳар ким…» деган жумладан бошланади.

ҲАҚ ГАП ТОШ КЕСАР.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуотга доир сиёсати унинг очиқлик сиёсатининг ўзагидир. Давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш

, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб бериш талаб қилинади, сўраган одамнинг ўзини сўроққа тутиш, ушлаб кетиш, тазйиқ ўтказиш бу сиёсатга зид ҳаракатлардир.

ОАВ ва блогерлар бу янги сиёсатда беқиёс рол ўйнайди, улар фуқароларга ҳаққоний ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатади ва, айни пайтда, ҳаққоний аҳволни беркитишга уринадиган мансабдорларни намоён қилади.

Журналистлар барча поғонадаги давлат идоралари вакилларини ахборот соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчиликни ҳурмат қилишлари ва танқидни тўғри қабул қилишларини истайди. Ҳокимият вакиллари журналистлар ва блогерлардан, жамоат назорати субъектларига бўлган фуқароларга ва оммавий ахборот воситаларидан миннатдор бўлишлари керак, чунки улар жамиятдаги иллатларни фош этади, фуқароларнинг маълум муаммоларини ҳокимиятдагилар кўришларига, биргаликда бартараф этишларига имкон беради.

Мамлакатда коррупцияга, кўзбўямачиликларга, маъмурий-буйруқбозлик тизими ва иқтисодига, монополиялар ва бюрократияга қарши қаттиқ кураш бошланган ва бугунги вазиятдан фойдаланиб аста-секин бошини кўтараётган, сўз эркинлигини бўғиш, яна ҳаммаёқни гулзор этиб тасвирлашга уринаётган, ҳайбаракаллачилик соясида суиистеъмолчиликлар қилишга уринаётган эски тузумдан қолган иллатташирларга муроса қилиш мумкин эмас.

Хавотиримиз шунданки, журналистларга ва блогерларга бўлаётган босим ва қувғинлар шов-шув бўлган пайтида АИМК, Масс-медиани ривожлантириш Жамоат фонди каби давлат ва нодавлат ташкилотлар “умид қиламизки, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги бу масалани қонуний ҳал этади” деган мазмунда “муносабат” билдиради. Бош прокуратура ҳар гал “ҳолат юзачидан иш очилди ва назорат остига олинди” деган баёнотни беради… Кейин айбдор ё “узр” сўраб қутилади ё умуман иш ёпилиб кетади. Ходисалар эса такрорланаверади.

АЛАЛ-ОҚИБАТ…

Давлатимиз, халқимиз ва, жумладан, журналистлар ҳамда блогерлар бир нарсада қатъий якдил бўлишимиз керак – сўз эркинлиги бу фақат журналистларга керак бўладиган ходиса эмас, бу бутун жамиятга, давлатга, миллатга лозим бўлган ҳуқуқдир. Бу ростини гапириш, борини борича айтиш, тўғрини – тўғри, ўғрини – ўғри дея олиш ҳуқуқидир.

Сўз эркинлиги бўлмас экан, коррупция урчийди, бешикдан тогбутгача, яъни туғруқхонадан қабристонлар бошқармасигача порахўрлик, таъмагирлик авж олади. Ҳақиқатни айтадиган матбуотсиз давлат бюджети ёпиқ хизмат хоналарида ўтказилади, тўғонлар, саройлар, хонадонлар қуриш очиқ танлов ва тендерларсиз, ими-жимида таниш-билишларга топширилади, “ими-жимида” ажратишни ташкил этилгани учун маблағ нимталанади, оқибатда тўғонлар тупроқдан қурилади, иморатларга нархи осмон, ўзи арзон хомашёлар ишлатилади… Бир куни, қарабсизки, тўғон ўпирилади, иморат дарз кетади, “намунали уйлар”нинг томлари бир “намунали шамол”дан учиб кетади. Бу воқеаларнинг сабабларини ўрганмоқчи бўлган журналистлар яна босим остида қолади. Бу фожеанинг сабабчилари эмас, уларни кўтарган ҳақсўзларга жабр қилинади.

ДАРВОҚЕ…

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати борасида орқага қайтиш бўлмайди”, – дедилар. Қандайдир бир вирус ёки карантин назорати ё бирор-бир ҳокимият вакили инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, Президент берган кафолатларни бекор қила олмайди. Қонунчилик ўз кучида турибди.

Шубҳасиз, сўз эркинлиги фуқароларимиз, халқимизнинг инсоний ҳуқуқлари рўёбга чиқишининг ўзак кафолатидир, инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқини сўз орқали билади, сўз орқали ифода этади, сўз орқали ҳимоя қилади. Инсоннинг сўз эркинлиги бўғилар экан, унинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам амалга ошмайди. Матуботга ва унинг вакилларига муносабат – халққа, унинг инсонга хос бўлган сўзлаш ҳуқуқига муносабатдир, давлатнинг демократик экани ёки эмаслигининг бош кўрсаткичидир.

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси

Жамоатчилик кенгаши раиси