Захарова… заҳринг аччиқ экан-ку!?

2020-05-20T04:44:21+00:0020 May, 2020|Умумий янгиликлар|

Бўлар экан-ку она тили тақдири, қадр-қиммати учун курашса! Учинчи кун кузатяпман, шу вақтгача тил масаласи, ёзув, алифбо муаммоси кенг муҳокама этилган маҳалдаям миқ этмаган юзлаб дўстларимиз (ҳақиқий фидойи зиёлилар, миллат ойдинлари, адиблар бундан мустасно албатта) бир зарбадаёқ уйғониб кетди! Кеча куйинчак ижодкор Алишер Назар айб Захаровадамас, ўзимизда, деган мазмунда фикр айтувди. Тўппа тўғри, аввал ўзимиз ойнага қараб олайлик, ҳалиям Президентга раҳмат (буни хушомад деб тушунадиганларнинг виждонига ҳавола), аввал китобхонлик маданиятини юксалтириш, кейин эса она тилимизга эҳтиром сифатида анча эскирган, жиддий таҳрирга муҳтож қонунни атрофлича ишланидан кейингина (ҳалиям номукаммал жиҳатлари кўплигини унутмайлик), ниҳоят 21 октябрь – ўзбек тили байрами кунини нишонлаш тўғрисидаги қарор, фармонга имзо чекди. Демак, тилимиз халқ ва давлат ҳимоясида эканига заррача шубҳамиз йўқ. Не тонгки, тил қайғуси миллат қайғуси экан,  биз ҳар лаҳзада ҳушёрлик билан қандайдир Захаровалар қутқуси(бу, табиийки жуда пухта ўйланган ўзига хос «тактика» бўлмаса шундай катта бир давлатнинг хос мулозими баёнот бериб ўтирмасди) олдида эсанкираб қолмасдан, курашга отланган аскарлардек бирлашайлик. Бу кураш фақат расмий қоғозлардамас, аксинча амалда ижро этилсин энди.   Шоир Сирожиддин Рауф ЎзАдаги чиқишида таъкидлаганидек, мигрантлар ҳимояси бунга баҳона бўлолмайди ва асосийси, хорижга кетаётганларни ўқитиш, тил ўргатишга давлат ҳам қараб турмаслиги керак, Хитой ёки Корея тажрибасига қаранг. Ер шарининг қаерида яшашдан қатъи назар, шу мамлакат, халқ тилини ўрганиш, ўзлаштириш, ҳурмат қилиш инсонийлик белгиси, эҳтиром рамзи. Майли, мигрантми, талабами, Россияга боргач, рус тилини билмаса, у ёқда ёнбошлаб нон ейиши ёки илм олиши мумкин эмас. Бу бизга маломат қилинмасаям ўзимиз  яхши биламиз. ана кўринг, неча юзлаб ватандошларимиз дунёнинг қай бир бурчакларида нонини ҳалоллаб еб юрибди, нуфузли жойларда хизмат қилаяпти. Улар, аввало, тил билгани, дил билгани учун ҳам ана шундай ҳурмат, эъзозга сазовор бўлишмоқдалар, тўғрими? албатта олдимизда мураккаб ва катта вазифалар кўндаланг турибди: олиму фузалолар, ҳақиқий тил жонкуярлари бўлмиш устоз, мураббийларни ҳам қадрлайлик, уларнинг ташвиш ва хавотир ила ОАВларда билдираётган асосли фикрларига ҳам қўл силтамайлик (ҳукумат ҳузурида тузилган  агентлик, қолаверса, вазирлик, идоралар, ҳокимликлар қошидаги масъуллар зиммасидаги оғир ва залворли юкни тасаввур қилаверинг),  тил тақдири учун кураш эса абадий давом этажак!

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист