“Нолийдиганлар ҳамма вақт ҳам бўлар экан” Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод САЛИМОВ билан суҳбат

2020-05-11T08:34:48+00:0011 May, 2020|Умумий янгиликлар|

Маълумки, ҳеч кутилмаганда коронавирус пандемияси деган бир офат бутун дунёни ташвишга солди. Мазкур ўлатга қарши кураш борасида юртимизда ҳам қатъий карантин ҳолати жорий этилгани боис, кўпгина соҳаларда бўлгани сингари, матбуот нашрлариаксарият газета ва журналлар чоп этилиши ҳам вақтинча тўхтаб қолди. Касалланиш ҳолатлари камайгани, беморларнинг соғайиши ортиб бораётгани сабаб карантин талаблари бироз юмшатилди. Натижада босқичмабосқич ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқлар яна ўз измига тушаяпти, газеталар ҳам мана, чиқа бошлади.

Юқоридаги ҳолатлар, синовли кунлардан келиб чиқиб, мамлакат ОАВлари бундан кейинги фао­лиятида яна қандай ишларни амалга ошириши керак деб ҳисоблайсиз?

 

— Ҳақиқатан, бугун бутун жаҳон аҳлини, мана бир неча ойдирки, “Covid-19” вируси ташвишга солиб турибди. Қарийб дунёнинг барча давлатларида коронавирус инфекциясига қарши қатъий чоралар кўрилиб, кучайтирилган карантин тартиблари жорий этилган. Юртимизда ҳам бу борада бир қатор чекловлар ўрнатилиб, “кўринмас ёв”дан ҳимояланиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўз вақтида, тезкор  амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли ушбу касаллик бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг тарқалишининг олди олинди. Аммо бу хотиржамликка берилишимизга асло сабаб бўла олмайди. Биз, аввало ўзимизни ўзимиз яккалаш, яъни ҳимоялаш орқали оиламизни, қўни-қўшнимизни, бутун жамиятимизни хавфдан асрашимиз мумкин. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Албатта, манзил-макон, чегара, миллат ва касб-кор танламас ушбу вирус барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари, уларда фаолият олиб борувчи ижодий ва техник ходимлар учун ҳам бир синов бўлди. Карантин журналистика соҳаси вакилларининг муайян қисми уйда туриб ишлаши мумкинлигини тақоза этди. Шу билан бирга, ахборот технологиялари имкониятларидан етарлича фойдаланишни, техник жиҳатдан такомиллаштиришни ҳам янада пухтароқ ўргатди. Расмий веб-сайт, телеграм канал ва ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали газета ва журналларимизнинг ижодий жамоалари ўз ишини тўхтатмади ҳисоб. Ўз электрон шаклига эътибор қаратмаган айрим нашрларимиз эса бу борада бажариши зарур бўлган вазифаларини белгилаб олди, деб ўйлайман.

Пандемия радио ва теле журналистларимизга ҳам сабоқ бўлди. Улар Zoom каби иловалардан фойдаланган ҳолда ишхоналарига бормасдан эшиттириш, лавҳа ва кўрсатувлар тайёрлаш бўйича ўз тажрибаларини бойитмоқда. Бир сўз билан айтганда, оммавий ахборот воситалари ходимлари масофавий тарзда ишлаш, шу тартиб орқали мулоқот ва йиғилишларда иштирок этиш каби кўникмаларини мустаҳкамлаётир.

 — Карантин шароитида Уюшма қандай ишларни амалга оширди?

— Албатта, тасдиқланган йиллик режа, дастур ва “Йўл харита”лари асосида ишни давом эттираяпмиз. Бажарилган ишлар уюшманинг Journalist.uz веб-сайтида, ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб борилаяпти. Тўғри, пандемия сабаб масофавий ишлаш тартибига ўтганмиз. Афсуски, карантин туфайли кўп ишларимиз ортга сурилмоқда, уюшмамиз қошидаги кенгашлар фаолияти ҳам вақтинча тўхтаб турибди.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривож­лантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжатга илова қилинган ҳамда ишлаб чиқилган Дастурнинг 22-банди ижроси доирасида ўзбек журналистикаси антологиясини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар масофавий тартибда давом эттирилмоқда.

Ҳозирда ишчи гуруҳ иш режаси асосида мутахассис ва олимлар билан онлайн ҳамкорликда Ўзбекис­тон Миллий кутубхонаси ва “Маънавият” нашриётида сақланаётган маълумот ва материалларнинг электрон вариантларини олиш, материалларни танлаш ва уларни уюшма веб-сайтига жойлаштиришга тайёрлаш жараёни кетаяпти.

Шу билан бирга, Республика маънавият ва  тарғибот маркази, уюшмамиз ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ғалаба-75” бадиий-публицистик асарлар танловини ўтказиш билан боғлиқ юмушларда иштирок этаяпмиз.

Албатта, Уюшманинг Тошкент ва вилоятлардаги  вакиллари томонидан марказий ва ҳудудий ОАВларида  коронавирус пандемияси, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида рўй берган табиий офат, “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ синовлардан халқимиз мардонавор ўтаётгани, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан кўрилаётган тезкор ва кенг кўламли чора-тадбирларга бағишланган чиқишлар қилиниб, муносабатлар билдирмоқда.

Хусусан, уюшма раиси Саъдулла Ҳакимовнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 18 март сонида “Элдан дард кетгуси бирлашса улус”,  8 апрель сонида “Ҳаёт фидойи инсонлар қалби устида қурилади”, 3 май сонида “Халқимиз бу оғир кунларни мардона енгиб ўтади” сарлавҳали мақолалари чоп этилди. Шунингдек, “Ўзбе­кистон 24” телеканалининг 14 апрель, 3 май кунги кўрсатувларида чиқиш қилинди. Каминанинг “Ҳаёт бор экан, журналист фаолиятдан тўхтамайди”, Уюшма раиси ўринбосари в.б. М.Йўлдошеванинг «Биргаликда енгамиз» номли  мақолалари 6-7 апрель кунлари UzA.uz, Journalist.uz веб-сайт ҳамда  телеграм каналларида  эълон қилинди.

Шунингдек, ижодий кенгашлар, бошқарув аъзолари ҳамда ҳар бир журналистни фаол ижодий жараёнга жалб этиш борасида ташкилотчилик ишлари доимий олиб борилмоқда.

 

— Карантин сабабли “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун анъанавий халқаро танлови ҳам бу йил 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида  ўтказилмади. Буни ҳаммамиз тушунамиз, албатта. Аммо “Platforma.uz” ўз ижтимоий тармоғида яқинда “Олтин қалам” йўқ — журналистлар уюшмаси ҳам йўқ”, сарлавҳаси билан танқидий материал эълон қилинди. Лекин негадир бунга Уюшма муносабат билдирмади?

 

— Ҳақиқатан ҳам карантин туфайли, йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган, хорижлик ҳамкасбларимиз ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотаётган мазкур танловни бу йил ҳозирча ўтказа олганимиз йўқ. Таассуфки, қуёш чарақлаб турганда ҳатто ҳавонинг булутлигидан шикоят қилувчилар ҳамма даврда, ҳамма жойда учраб турар экан-да. Шарқнинг улуғ мутафаккири Саъдий Шерозий бундан саккиз аср муқаддам “Кўра-била лочинни қарға деб айтса бир бор, демак, унинг ўзининг кўзида нуқсони бор” деб ёзган экан. Ажабки, кўзида “нуқсони” бор қаламкашлар ҳозир ҳам йўқ эмас. Бундай нолийдиганлар ҳамма вақт ҳам бўлар экан.

Бўлмаса, халқимиз оғир синовларни бошдан кечираётган, ҳатто давлат миқёсидаги улкан тадбирларни ўтказмасликка қарор қилинган ҳозирги кунларда,  худди кеча ойдан тушиб қолгандай, “Бир йилда бир мартагина муҳим тадбир ўтказадиган ва фақат шу тадбир туфайлигина ўзининг борлигини оммага эслатиб турадиган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига бу йил 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан “Олтин қалам” танловини ўтказиш ҳам насиб қилмади”, дея киноя қилишни ўзларига раво кўрармиди?! Ачинарлиси, ушбу фикр муаллифи ўзининг “ҳусни-жамоли”ни кўрсатиб қўйгиси келмабди, уялибди, на исмини, на шарифини кўрсатибди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаб айтганидек: “Барчамиз бир нарсани унутмаслигимиз зарур, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа маконимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.

Миллий журналистикамиз майдони кенг — унга  ҳамма сиғади. Унда ҳамма оммавий ахборот воситаларининг ўз ўрни бор. Мақсадимиз эса бир: жамият ва халқ манфаати. Бинобарин,  ҳар бир ишда бўлганидек, оммага ахборот тақдим этиш, ОАВда материал эълон қилишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти ва  маданияти бор. Буни ҳар бир журналист, ҳар бир ОАВ, жумладан, “Platforma.uz”дагилар ҳам яхши билиши лозим.

Танқидий руҳда материал тайёрлашга ҳаракат қилаётган ушбу тармоқ вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Аммо танқид асосли, таҳлилга таянилиши, холис бўлиши зарур.

“Platforma.uz”нинг “Фонтамас”, яъни на юзи, исми-шарифи номаълум муаллифи ёзганидек, “бу касбни кўчада “хатм” қилган блогерлар бир-бирларининг ёқасидан олиб қийқиришиб”  ётсалар Уюшма югуриб бориб, орага тушадиган “даллол” ташкилот эмас.

Ташкилотимиз медиа-маконда муносабат билдирилиши лозим бўлган ҳолларда ўз позициясини маълум қилиб келмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 24 апрель куни «Маърифат» газетасининг Фарғонадаги мухбири Шарифа Мадраҳимова билан боғлиқ ҳолатга Уюшма қошида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши раиси К.Баҳриев томонидан   муносабат билдирилди. “Газета.уз” сайтини РТМ судга берганда Жамоатчилик кенгаши аъзосининг эксперт хулосасини чоп этдик ва сайт судда ютиб чиқди. Уюшма ишлаяпти, аммо бажарган ҳар бир ишини ноғора қилиб, жар солиб айтаётгани йўқ.

Мабодо фаолиятимизга қизиқувчилар бўлса, Уюшмага оид маълумот ва ахборот бериш учун ҳамиша очиқмиз. Қайси бир ОАВ вакили бирон-бир муаммо билан мурожаат қилган бўлса, вақтида жавоб олган, бундан кейин ҳам ушбу тамойил амал қилади.

— Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси яқин вақт ичида яна қандай вазифаларни амалга оширишни режалаштирмоқда?

— Карантин туфайли жорий йилги иш режамизга бир қатор ўзгартиришлар киритишга тўғри келди. Айрим ишларимизни белгиланган вақтларда эмас, йилнинг иккинчи ярмида амалга оширишни режалаштирдик. Ҳадемай, журналистика антологияси бўйича тўпланаётган материалларни веб-сайтимизга жойлаштиришга киришамиз. Сайтимизнинг техник имкониятларини кенгайтириш, унда янги бўлимлар очиш ниятимиз бор. Йил охиригача “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” лойиҳаси асосида замонамиз қаҳрамонлари ҳақида ёзилаётган бадиий-публицистик мақолаларни тўплам ҳолида нашр қилиш белгиланган.

Долзарб мавзуларда турли тадбирлар — конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш, журналистларимизни ислоҳотлар жараёни билан бевосита таништириш мақсадида жойларга медиа-турлар ташкил этиш, ўткир қалам соҳиблари тўғрисида материаллар тайёрлаш учун Уюшма ҳисобидан хизмат сафарларига юбориш ишлари давом эттирилади.

Журналист кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни давом эттириш, “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, ОАВ вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг шаъни ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уюшма аъзолари, фахрий ва эҳтиёжманд журналистларни моддий ҳамда  маънавий қўллаб-қувватлаш, юртимиз ОАВ ижодий ва техник ходимлари касб маҳоратини ошириш, жамият ҳаётида фикрлар хилма-хиллиги, турлича қараш ва ёндашувларга кенг йўл очилишига кўмаклашиш масаласи ҳам эътиборимизда бўлади.

Яна бир муҳим ишларимиздан бири бу – Уюшмага янги аъзоларни қабул қилишни бошлаймиз. Бунга тайёргарлик анча олдин бошланган эди. Барча ташкилий юмушлар якунига етказилмоқда.

Суҳбатни “Hurriyat” мухбири

Ю.ХУДОЙҚУЛОВ ёзиб олди.