РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда 896 фуқаро коронавирус касаллигига чалинган, 12 беморнинг аҳволи оғир

2020-04-13T11:47:36+00:0013 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 896 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 97 беморнинг 30 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 6 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 104 бемордан 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳурматли юртдошлар!

Мамлакатимизда коронавирус касаллигига чалинганларни даволаш бўйича самарали ишлар амалга ошириляпти. Шу пайтга қадар 66 бемор соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Бу каби тадбирлар давом этади, деган умиддамиз. Бир жиҳатни ёдингизга солмоқчиман: ҳозирда 80 мингдан кўпроқ фуқаро тиббий кузатув остига олинган. Улардан олинган намуналар Вирусология лабораторияларида текширилиб турибди.
Лекин биз хотиржамликка берилишимиз керак эмас. Касаллик кун сайин ортиб бораётганини кузатиб турибсиз. Демак, сизга кўчага чиқмаслик, уйда қолиш тавсия этилади. Қандайдир зарурат юзасидан кўчага чиқиб, мулоқот қилсангиз масофани сақланг. Прокуратура ходимларининг тавсиясига кўра, ким билан мулоқотда бўлганингизни ёзиб боринг. Бу билан сиз мутахассисларга касаллик тарқалганлик даражасини аниқлашда кўмаклашган бўласиз.
Коронавирусга қарши курашишга жалб қилинган барча соҳа мутахассислари меҳнатини қадрлайлик! Қачонки, карантин тадбирларига сўзсиз итоат қилар эканмиз, вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин бўлади. 

ЎзА