Ҳамма нарса ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ

2020-04-11T10:15:15+00:0011 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Мулоҳаза фикри бор инсонга, мушоҳада илми бор инсонга, мурожаат эса фикри, илми, энг муҳими, ишончи бор инсонга хос. Мурожаат тасодифий эмас, у зарурий эҳтиёждан келиб чиқади. Унда эзгуликка чорлов, бирон мақсад ва вазифаларни астойдил бажаришга даъват чақириғи бўлади. Мамлакат равнақи ва халқ фаровонлиги учун қилинган ва амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар Давлат раҳбарининг мурожаати орқали моҳият касб этади. Таҳликали пайтда қилинган мурожаат фуқаролик бурчини ҳис этган, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган инсонни бефарқ қолдирмайди.

Бунинг бирдан бир талаб-у тақозоси Президент ғояларига садоқат ва уларнинг атрофида жипслашишдир. Ҳар қандай шароитда, оғир, синовли дамларда аҳиллик ва ҳамжиҳатликкина ғалабага етаклаган, инсониятнинг зафар қучишига боис бўлган. Демак, бирдамлик, бардамлик ва қатъий ишонч ғолиблик нишони. Бефарқлик ва бошбошдоқлик, ўзбошимчалик ва ўринсиз ваҳима, саросимага тушиш таназзулга мезон.

Шундай экан, ҳамма бир-бирига масъул, ота-она ўзининг келажаги бўлган фарзандларига қай даражада жавобгар бўлгани сингари фарзандлар ҳам ўз ота-онаси ва таълим берувчи устозлари саломатлигига масъулдирлар. Бугун жамиятимизнинг жипслиги ва якдиллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун деган нақлнинг мазмун-моҳиятини ҳис этмаслик, асло мумкин эмас. Президентимиз атрофида жипслашиш ва уларнинг кўрсатма ҳамда тавсияларига биноан иш тутиш ёруғ кунлар ва порлоқ истиқбол сари ишончли йўлдир.

Президентимизнинг уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга қилган мурожаати ҳаракатимиз ва мақсадимизнинг маёғи десак муболаға бўлмайди. Унда эътиборимиз қаратилиши, билиш ва амал қилишимизга асос бўлувчи йўл йўриқлар бор. Ота-оналарнинг фарзандларига, устозлар талабаларига қандай йўсинда масъулликларини Президентимизнинг яқиндаги мурожаатномасидаги талаблар барчамизнинг илму амалимизга дахлдордир.

ВАҚТИНГИЗНИ БЕКОР ЎТКАЗМАНГ!

Инсон дарди вақт қадри билан белгиланиши аниқ. Чунки у ҳар дамга, ҳар қадамга масъул бўлсагина бирон сония ва дақиқани бекор ўтказмайди. Коронавирус пандемияси биз учун қайсидир маънода вақт қадрига етиш учун ҳам синовдир. Уйда қолиш, китоб мутолааси билан машғул бўлиш, оилавий машғулотлар вақтдан оқилона фойдаланишнинг калити. Ушбу халқнинг нақли бежиз айтилмаган. Бекордан тангри безор. Уйда бекор ўтириш вақтни беҳуда сарфлаш вақт қадрига етмасликдир. Уйда қолиш шунчаки бекорчилик учун эмас, балки, уйда ишлаш учун имкон бўлишини ҳамма идрок этиши зарур. Лекин афсуски, баъзи бировлар тожли вирус офатини онқадар ҳис этаётгани йўқ. Гарчи хорижда ўлим хавфи қутқу солаётган, телевидение орқали мудҳиш хабарларнинг гувоҳи бўлаётган бўлса-да, айримларнинг парвойи палак. Минг насиҳатдан кўра бир мусибат афзал бўлса ҳам кўзи очилмаяпти айримларнинг.

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечираётган айни пайтда мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётгани сир эмас. Айри дамда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинди. Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди.

Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади. Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу иллатга чалинганларнинг айримлари шифо топиб ўз оилаларига қайтганлари ҳам рост. Буларнинг ҳаммаси ҳар қандай ҳолатда ҳам коронавирус пандемияси бизга панд бера олмаслиги, Президентимиз раҳбарлигидаги халқ ишончининг тантанаси муқаррарлигининг исботидир.

ОНЛАЙН ДАРСЛАРНИ ҚУНТ БИЛАН ЎЗЛАШТИРИНГ

Таълимга эътибор бир сония бўлса-да, сусаймаслигини инобатга олган Президент бу борада ҳам якдиллик ва ҳамжиҳатликни маънавий қурол деб билдилар. Саккиз миллион уч юз минг талаба ёшларни уйларига кузатиш, уларни таълимдан четлатиш эмас, балки илм-фанга икки-уч баробар эътиборларини кучайтириш ва уларнинг саломатлигини ўйлаш талабидандир. Онлайн тарзидаги видеодарс, теледарслар орқали таълим ҳам ана шу ният ва ҳаракатнинг амалдаги ифодасидир.

Талабаларга навбатдан ташқари таътил берилганлиги муносабати билан уларнинг билим олишлари учун масофавий таълим дастури жорий этилганидан хабардорсиз.

Турли фанлардан видеодарслар, ўқув адабиётлари, ўқув-услубий мажмуалар, мустақил таълим топшириқлари, мавзулар бўйича тақдимотлар, видеолавҳалар, масалалар тўплами, тест ва назорат саволлари каби вазифа ва топшириқлар малакали профессор-ўқитувчилари томонидан жойлаштириб борилаётганини, улардан талаба ёшлар қай даражада фойдаланаётганининг назорати масаласи ота-оналарга ҳам устозларга ҳам баб-баравар тааллуқлидир. Профессор-ўқитувчилар талабалар билан турли масофавий кўринишларда, жумладан, телеграм каналлари ва бошқа тизимлар орқали мулоқотга киришиб, тегишли мавзулар бўйича талабаларга on-line тарзда маслаҳатлар бериб бормоқдалар. Талабаларга телеграм каналига кириш ва ундаги манбалардан фойдаланиш тўғрисида видео йўриқнома орқали тегишли кўрсатмалар берилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлаяпти.

Шунингдек, барча фанлардан тестлар базаси шакллантирилгани ва телеграм канали орқали мунтазам равишда талабаларга етказиб борилаётгани аҳамиятлидир.

Энди мақсад Президентимиз талаб этаётганларидек, фанларни чуқур ўзлаштириш, қунт билан ўрганишдир. Талаба-ёшлар фурсатни бой бермасдан, ўз устида ишлаши, устозлар томонидан жойлаштирилган ўқув-режа дастурларини тўла эгаллашлари шарт. Ана шундагина улар замонавий ахборот-компьютер технологияларининг, илм-фаннинг, рақамли иқтисодиёт тизимининг моҳиятини англаб етган бўлади.

КИТОБ ЎҚИНГ, БИЛИМИНГИЗНИ ОШИРИНГ

Тафаккур хазинаси, билим булоғи бўлган китобсеварликка, китобхонлик маданиятига эътиборнинг кучайтирилиши борасида Президентимизнинг бир неча фармон ва қарорлар қабул қилганларидан воқифмиз. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқлиги ҳақидаги давлат раҳбарининг ўгитлари доимо ёдда туриши зарур. Чунки, инсон нимага эришмоқчи бўлса, китобдан олинган билим, эгалланган илм, ўзлаштирилган малака, ҳосил қилинган кўникма орқали эришиши айни ҳақиқат. Карантин тугагунга қадар бўлган муддатни талаба ёшларимиз, ҳатто педагогларимиз ҳам маънавият озиғи бўлган китоб мутолаасига шўнғиши, турли йўсиндаги бадиий, илмий, тарихий мавзудаги асарларни ўқиш учун яратилган шароит сифатида тушунишлари мақсадга мувофиқ. Маънавият озиғи бўлган китоб барча дардларга дармон, содиқ дўст, тун-у кун ҳамроҳ бўла оладиган қудратли куч, мадор дориси. Ўқишдан мақсад уқиш, мутолаадан мақсад мушоҳада. Мушоҳадасиз мутолаа, ташхиссиз муолажага ўхшайди. Шунинг учун ҳам вақт, билим, китоб қадрига етган инсон қандай шароитда бўлмасин, илм олишга талпинади, изланади, имкон топади.

БАДАНТАРБИЯ ВА ЖИСМОНИЙ МАШҚЛАРНИ ҚОЛДИРИНГ

Президентимиз халққа мурожаатномасида ўзлари томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг кучига ишора қилганларини сезиш ҳам қийин эмас. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлодгина юрт келажагига таянч бўла олади. Шундай экан, жисмонан соғломлик мезони бадан тарбия қилиш билан. Уни бир кун ҳам қолдирмаслик заруриятини эътироф этган Президент кўчада эмас, балки уйда ҳам машқ қилиш орқали бунга эришиш мумкинлигини уқтираётганлари рост.

Шундай экан, ягона мақсад коронавирус тарқаб кетмаслиги учун барча чораларни кўраётган, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлаётган, касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало, ўзимизнинг масъуллигимизни уқтираётган Президентимиз атрофида жипс ва ҳамжиҳат бўлишимиз. Бундан бошқа йўл йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Таълим йўналишида ушбу уч тоифанинг масъуллиги ниҳоятда муҳим.

– Талаба ўзининг илм талабгори эканини, ўз соҳаси нуқтаи назаридан муайян касб эгаси бўлиб эл-юртнинг корига ярашини ҳис этсин. Яратилаётган имкониятлардан уй шароитида бўлса-да, унумли фойдалансин. Ўзини келажак бунёдкори, Президент ғояларига камарбаста эканини доимо идрок этиб яшаши, интилиши, изланиши шарт.

– Ота-оналар фарзандларининг тарбиясига масъул эканини, у жамият учун қандай фарзанд ўстираётганини билиши, бу борада, яъни, назорат этишда профессор-ўқитувчиларга қўшқанот ва фарзандларига ибрат бўлишлари керак. Чунки, фарзанд олаётган тарбиясига қараб ота-она учун ё жазо, ё мукофотдир. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Ота-оналар маҳалла билан ҳаммаслакликда иш тутиши керак. Фарзандларига бунинг оқибатини тушунтириши, халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши борасида тушунчалар бериши шарт. Мулоқот ва муносабатлар жараёнида мутахассислар таъкидлаган “япон феномени”ни қўллашни ўргатишлари керак.

– Профессор -ўқитувчилар фақат аудиторияда эмас, балки таълим беришнинг турли замонавий технологияларини чуқур эгаллашлари асносида шогирдларига ўрнак ва намуна бўла олишлари талаб этилади. Ўз устида ишлаши, соҳаси, фани нуқтаи назаридан янгиликлардан бохабар бўлиб кенг қамровли билимга эга бўлишлари талаб этилади.

Жамиятнинг истиқболи, мамлакатимиз равнақи бугун фарзандларимизга берилаётган таълим-тарбиянинг самараси ва сифати билан боғлиқлигини учала тоифа ҳам чуқур англаши, ҳис этиши керак. Улар бу борада Президент ғояларига содиқ ва собитқадам бўлиши зарур. Бу замон талаби, макон тақозосидир. Чунки, бу синовли даврдан ёруғ юз билан ўтишимизга ишончимиз комил, имконимиз бор. Президентимизнинг “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир Ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.” деган мулоҳазалари бизга маёқ, қалбимизга чироқ бўлиши шарт.

Юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзимиз, миллий урф-одатларимиз бу касалликни енгишга имкон яратади. Қолаверса диагностика, даволаш, карантин ишларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилаётгани ҳам муҳим. Жанубий Кореядан малакали шифокорлар келиб, беморларни даволашда қатнашаётгани, бир гуруҳ хитойлик мутахассисларнинг ҳам етиб келиши, врачларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб, кундалик тажриба алмашаётгани имкониятларимиз чексизлигини билдиради. Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бераётганини эътироф этиш ўринлидир. Касалликка чалинганларнинг аксарияти 30 дан зиёди тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилгани бунга мисолдир. Коронавирус бир бало — Бўлмаймиз унга мубтало! Бу институтимиз талабаларининг шиорига айланган десак, муболаға эмас. Уларнинг аксарияти мунтазам равишда интернет тармоқлари, телеграм каналлари орқали биз билан алоқада. Бунинг исботини бизга юборилган ушбу видеолавҳалари орқали ҳам англаб олиш қийин эмас.

Раҳимбой Жуманиёзов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Матбуот хизмати раҳбари, доцент

ЎзА