Уйдаги одам ўйлари…

2020-04-09T21:25:02+00:009 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Баҳор байрамлар фасли, яшнаш-яшариш палласи, кўзлар, кўнгиллар қувонадиган маҳал. Кўкламни ана шундай таърифлаймиз, ана шундай ардоқлаймиз.

Бироқ бу йил арзанда баҳор анчайин серташвиш, серхавотир келди. Эл бошига иш тушди. Табиат гул-гул яшнаётган, нозу карашма билан ясаниб қучоғига чорлаётган айни дамларда тоқатимизга тоқат тилаб уйда ўтирибмиз. Ташқарига чиқиш йўқ. Ихтиёрий-мажбурий равишда шуни танладик. Ҳаммаси коронавирус деган балои азим касридан. Бу иллат қайдан пайдо бўлди, билмадим, лекин ҳаммани бесаранжом, бесаришта қилди.

Аммо пандемия туфайли тала-тўпга дуч бўлган дунёнинг не-не оти улуғ мамлакатлари билан солиштирганда, бизда аҳвол анча тузук, вазият анча осойишта эканини пайқаймиз. Ҳар тугул, шу ҳам кўнгилларга таскин беради. Аммо бу афзаллик, бу осойишталик ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ. Ҳаммасининг замирида Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг халқ саломатлиги, юрт омонлиги йўлида юритаётган оқилона сиёсати, беҳаловат югуриб-елишлари, қўллаётган амалий чора-тадбирлари ётибди. Қай бирини айтамиз? Фидойи, жасур шифокорларимизга кўрсатилаётган эъзоз-эътиборними? Ёхуд ҳозирги машаққатли вазиятда аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар ҳақида сўзлаймизми? Менимча, булар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Матбуот, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали халқ ҳаммасидан хабардор. Куну тун эл ғамида, юрт ташвишида оёқда турган раҳбариятдан барча миннатдор. Имкон топилса, ҳамма камарбаста бўлишга шай.

“Ваҳимага берилманг, хавотирга тушманг, уйда қолинг!” Мана шу даъват телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни, ҳар соат бот-бот такрорланади. Биз ваҳимага тушмаймиз, лекин ўзимизнинг, бола-чақамизнинг, қавму қариндошнинг соғ-саломатлиги учун қайғурамиз, юрт омонлиги, унинг эртаси, келажаги борасида ташвишланамиз.

Бу бизни тартиб-интизомга қатъий амал қилишга ундайди. Уйдан чиқмай офатга қарши курашаётганлар сафида бўлишга, уларга имкон қадар кўмаклашишга чорлайди. Тўғри, ҳеч нарсадан чўчимайдиган, нописанд, таптортмас нусхалар ҳам бор. Уларнинг қилмиши, дунёқараши менимча, коронавирусдан ҳам хатарлироқ. Бу тоифадаги каслар танг вазиятдан фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотларини уч-тўрт баробар қимматига сотиш пайида. Энг ёмони, қорин қутқусига учган, касалликдан кўра очликдан ўлишдан қўрққан нодон оломон тўс-тўполон, фитна-фасод билан уларнинг савдосини гуллатади. Имону эътиқодни, миллий қадриятларни бир пулга олмайдиган яна бир қавм борки, улар ҳамма офат билан курашга чалғиб турган маҳал очиқдан-очиқ халқимизнинг маънавий дунёсига тажовуз қилишади. Бир пайтлар кенг жамоатчилик томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлган, оқибатда, намойиши тақиқлаб қўйилган “Севги изтироблари” каби беҳаё, бузуқ сериаллар, турли-туман саёз-сийқа масхарабозликлар яна телеэкранларга қайтгани фикримизнинг якқол далилидир.

Тағин бир мулоҳаза шуки, менимча бугун, ҳукуматимиз айнан пандемия билан курашишдан кўра, тартиб-интизомни сақлашга кўпроқ куч, маблағ сарфлашга мажбур бўлаяпти. Қаранг, қисқа бир вақт ичида 30 мингга яқин фуқаро карантин режимини бузган, 400 бора карантиндан қочиш ҳолатлари қайд этилган, 200 га яқин кўнгилочар томошалар уюштириш, тўй-маросимлар ўтказиш ҳолатларига йўл қўйилган. Автомабилда юриш учун стикер олиш илинжидаги не-не алдам-қалдам, зўравонлик каби нохушликларни айтмайсизми? Ахир, эл бошига иш тушиб турган дамларда бундай нописандликни, лоқайдликни, хотиржамликни қандай тушиниш мумкин? Уларга қарши курашишга, тартиб сақлашга қанчадан қанча раҳбарлар, ходимлар, асосий вазифадан чалғиб, ўз диққат-эътиборларини, вақтини жалб этишган. Аслида, улар ҳам тирик жон, уларга ҳам касаллик юқиши мумкин, шунинг учун ҳам уйида ўтириши лозим. Минг афсуски, жоҳил, бугунги талабни тўғри тушуниб етмаган тўдалар билан қувлашиб юришга маҳкумлар. Шу ўринда андаккина нимтабассум улашадиган ҳангома ёдга тушади.

Буюк фаранг олими Блез Паскаль ноёб бир кашфиёт устида дунёларни унутиб ишлаётган кезлари менга ўхшаш бир шилқим, маҳмадона шогирди тез-тез ҳузурига келиб, ҳар хил олди-қочдилардан вайсаб, кетар чоғи, устоз, бизга хизмат йўқми, тортинмай айтаверинг, қандай ёрдам кўрсатай, деб эзмалик қилар экан. Бир куни диққат- эътибори чалғиганидан, вақти беҳуда совурилганидан ранжиган олим, халақит бермай турсанг бас, шунинг ўзи менга катта ёрдам, дея сўровларига жавоб берибди.

Шу ибратли ҳикоят хаёлимдан ўтаркан, мен ҳам бугунги қатъий интизомни бузаётганларга қарата, эй, азизлар, эл ташвишига шерик бўлмас, кўмак бермас экансиз, ҳеч қурса, халақит берманг, деб ҳайқиргим келади. Аммо масъулиятни чуқур ҳис этмаган, на офатдан, на қонундан қўрқадиган бундай одамлар, менга қулоқ солармиди? Насиб этса, эрта-индин пандемия балосидан қутулармиз, лекин жоҳиллик, очкўзлик, нодонлик иллатларига қачон барҳам бера оламиз?

Ҳа, сўзим аввалида айтганимдек, баҳор байрамлар фасли. Жумладан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлаш ниятидамиз. Ўйлайманки, умид қиламанки, ишонаманки, хавотирлар, ваҳималар ичида яна жипслашиб, янада кучайиб пандемия деган кўзга кўринмас ёвни енгамиз ва галдаги жаҳон урушига якун ясаб, ўша кунларга музаффар ҳолда етиб борамиз. Иншооллаҳ!

Луқмон Бўрихон,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 ЎзА