Шоирини излаган подшоҳ

2020-04-09T21:12:55+00:009 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Амир Темур мулозимларига қарата шундай деган экан: “Ўз шоирини излаб юрган подшоҳнинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир. Менинг шу сўзларим ёдингизда бўлсин”.

БУНИ ТАКРОР ЎҚИШ КЕРАК

Алишер Навоий ҳазратларининг машҳур сўзларини ташлаб кетиб бўладими?! Мен айнан шу ўринда у зотнинг “Мажолис ун-нафоис” асарига биргаликда мурожаат қилишни истадим:

“Ҳоқони жаҳонгири Соҳибқирон, яъни (Амир) Темур Кўрагон, агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқиғони минг байт айтғонча бор…”.

ТАФАККУР ДЕНГИЗИ

Ибн Арабшоҳ бу зотнинг ниҳоятда зукко ва тенгсиз шахс бўлганини баён этаркан,“(Амир) Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали киши бўлиб, тафаккур денгизиининг қаъри йўқ ва тадбири тоғига на текислигу, на ғадир-будир йўллар орқали етиб бориш мумкин”, деган эди.

Париж миллий музейидаги қўлёзмадан:

“Темурбек форс, араб тилларини яхши билади. Қуръон илми ва ислом ҳуқуқида шу қадар кучли олимки, ҳеч бир донишманд у билан мунозара қилишга қодир эмас. У олим ва шоирларга катта ҳурмат билан қарайди. Бунинг сабаби шундаки, унинг ўзи олим ва донишманддир”.

Тўлқин ҲАЙИТнинг 

“Амир Темур хазинаси” китобидан