Ҳаёт фидойи инсонлар қалби устида қурилади

2020-04-08T09:54:07+00:008 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун ҳар бир инсон миллат, Ватан тақдирига масъул

Саъдулла ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Бутун дунёни коронавирус балоси ларзага солган, не-не қудратли давлатларни ҳам шошириб қўйган бугунги таҳликали кунларда ҳар қандай инсон беихтиёр ҳаёт маъноси, умр мазмуни ҳақида, ўзининг жамият, эл-юрт олдидаги масъулияти борасида чуқур ўйга толади: биз поёни йўқ деб ўйлаган дунё, не ажабки, каталак ҳовлидай тор экан.

Пандемиянинг мамлакатимизга кириб келиши бутун элимизга катта синов бўлди. Энг муҳими, ўз вақтида чоралар кўрилмоқда. Президентимиз ярим ой ичида халқимизга уч марта мурожаат қилди. Пандемиянинг олдини олиш ва унга ­қарши кураш бўйича стратегик режа қабул қилинди. Ҳудудларнинг хусусиятлари ҳисобга олиниб, пандемияга қарши курашнинг самарали тизими яратилди. Умумий мақсад аниқланди — қатъият билан коронавирус тарқалишининг олдини олиш. Бунинг аҳамияти шундаки, бутун мамлакат  пандемияга қарши курашда ягона режага қатъий амал қилиши зарур. Ушбу йўналишдаги асосий жиҳатлар инфекция манбасини назорат қилиш ва унинг тарқалиш йўлларини ёпишдир. Бош мақсад — эпидемиологик вазиятни жиловлаш, ­аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш. ­Дунёнинг бирор мамлакатида бундай кенг кўламли тадбирлар қабул қилинганини ҳали эшитганимиз йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир инсон ­тақдири ҳақида қайғуриб айтган оташин сўзлари барчамизнинг юрагимизга олов солмоқда:  “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз”.

Аслида ҳам шундай. Интизомли инсон ҳаётда ҳамиша кўп нарсаларга эришади. Интизомли миллат эса буюк мақсадларга қодир. Биз ҳамиша улуғ мақсадлар, эзгу ниятлар билан яшаган ва бунга эришган халқмиз. Бугун ҳар бир инсон зиммасига нафақат ўзини, балки бутун миллатни асраш масъулияти тушмоқда. Бу синовли кунларда кўринмас душманга қарши курашаётган шифокорларимиз, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажариш ҳар биримиз учун ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз саломатлиги йўлида қилинган энг яхши ишимиз ва инсонийлик бурчимиздир.

Айрим юртдошларимизнинг сабрсизлиги, ­карантин қоидаларини бузаётгани кўнгилни хира қилади, албатта. Жумладан, мамлакат бўйлаб 22 мингдан ортиқ ҳолатда карантин қоидалари бузилгани, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетгани, айрим масъулиятсиз шахслар
24 та турли оммавий маросим ўтказгани кишини таажжубга солади.

Давлат раҳбари, ҳукуматимиз қийин шароитда маблағ топиб, барча шарт-­шароитларни яратиб берса, қўллаб-қувватлаб турса-ю, кимдир карантинга амал қилмай, қочиб кетса… Бу нима — нодонликми, бефаҳмликми? Худо кўрсатмасин, сездирмай илашиб олган бу бало ота-онангга юқса нима бўлади? Асалдай ширин фарзандларингни ўйламайсанми? ­Қўни-қўшниларингнинг аҳволи нима кечади? Карантинга кириш ё уйда қолиш орқали сен нафақат ўз ҳаётингни, балки яқинларинг ҳаётини ҳам асраб қолишинг мумкинлигини тушуниш, англаш шунча қийинми? Ахир, бу ўйланмай босилган ­қадам қанча-қанча одам ҳаётини хавф ­остига қўйиши мумкин.

Табиийки, бундай нохуш ҳолатлар маҳаллалар, давлат ва жамоат ташкилотлари, зиёлилар, журналист ва ижодкорлар бу борада янада фаол ва таъсирчан тарғибот ишларини амалга оширишимиз зарурлигини англатади. Бир нарсани ёдда тутайлик: карантин талабларига қанча қатъий риоя этсак, пандемия балоси юртимиздан шунча тез кўтарилади.

Пандемиянинг хавфли жиҳати шуки, у билан яккама-якка жанг қилиб бўлмайди, уни қилич сермаб, милтиқ ўқталиб, замбаракдан тўп отиб даф этишнинг имкони йўқ. Уйда қолиш энг мақбул чора экани боис, бутун дунё уйга кирди: жисмоний ва маънавий гигиенага амал қилиш, вужуд ва қалбни поклаш учун; мураккаб вазиятдан ёруғ юз билан чиқиб кетиш учун; ота-оналар фарзандларининг бахту саодатини яна узоқ йиллар кўриб юришлари учун; болалар эса яна узоқ йиллар ота-оналарининг дуоларини олиб юришлари учун.

Куни кеча “Евроньюс” телеканалида бир лавҳа берилди: журналистлар иш жойлари, компьютерлари ва бошқа хизмат ускуналарини антисептик воситалар билан яна бир марта обдон тозалаб, сўнг ишга киришди. Лавҳа якуни ҳам эътиборли: ОАВ бундай вазиятда жим туришга ҳаққи йўқ, у карантин шароитида ҳам ҳар куни ишда.

Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг аксарият ходимлари ҳам бугунги оғир кунларда шифокорлар ва бошқа фидойи касб соҳиблари қатори хизмат жойида. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, шифохона ва бошқа объектлардан кўрсатув ва эшиттириш, репортажлар ва мақолалар тайёрлаётир. Энг сўнгги янгиликлардан бохабар этишмоқда.

Ҳаёт фидойи инсонлар қалби устига қурилган. Элу юртнинг ризқу насибасини ўйлаб, далаларга барака уруғини сочаётган деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз, ишлаб чиқарувчилар, ҳокимликлар ва қатор масъул ташкилотлар меҳнати, юрт учун, халқ учун камарбаста бўлаётган саховатпеша юртдошларимиз ҳиммати одамларимизга руҳ ва мадад бермоқда. Бугун ҳар бир инсон миллат, Ватан тақдирига масъул. Бугун нима талаб этилаётган бўлса, шуни тўғри ва ҳалол адо этиш биринчи галдаги вазифамиздир:

Бу дунё деганлари каталакдай тор экан,

Одамлар бир-бировин кўмагига зор экан.

Ватандай улуғ уйдан кўтарилгай дарду ғам,

Болам деб қайғургувчи ғамхўр ота бор экан!