“Жаҳон адабиёти” журнали танлови: Пандемияни илм ва интизом билан енгамиз

2020-04-07T17:42:51+00:007 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар|

Коронавирус хуружи боис инсоният Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир кулфатга дучор бўлиб турибди. Кўрилган ва кўрилаётган қатъий чораларга қарамай, дунёнинг етакчи мамлакатларида касалликка чалинаётганларнинг сони ошиб бормоқда.

Олимлар, мутахассислар, айниқса, шифокорлар одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кўринмас ёв билан тенгсиз жангга киришган. Бу курашда ғолиб чиқишимиз ҳар биримизнинг юзага келган бугунги мураккаб вазиятни тўғри ҳис этиб, давлатимиз раҳбарининг мурожаатларида айтилган талабларга сўзсиз риоя қилишимиз, белгиланган вақтинчалик қоидаларни бузмаслигимиз, ўзимизни, оила аъзоларимизни, нуроний отахон-онахонларни, азиз фарзандларимизни вирус хуружидан сақлаб қолишимиз зарур. Бунинг учун, шубҳасиз, уйда қолишимиз, мақсадсиз кўчага чиқмаслигимиз, айни чоғда, уйда ўтадиган вақтимизни беҳуда ўтказмаслигимиз керак.

Уйда қолиш эртадан кечгача ёстиққа ёнбошлаб ётиш, дегани эмас. Оила аъзолари билан мулоқот қилиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, набираларга эртак китоблар ўқиб бериш, жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара асарларини мутолаа қилиш, ижодкорлик билан шуғулланиш, янги асарлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни кузатиб бориш ҳам ижтимоий фаолликка киради.

Шу муносабат билан “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти уйда қолаётган китобхонлар – олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, ёш педагог ва мураббийлар ўртасида “Пандемияни илм ва интизом билан енгамиз” шиори остида махсус танлов эълон қилади.

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар қуйидаги еттита саволга аниқ мисоллар билан фикр-мулоҳазали жавоб ёзиб, журнал таҳририятига юбориши зарур:

1. Журналимизда 2018-2019 йиллари эълон қилинган қайси асарларни ўқидингиз ва улардан қандай таассурот олдингиз?

2. Журнал билан ижодий ҳамкорлик қилиш истагингиз борми?

3. Журналга 2020 йил учун обуна бўлганмисиз? Обуна қаерда расмийлаштирилган?

4. Шахсий кутубхонангизда қандай асарлар бор? Улардан дўстларингиз ҳам фойдаланадими?

5. Шу кунларда қайси китобни мутолаа қилдингиз ёки ўқимоқдасиз?

6. Китоб ўқиш учун қайси кутубхонага аъзо бўлгансиз?

7. “Жаҳон адабиёти” журналида машҳур адибларнинг қайси асарлари таржимасини ўқишни хоҳлайсиз?

Жавоблар 2020 йилнинг 1 июнигача қабул қилинади.

Энг яхши жавоб муаллифлари моддий рағбатлантирилади:

1 та биринчи ўрин – 1 000 000 сўм.

2 та иккинчи ўрин – 500 000 сўмдан.

3 та учинчи ўрин – 300 000 сўмдан.

5 та рағбатлантирувчи мукофот – “Жаҳон адабиёти” журналига йиллик обуна.

Жавоблар журналнинг қуйидаги электрон манзилида қабул қилинади: E-mail:jahonadabiyoti@list.ru

“Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти.

ЎзА