Кучлимиз, деганга куч келар…

2020-04-04T18:58:21+00:004 Aprel, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Вазият тақазоси билан бугун уйдамиз. Кимдир гулини парвариш қиляпти, кимдир дарахтини. Кимимиз ўт-ўчоқ ёнидамиз, бошқамиз кичкинтойлар орасида… Бир қараганда шифокорлар, ички ишлар, мудофа ходимлари, яна бугунни тақазо билан ишда ўтказаётганлардан ташқари барча уйда, ўз-ўзича яшаётгандек… Аслида ундай эмас. Аслида бугун оила билан жамият ҳар қачонгидан ҳам кўра яқинлашган. Ҳатто, умрида “Ахборот”га қизиқмайдиган, уни сиёсатнинг бир бўлаги деб ҳисоблайдиган, “биз кичкина одаммиз, сиёсатнинг ўз кишилари бор”, дейдиганларнинг ҳам кўзи телевизор, телефонда.

– Ишқилиб, бугун беморлар кўпаймабдими?

– Яна соғайишибдими? Худога шукур-ей, биз балодан халос бўлаётганимиз рост бўлсин!

– Янги дори ишланаётган эканми? Кошки, тождор вирусга зарба берадиган дори бизда топилса! Ажаб эмас, Ибн Сино юрти ахир!

Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор, деганларидек, юқоридаги сўзлардан кўриниб турибдики, одамларимиз маиший ҳаётдан бир қадам баландга кўтарилмоқда. Аксарият пайтларда кийим, ҳусн ташвиши билан яшайдиган аёллар жамият ҳавоси билан нафас олмоқда. Яъни одамларимизда жамиятга дахлдорлик туйғуси кучайди. Бу жамият тараққиётида жуда катта роль ўйнайдиган омилдир. Бу туйғу инсоннинг кўксида мавжуд худбинликни ўлдиради. “Биз”га, “Биз”ликка эътиборни кучайтиради. Яна ҳам аниқроқ ифода этсак “Шу юрт, шу эл бизники, унинг дарди, унинг ташвишига барчамиз бирдек дахлдормиз” деган туйғу, миллатни миллат, халқни халқ қиладиган ҳиссиёт кўпчиликда уйғонди.

Одамлар энди бу ҳиссиётни йўқотиб қўймаслиги, буни ҳаммамиз шу синовли кунларнинг туҳфаси сифатида қабул қилишимиз шарт, деб ўйлайман. Ҳа, бу кунларнинг бизга бошқа тавсиялари ҳам бўляптики, биз ҳар бирининг қадрига етмоғимиз зарур. Ўрни келганида айтай: Хоразмда бир яхши одат бор: меҳмон келса, дастурхонга ўтиришидан олдин уй эгалари (эркак бўлса ўғил бола, аёл бўлса қиз ёки келин) обдаста билан қумғон кўтариб кириб, қўлини ювдиради. Мен Тошкентга келган дастлабки кунларимда кўчадан келибоқ (чарлар, тўйларда) тўғридан-тўғри дастурхонга ўтиришга кўника олмай юрганман. Худди ювиқсиз таом ея бошлагандек ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Яхшиям, ҳўл салфеткалар чиқиб, бу ноқулайликдан халос бўлганман. Нима демоқчиман? Бугун мана шу одат – уйга кўчадан кирибоқ қўл ювиш, таомдан сўнг, ҳатто пул ушлагандан сўнг буни такрорлаш одати қайтди. Халқимиз маънавияти, халқнинг шахсияти билан бўлган ҳар қайтиш яхшиликкадир. Биз иш-уй орасида югуравериб (айниқса аёллар) болаларимиз, ҳатто, турмуш ўртоғимиз кўнглидан узоқлашган эдик. Оналик, аёллик вазифамизни – уларни еб-ичириш, кийинтириш доирасида ҳис қиладиган бўлиб қолган эдик. Уйда ўтириб, арзандларимиз билан суҳбатлашаяпмиз. Уларнинг дунёларини кашф қиляпмиз.

Телефонга ёпишгани ёпишган, дея шикоят қиладиган фарзандларимизга телефонни эмас, ўзимизни севдириш муҳимлигини англаяпмиз. Бир синглим кеча қўнғироқ қилиб:

– Опа, ўғлим тилшуносликка қизиқар экан, шу пайтгача пайқамаган эканман. “Ойи бу нима дегани, бу нима дегани” деб сўзларнинг маъносини сўраётган эди, махсус дафтар тутдик. Шевада бор ёки унутилган сўзлар маъносини ёзиб, гап туза бошладик. Шу қадар қизиқ бўляптики машғулотимиз, сиз ҳам ўз лаҳжангиздаги сўзларни ёзиб юборинг, – деди.

Телефонлардаги маънисиз сўзлашувлар ўрнини мана шу тарздаги билим берувчи суҳбатлар олгани қандай яхши!

Бу кунлар бизга фақат маънавий, маърифий эмас, тиббий билимлар ҳам бахш этаётгани, шубҳасиз. Биз оммавий ахборот воситаларидаги шифокорлар тавсиялари орқали тиббий билимларимизни ҳам мустаҳкамлаяпмиз. Энг муҳими, ҳаётимизда бўшлиқ пайдо бўлмаяпти. Президентимизнинг тождор вирус тарқалишининг олдини олиш, бу йўлда фидойилик қилаётганларни рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлаш борасидаги фармон, қарорлари, мурожаатлари юқорида санаганимиз – маънавий, маърифий, тиббий билимларимизни мустаҳкамлаш, шахс сифатида юксалиш, миллат сифатида жипслашиш учун катта туртки бермоқда, имконият яратмоқда.

Сўзнинг илоҳий кучи бор. Шунинг учун донишмандларимиз яхши ният қил, яхши сўз айт, дейишади. Келинглар, ҳаммамиз ҳар куни, ҳар сония “Биз бу касалликка ён бермаймиз, ундан кучлимиз” дея такрорлайлик. Ва шу баробарида кучли бўлган даврларимизни, куч берган улуғ аждодларимизни, кучли бўлишга имкон берувчи омилларимизни эслайлик. Шунда чиндан ҳам томирларимиз, хотираларимиз ва юрагимиздан куч келади.

 

Қутлибека Раҳимбоева,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

шоира.