Юртингга, ўз уйингга офат таҳдид солганда бетараф туриб бўлмайди

2020-04-01T13:05:27+00:001 Aprel, 2020|Ҳафта мақоласи|

Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётини инқироз ёқасига олиб келиб қўйди. Бу офатдан хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, бирор-бир мамлакат четда қолмаяпти. Бировлар бу инқироздан ўтган асрнинг 20-30-йилларида юз берган буюк депрессияга, бошқалар эса 2008 йилда бошланган глобал молиявий иқтисодий инқирозга қиёсламоқдалар.

Аммо менинг назаримда, коронавирус туфайли келиб чиққан инқирозни ўтган ҳар икки улкан инқироз билан ҳам тенглаштириб бўлмайди. Бугунги инқироз олдингилардан мудҳишроқдир. Чунки буюк депрессияда ҳам, глобал молиявий инқирозда ҳам корхоналар бор қувват билан бўлмаса-да, ҳар ҳолда наридан бери ишлаб, маҳсулот бериб турган эди. Ҳозирги инқирозда барча мамлакатларда корхона ва муассасалар оммавий ёпилмоқда, меҳнат аҳли ўз уйларига қамалиб қолмоқда.

Қолаверса, бугунги инқирознинг миқёси ҳам анча катта. АҚШ сенати ўз иқтисодиётини 2 трлн. доллар эквивалентда қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида қонун лойиҳасини маъқуллади. “Катта йигирмалик” давлатлари раҳбарлари жаҳон иқдисодиёти барқарорлигини сақлаб қолиш учун 5 трлн. доллар ажратишга келишиб олдилар. Ваҳоланки, глобал молиявий иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш учун давлат ғазнасидан ажратилган маблағлар ҳажми АҚШда ҳам, Хитойда ҳам 1 трлн. долларга етмаган эди.

Коронавирус туфайли йўқотилаётган инсонлар умрини баҳолаб бўлмайди, албатта. Аммо энг катта йўқотиш иқтисодиёт соҳасига тўғри келаётгани аниқ. Пандемиядан энг кўп азият чекаётганлар ҳозирча Хитой, АҚШ ва ЕИ бўлиб турибди. Уларда иқтисодий ўсиш 1-2 фоизга пасаядиган бўлса, бу жаҳон иқтисодиётининг сезиларли секинлашувига олиб келади, чунки улар биргаликда дунё ЯИМнинг 45 фоизга яқинини беради. Бу глобализм шароитида миллий иқтисодиётларга таъсир қилмасдан қолмайди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти инқироз зарбаларини юмшатиш, ишлаб чиқариш қувватларини, молия-кредит тизими барқарорлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирларни қўлламоқда. Юридик ва жисмоний шахслар манфаатини кўзлаб инвестиция ҳамда солиқ таътилларини жорий қилмоқда ва ҳоказо. Инқирозга барибир Худо хоҳласа, барҳам берилади, бунга ишончимиз комил. Шу билан бирга, давлат инқироздан кейинги ривожланиш ҳақида ҳам қайғурмоқда. Бундай шароитда ҳамма юкни давлатнинг елкасига илдириб қўйиш ҳам инсофдан бўлмайди. Кичик ва хусусий бизнес, мулкдорлар коронавирус туфайли юзага келаётган моддий, молиявий зарарни қоплаш ишида давлатга кўмакчи бўлиши лозим.

 

Бугун ҳақиқий ватанпарварлар, эл-юрт учун қайғурадиганлар, энг аввало зиёлилар майдонга чиқадиган кун. Буюк синовлар даврида ҳамиша шундай бўлган. Менинг назаримда, мамлакатимизнинг зиёлилар қатлами ҳам бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг кузатувчиси бўлиб турмайди. Мамлакатимиздаги тиббиёт ходимлари коронавирус офатига қарши мардонавор курашаётган бир паллада ҳар ким ўз имконияти даражасида халқни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлайди. Мен бунга аминман. Бу миллатимизга хос одат. Ўзбекларда ҳамиша шундай бўлган. Юртингга, ўз уйингга офат таҳдид солганда бетараф туриб бўлмайди. Халқимизда “Кўпнинг дуоси кўл” деган нақл бор.

Шу ўринда мамлакатимиз банкларида ҳисоб рақамлари очилиши керак ва биз зиёлилар ҳамда она Ватанининг бугуни ва эртаси учун қайғурадиган юртдошларим бу савобли ишдан четда турмайдилар. Зеро Ватанни фақат байрамларда эмас, унинг бошига ташвишли кунлар тушганда ҳам бирдек сева билиш керак.

Нурислом Тухлиев, Иқтисод фанлари доктори, профессор

ЎзA