Дунёда энг катта бойлик – инсоннинг ўзи

2020-04-01T13:01:08+00:001 Aprel, 2020|Ҳафта мақоласи|

Инсон борлиқнинг энг олий мавжудоти сифатида яратилган экан, у катта бир оила – башарият бўлиб замон ва макон оралиғида яшаб келаяпти. Инсон яралибдики, у борлиқнинг бошқа иштирокчилари, айниқса, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан ёнма-ён яшаб келмоқда.

Борлиқнинг гултожи сифатида Ҳазрати инсонга табиатнинг барча бойликлари – нозу-неъматлар, сув ва ҳаво тортиқ қилинган. Замонлар оша инсоният тафаккури ҳам ривожланди, унинг табиат ва жамиятга нисбатан қарашлари ҳам ўзгариб борди.

Башарият ривожида давлатлар пайдо бўлди, турли қарашларга асосланган жамиятлар шаклланди, шунга кўра инсоннинг табиат ресурсларига эгалик қилиш ҳисси ҳам оша борди. Бойлик, табиий ресурсларга эгалик қилиш, дунёни бўлиб олишга қаратилган завқ ва янги ғоялар пайдо бўлди. Катта ресурсларга эга бўлган давлатларда дунёга ҳукмронлик қилиш, кучсиз давлатларни ўзига бўйсундириш, қолаверса табиат бойликларига мутлақ эга бўлиш кайфияти оқибатда турли урушларни келтириб чиқарди. Урушлар туфайли инсониятнинг яна тафаккури ўзгарди.

Инсоният бугунга қадар неча марта уруш қилгани, унда қанча одам ҳалок бўлгани ҳақида аниқ рақамлар мавжуд бўлмаса-да, лекин унинг оқибатлари ҳам жамиятга, ҳам табиатга катта салбий таъсир ўтказди. Урушлар туфайли бир томондан вайронагарчилик, қашшоқлик, касалликлар келиб чиққан, табиат мувозанати издан чиққан бўлса, иккинчи томондан инсоният янги урушларни бошлаш учун қуролланиш пайига ўтиб олди.

Инсониятнинг табиат ва атроф-муҳитга нисбатан бешафқат муносабатда бўлиши, қолаверса она-замин қиёфасининг мажбуран ўзгартирилиши қачондир ўзининг акс-садосини бериши турган гап эди. Мана ўша акс-садонинг битта кўринмас шакли “коронавирус” эпидемияси!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотнинг 2020 йил 31 март ҳолатидаги ахборотида дунё бўйича 693,8 минг киши ушбу вирус билан касаллангани, шундан 160 минг шахс тузалгани эълон қилинди. Жон Хопкинс университетининг маълумотларига кўра АҚШда 159,9 минг, Италияда 101,7 минг, Испанияда 85,1 минг, Хитойда 82,1 минг, Германияда 63,9 минг, Францияда 45,1 минг, Эронда 41495, Буюк Британияда 22141, Швейцарияда 15 922, Бельгияда 11 899, Нидерландияда 11750 шахс ушбу вирус билан касалланган. Бугунга қадар эса дунёда 36946 шахс касаллик туфайли оламдан ўтган.

Бугун одамзод кўринмас душман – эпидемия билан рўбару келди. Биз бу душманни кўрмаймиз, унинг овозини эшитмаймиз, у билан юзма-юз тўқнашмаймиз. У қандай кучки, нега биз унинг олдида шошиб қолдик? Чунки, у кўринмас, унинг жойлашган манзили номаълум, илм-фанда бугунгача ўрганилмаган. У бизнинг тафаккуримиздан ташқарида, у бизнинг Борлиқ ва Табиатга нисбатан шаклланган қарашларимиз доирасига кирмаган.

Балки, унинг ҳам борлиқда яшаш ҳуқуқи бордир. Унинг ҳуқуқи биз ўйлаб топган қонунларда белгиланмаган. У Яратганнинг инсониятга синови сифатида юборилган ёки табиатнинг одам зотига юборган қаҳридир. Нима бўлса ҳам одамзод Яратган ва табиат олдида ожиз эканлигини билиб қолди.

Тўғри, инсоният урушлар билан бирга турли катаклизмлар, табиат ҳодисалари, эпидемиялар, касалликларга мардонавор турган, уларга қарши курашган, унинг таъсирини камайтирган, оқибатларини бартараф этган. Шу орқали инсон насли давом этиб келмоқда. Лекин, юксак илм-фан ютуқлари, техника ва технологияларга эга бўлган мана-ман деган катта ва бой давлатлар ҳам бу коронавирус балоси олдида шошиб қолди. Нима қилиш керак?

Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб қатъий белгиланган. Бу дегани, халқ бор бор экан, давлат ҳам бўлади. Шундай экан, “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” (Конституциянинг 13-моддаси), “яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир” (Конституциянинг 24-моддаси). Ана шу қоидаларга кўра давлат ўзи фуқароларини ҳимоя қила олсагина, давлат сифатида намоён бўлади. Ҳеч бир инсон бундай балоларни бир ўзи ёки ўзи хоҳлагандай бартараф эта олмайди. Давлат ҳокимиятининг кучи ҳам шунда!

Дунёда коронавирус пандемияси юзага келгани эълон қилинган кундан бошлаб, мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қатъий чоралар кўришга киришди. Президентимиз томонидан 2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармонда халқимизни сақлаш ва эпидемия таъсирини камайтириш билан боғлиқ қатор чоралар белгиланди. Мазкур фармон билан Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси таркиби ҳам тасдиқланди. Комиссия бугун туну-кун ишламоқда.

2020 йил 23 март куни эса Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ҳам қабул қилинди. Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишини олдини олиш, вирус билан касалланганларни талофатсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган.

Давлатимизнинг бундай кескин ва қатъий чоралар кўриши, аввало Конституциямизнинг 22-моддасида белгиланган “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деган қоидадан келиб чиқади. Бу “инсон – энг катта бойлик” эканини англатади. Шунга кўра махсус комиссия қарори билан сўнгги ўн кун ичида қатор чартер авиарейслар ташкил этилиб, хорижий мамлакатларда турли сабаблар билан бўлиб турган фуқароларимиз давлат ҳисобидан олиб келинди, карантин ҳолатида уларнинг саломатлиги назоратга олинди.

“Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” деган тамойил (Конституциянинг 4-моддаси)га риоя этиб ва юқори инсонпарварлик ғояларини намоён этиб, давлатимиз барча қийинчиликларни ўз зиммасига олди. Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Биргина мисол, фармон билан тадбиркорлик субъектларига катта молиявий-иқтисодий имтиёзлар берилди, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳақ тўланадиган вақтинчалик меҳнат таътилига чиқарилди.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш катта маблағлар талаб этади. Инсон қадр-қиммати улуғланган, инсон ва унинг ҳаётини бебаҳо бойлик деб эътироф этган, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларга хизмат қилишига амал қилинган, давлат ҳокимияти ва бошқаруви инсонпарварлик ғояларига йўналтирилган мамлакат амалга оширилиши мумкинлигини кўриб турибмиз.

Бугун мамлакатимизда карантин эълон қилинди. Карантин касаллик тарқалиши олдини олишнинг энг қатъий чораси, жамиятнинг ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя этган ҳолда, фуқароларнинг ҳаракатларини мумкин қадар камайтириш, жамоа бўлиб туришнинг олдини олиш, давлат ва жамиятнинг мувозанатда бўлишини англатади. Карантин қоидаларига риоя этмаслик қандай хунук оқибатлар келтириб чиқаётганини вирус энг кўп тарқалган давлатлар мисолида кўриб турибмиз.

Карантин-бу чиллада ўтириш дегани. Қадимда ҳам аждодларимиз кенг тарқалган юқумли касалликлардан ҳимояланиш учун чилла сақлаган, уйлар дарвозалари ва деворларига белгилар қўйилган. Белгиларни кўрганлар касаллари бор хонадонлардан узоқ юришган, хонадон аъзолари билан мулоқотга киришмай турган.

Ташвишли кунларда бизнинг давлатимизга кўрсатадиган шахсий ёрдамимиз – бу оила аъзоларимиз билан уйда қолиш, куннинг маълум кунларида оила аъзоларидан фақат бир кишининг озиқ-овқат ва рўзғор учун бошқа зарур маҳсулотлар олиш учун кўчага чиқишини таъминлаш, уйга қайтгандан сўнг эса санитария қоидалари асосида кийим-кечакларни иложи борича ташқи таъсирдан зарарсизлантириш талаб этилади.

Бугун даврнинг ўзи биздан сабр-тоқат қилиш, бозор қонуниятлари асосида шаклланган замонавий қарашлар ва тафаккуримизни ислоҳ қилиш, мурувватли ва меҳрли бўлиш, ўзимиз шакллантирган давлат ҳокимияти ва сайлаб қўйган раҳбарларимиз талабларига бўйсуниш, жипслашиш, бир-биримизга бўлган муносабатимизни ўзгартириш, инсониятнинг келгуси тақдири ҳақида қайғуриш, энг асосийси, ўз жонимизни асрашимизни талаб этмоқда. Бу дунёда энг катта бойлик инсоннинг ўзи эканлигини чуқур англасак, бу ташвишли кунларни албатта енгиб ўтамиз.

Бобоқул ТОШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири,

юридик фанлари доктори

 ЎзА