Расмий баёнот: халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик!

2020-03-29T16:48:45+00:0029 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков: 

– Айни вақтгача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 133 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти билан бўлган суҳбатимизга кўра, беморларнинг 19 нафарида пневмония кузатилиб, 4 нафари оғир, 2 нафари эса нисбий оғирроқ деб баҳоланмоқда. Ҳар бир бемор тиббий назорат остида бўлиб, тегишли муолажаларни олмоқда.

Қувонарлиси, бугун 7 нафар дастлабки соғайган беморларимиз шифохонадан чиқарилиб, реабилитация марказига ўтказиляпти. Бу Ўзбекистон тиббиётининг катта ютуқларидан бири. Бу каби хушхабарлар кўп бўлишига умид қиламиз.

Аммо халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик! Қаттиқ тартиб-интизом ва карантин тадбирларига жиддий риоя қилиш орқали вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Имкон қадар уйда қолинг, ортиқча эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқманг, муносабатларни, мулоқотларни кескин камайтиринг.

Уйда бўлиб, инфекциянинг кўчадан кириб келишига йўл қўймасангиз хавфсиз бўласиз. Бир қарашда оддий, аммо жуда ҳам зарур бўлган ушбу талаблар ижроси таминланиши натижасида касаллик кенг тарқалиб кетмаслиги исботланган ва тасдиқланган амалиётдир.

ЎзА