Бало кўзга кўринмас, хато қўлга илинмас

2020-03-28T10:22:50+00:0028 Mart, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Ҳаётимизда бугун шундай вазият юзага келдики, ҳар бир инсонга алоҳида масъулият юкланди. Ҳар биримизга ўзимизни асраш, яқинларимизни ҳимоялашдек шарафли бурч юкланди.

Илгари бундай бурч асосан осойишталик посбонларига юкланган, улар бизнинг ҳимоямиз учун курашар, бу йўлда жонини қурбон қилишдан қайтмасди.

Ҳозирги “жанг майдони”да эса ҳаммамиз жангчимиз. Кимки уйида қолса, бурчини аъло даражада уддалаган бўлади, ҳушхабарли тарафи шундаки, у ғолиб бўлади!

Нафақат ўрта, балки ёши улуғ кишилар ҳам бундай оғир синов бўлганини эслай олмаслигини айтмоқда. Уруш кўрган, очарчилик кўрган, етишмовчилик бўлганда ҳам бир-бирига суяниб, курашиб енгиб чиққан халқ буюм бозорлари, ошхона-ю чойхоналар ёпилганини, жамоат транспорти, тўйлар тўхтатилганини ҳали кўрмаган эди.

Қучоқ очиб кўришиб бўлмаслигини, қўл бериб сўрашиш мумкин эмаслигини меҳр-оқибатли одамларимиз, таъбир жоиз бўлса, тушида ҳам кўрмаган эди.

Ўзаро мулоқотларда “келинг уйга”, “кўришгунча” сўзларини биз каби кўп ишлатадиган халқ бўлмаса керак.

Ҳозир эса ҳаммаси ўзгариб кетди. Биз ҳазм қила олмайдиган одатларга бўйсунишга мажбурмиз. Ахир кўзга кўринмас душман – коронавирус билан шундай курашмаса бўлмайди.

Шу ўринда “Твин Пикс” сериали эсимга тушди. Айнан шу фильмда кўзга кўринмас душман — одамхўр бор. Фильмни талабалигимизда кўпчилик бўлиб кўрар эканмиз, қўрқинчи саҳналарида бир-биримизнинг орқамизга бекинишга уринардик. Бироқ, бу кинодаги душман қанчалик кўринмас бўлмасин, ойна орқали кўриниш бериб турарди.

Биз курашаётган “душман” эса мутлақо кўринмайди. Кўринмас душман билан курашиш эса осон эмас. Доно халқимизда “Бало кўзга кўринмас, хато қўлга илинмас”, деган мақол бор. Ҳақиқатан, вирус бир бало бўлса, унинг юқиш эҳтимоли юқори экан, биз фақат хато қилмаслик йўлини танлашимиз, яъни уйда қолиб, бошқалардан масофа сақлашимиз шарт.

Бу ҳақда ҳар лаҳза бонг урилмоқда: Уйда қолинг! Уйда қолинг!Уйда қолинг!…

Аммо зарурат юзасидан кўчага чиқсангиз, кўчаларда тумонат одам, бозорларда узундан-узоқ навбатларга ҳамон кўзингиз тушади. Энг ёмони, бола етаклаганлар ҳаммасидан кўп…

Давлатимиз раҳбари халқимизга қайта-қайта мурожаат қилиб, якдил бўлиш, огоҳлантиришларни тўғри қабул қилишни сўрамоқда.

Президентимизнинг куни кеча жон куйдириб айтган қуйидаги гапларига яна бир бор эътибор қаратинг:

“Коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак”;

“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади”.

Бугунги синовли кунларда қўйилаётган талабларга, тартибга риоя қилишимиз шарт.Ҳар биримизнинг зиммамизда катта масъулият борлигини унутмаслигимиз, хиёнат йўлидан юрмаслигимиз шарт!

Дунёнинг 190 дан зиёд мамлакатига тарқалиб, пандемияга айланган, 450 мингдан зиёд одамни домига тортган, 21 мингдан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган коронавирус деган душман остонамизда турганини ҳар лаҳза ҳис этиб, уйда қолиш, уни йўлатмасликнинг, уни енгишнинг муҳим шарти эканини англайлик!

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА