Саъдулла ҲАКИМ

2020-03-21T07:50:57+00:0021 Mart, 2020|Шеърлар|

КОРОНАВИРУС

Бирлашган миллатлар ташкилотидан

Шошқин хабар учар, пандемия, деб.

Менинг эса тунлар ўчади уйқум,

Инсон тафаккури панд еди-я, деб.

 

Эй ақл, ҳаволаб юрганинг етар,

Танангга фикр қил, не бу ҳол қалтис?

Наҳот инсон оҳи фалакни тутар,

Наҳотки ҳақ бўлса руҳоний  Мальтус?

 

Ҳадик ила боқар одамга одам,

Қўл бериб кўришмас, юзида ниқоб.

Кимлардир изини ниқоблаб олган,

Бошқа бировининг сўзида ниқоб.

 

Эмлашнинг имкони йўқ эмиш ҳали,

Дунё муҳтож эмиш битта дорига.

Аслида чорасиз қолган маҳали,

Фақат меҳр ярар бемор корига.

 

Ҳар неки малҳамдир, бир Ўзи билар,

Булутларга боқиб ўйга толаман:

Исириқ тутатиб тургандай бўлар,

Қуёшни чўғ қилиб,  Яратган Эгам.

 

Зулмат қочганидай кун ёруғидан,

Элдан дард кетгуси бирлашса улус.

Асрасин ёмонлар ёмонлигидан,

Меҳру оқибатга тушмасин вирус!