Республика ОАВ вакиллари “Navoiyazot” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди

2020-03-19T09:37:00+00:0019 Mart, 2020|Навоий вил.|

Давлатимиз раҳбарининг  2019 йил 3 апрелда эълон қилинган “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан тизимдаги корхоналарда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғибот қилиш мақсадида пресс-турлар ташкил этилмоқда.

 

 Бу борадаги илк тадбир “Navoiyazot” акциядорлик жамиятида ўтказилиб, унда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов ҳам иштирок этди. Бугунги кунда мазкур тизим таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналарда 30 мингдан зиёд ходим фаолият кўрсатмоқда.

Республикамизнинг 20 га яқин босма ва электрон ОАВ вакиллари пресс-тур доирасида дастлаб ўтган йил охирида ишга туширилган Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти билан танишишди. Мазкур лойиҳа Хитойнинг «China CAMC Engineering Co., LTD» ва «HQC Shanghai Company» компаниялар консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Янги корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади.

­-  Бу маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда талаб юқори, – дейди мажмуа директори ўринбосари К.Асатов. ­- Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинарди. Эндиликда ҳар йили 40 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда корхонамизда 900 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Замонавий корхонада энг диққатга сазовор нарса бу ҳар бир жараённинг тўлиқ автоматлаштирилганлигидир. Бундан ташқари, қадоқлаш цехида маҳобатли “темир қўл”лар ­– роботларнинг тегишли вазифаларни бажараётганлиги ҳам тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Қарийб 500 гектарлик майдонни эгаллаган “Навоийазот”нинг бошқа бир бурчида Азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш инвестицион лойиҳаси жадал давом этмоқда. Журналистлар умумий қиймати қарийб бир миллиард доллар бўлган, йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратиладиган мазкур мажмуанинг қурилиш ишлари билан ҳам танишишди. Жорий йилда ишга тушириладиган корхонада 500 га яқин иш ўрни яратилади. Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги заводда замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.

Ушбу компаниялар вакиллари билан мулоқот жараёнида пресс-тур иштирокчиларига замонавий мажмуанинг одатдаги ишлаб чиқариш корхоналаридан афзалликлари тўғрисида тўлиқ маълумот берилди.

Шундан сўнг, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг «Navoiyazot” ҳамда бу ерга ташриф буюрган “Ўзкимёсаноат” таркибидаги корхоналарнинг ёшлар етакчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Ж.Мирзамаҳмудов очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда ёш кимёгарларнинг муаммолари ва таклифларини тинглади. Хусусан, маиший кимёвий воситалар ишлаб чиқариш, ҳар бир ишлаб чиқариш цехлари негизида лабораториялар ташкил этиш, хорижий етакчи кимё корхоналарида ёш маҳаллий кадрларнинг малака оширишини ташкил этиш, ходимлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш, баъзи корхоналарда спорт майдончалари қуриш, уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш каби таклифлар ўртага ташланди.

– Ҳар қандай технологияни четдан олиб келиб, ишлаб чиқаришга жорий этиш мумкин, – деди Ж.Мирзамаҳмудов. – Аммо ундан фойдаланиш учун кучли кадрларни четдан олиб келиб бўлмайди ёки хорижлик кадрлар умрбод бизга хизмат қилмайди. Бунда эса сиз ёшлар олдинги сафда бўлишингиз зарур, даврнинг талаби ҳам шу. Юртимиз ёшлари хорижлик тенгдошларидан қолишмаслигини бир неча бора исботлашган, улардан устунлигимиз эса меҳнаткашлигимизда. Фақат ҳозирги глобаллашув, шиддатли тараққиёт даврида кунора билимимизни, малакамизни ошириб бориш, изланиш, эртанги кун, узоқ келажак билан яшашимиз, инновацион лойиҳалар устида мунтазам ишлашимиз талаб этилади.

– Бугун жамоамиз меҳнат аҳлининг қарийб 2,5 минг нафарини ёшлар ташкил этади, – дея таъкидлади “Navoiyazot” АЖ Бош директори Б.Шарипов. – Корхона маъмурияти уларнинг малакасини, жумладан, юртимиз ва хорижий ўқув муассаса ҳамда саноат объектларида ошириш, лойиҳа ва таклифларини татбиқ этишни доимо қўллаб-қувватлайди. Янги инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши эса шу жараённи янада кучайтирди. Уларда меҳнат қилиш истагидаги ёшларнинг бир гуруҳи яқинда хорижий турдош корхоналарда стажировкада бўлиб, билимини мустаҳкамлаб қайтди. Шуни алоҳида эътироф этишни истардимки, айрим истеъдодли кимёгарлар, ҳатто, чет эллик ҳамкорларимиз эътиборига ҳам тушди. Улардан келажакда умидимиз катта.

– Тадбирда шахсан мени ёшларнинг бугунги кундаги изланиши, мамлакатимиз саноати ривожи учун интилаётгани жуда қувонтирди, – дейди “Халқ сўзи” газетаси мухбири Т.Эшбоев. – Улар “менга бер”, деб эмас, “аввало юрт ривожида ҳисса қўшишим керак” деган ғоя асосида яшаб, меҳнат қиляпти, интилмоқда. Бундан ташқари, учрашув давомида ижтимоий-маиший мавзудан кўра, биринчи навбатда, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган кўплаб таклифлар билдирилганидан жуда мамнунман. Бу ёшларимизнинг яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга иштиёқи юксалаётганидан дарак беради.

Мулоқот давомида иштирокчилар ва меҳмонлар томонидан билдирилган маҳаллийлаштириш, модернизация қилиш соҳасига оид қатор таклифларни татбиқ этиш бўйича етакчи мутахассисларга кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ватанимизни янада ободонлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган тадбирларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, жумладан, яқин келажакда Оролбўйи аҳолисига амалий ёрдам кўрсатиш, тизим корхоналари ёшлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда турли маданий тадбирлар, танловлар, спорт мусобақалари ўтказишга келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилоят бўлими мутахассиси