Обод манзиллар таассуроти

2020-03-19T09:31:05+00:0019 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Медиа-тур

Мамлакатимизда улкан ислоҳотлар ва эврилишлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистонни биргаликда қуриш иштиёқида меҳнат қилаётга халқимиз руҳиятидаги кўтаринкилик қалам аҳлини ҳам илҳомлантираяпти. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан бир гуруҳ журналистлар Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ташкил этилган медиа-турда иштирок этишди.

Тадбирда қатнашган 30 нафар журналистлар дастлаб тумандаги Фарғона шаҳарчасида қад ростлаган “Сардоба текстиль” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Ҳайдаров бизни йўл-йўлакай туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб борди.

Дов-дарахтлар билан бурканган қўшқаватли бино ҳовлисида қарши олган жамият раиси Нурилла Абдураҳмонов корхона ўз фаолиятини 2013 йилда бошлагани, дастгоҳлари хориждан келтирилгани, айни дамда корхонада 90 нафар хотин-қиз иш билан таъминлангани хусусида маълумот берди.

“Сардоба текстиль” МЧЖда трикотаж маҳсулотлари асосан пахта хомашёсидан тайёрланади. Хорижда ҳам ўз харидорлари бор. Ҳозирда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар 100 фоиз Россияга экспорт қилинмоқда. Бу ерда тайёрланган майкалар, кўйлаклар, бош кийимлар кўримлилиги ва пишиқлиги билан харидоргир ҳисобланади.

— Корхонада бажарган ишимизга қараб маош тўланади, — дейди жамият ишчиси Нодира Норбоева. — Бундан ташқари, корхона томонидан қўшимча овқат пули берилади. Узоқдан келадиганларга автоулов ажратилган. Оиламиз бюджетига пешона тери билан топ­ган даромадим қўшилаётганидан хурсандман.

— Ҳозирча “Сардоба текстиль” МЧЖ хомашёни хўжаликлардан сотиб олаётган бўлса-да, келажакда қўшимча ишчи ўринлари яратиш эвазига хомашё етиштирадиган хўжалик ташкил қилиш режамизда бор, — деди Н.Абдураҳмонов.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурига мувофиқ Оқолтин туманида 2019-2020 йилларга мўлжалланган 16 та лойиҳа шакллантирилган. Мазкур ло­йиҳаларнинг умумий қиймати 182 миллиард 241 миллион сўмни ташкил этади. Ўтган йили умумий қиймати 20,6 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа ишга тушди. Натижада 52 та янги иш ўрни яратилди. Туманда қиймати 5 миллиард 400 миллион сўмга тенг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган яна бир “Акбар текс­тиль” МЧЖ иш бошлади. Мазкур корхонада 45 та янги иш ўрни яратилган.

Туман марказидаги “Кўркам диёр” маҳалласида қад ростлаган “SUB DRY” МЧЖ полиз ва мева маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган бўлиб, Марказий Осиёда ягоналиги билан ажралиб туради. Корхона директори ўринбосари Улуғбек Қодиров энг замонавий технологияларнинг ишлаш жараёнлари ҳақида сўз юритди. Улкан камерада қовун, қулупнай, лимон каби полиз ва мева маҳсулотлари юқори ҳароратда қиздирилиб, вакуум ёрдамида суви сўриб олинади. Қоқи ҳолига келган табиий маҳсулот қадоқланиб, харидорларга тақдим этилади. Қуритилган маҳсулот сувга солинса, ўз табиий ҳолига келади. Маҳсулотдаги барча фойдали элементлар сақланиб қолади.

— Бу жараён анча мураккаб, — дей­ди Улуғбек Қодиров. — 10 тонна хом­ашёдан 1 тонна тайёр маҳсулот олинади. Тайёр маҳсулотнинг  нархи ҳам шунга яраша баланд бўлади. Корхона  тўлиқ қувват билан ишлай бошлаганда яна 50 нафар ёшлар иш билан таъминланади.

2019 йилда тумандаги корхоналар 4 миллион 217 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни хорижга сотишгани эътирофга молик.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳам ишлар қизғин давом этмоқда. Тумандаги “Янги давр”, “Аҳиллик”, “Кўркам диёр” маҳаллаларида 5 миллиард 902 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилган. Бунёдкорлик “Обод” ва “Саховат” маҳаллаларида давом эттирилади.

Медиа-тур якунида туман ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга туман мутасаддилари жавоб қайтаришди. Тадбир давомида “Оқолтин” газетасининг бош муҳаррири Абдурашид Пардаевга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Холмурод САЛИМОВ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

раисининг ўринбосари.