МУНОСАБАТ: ноширликнинг шонли даври бошланмоқда

2020-03-18T07:22:21+00:0018 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Президентимизнинг “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори сувни, ёмғирни кутиб чанқоқликдан азоб чекаётган дарахтга сув берилгандай бўлди. Сабаби бу соҳада муаммолар, камчиликлар керагидан ортиқ кўп эди.

Қайси соҳага доир Президент қарори чиқса, билингки, бу жабҳада ишлар қониқарли эмас. Муаммо ва камчиликлар бор. Муаммо шу даражага етганки, уни корхона, юқори тизимдаги раҳбарлар ечолмайди, муаммога ечим тополмайди. Ва шу ўринда Президент қарор чиқаради, шу қарорда белгилаб қўйилган бандлар асосида муаммолар ўз-ўзидан ечилиб бораверади.

Бундан бир йил муқаддам бешта муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Шу ташаббусларнинг тўртинчи ташаббуси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилгани ҳам бежиз эмас. “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳам бешта муҳим ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида ноширлик соҳасида янги бир босқични бошлаб беради, десак адашмаймиз.

Янгилаётган Ўзбекистон учун ноширлик тўғрисидаги бу қарор жуда муҳим эди. Нега? Сабаби, китобхонликка, мутолаа маданиятига эътибор кучайтирилди. Китобхонларнинг ҳам талаби ошиши аниқ эди. Уларга сифатли ва бехато, шунинг баробарида бадиий жиҳатдан пишиқ, тафаккурни бойитадиган, ақлни пешлайдиган китобларни нашр этиш долзарб масалага айланган эди. Талаб бор экан, демак нашриётлар шу талабга, ҳалол рақобатга тура олиши лозимдир.

Тан олиб айтиш керак, кўп йирик нашриётлар ҳам ўқувчилар талабларини қондира олган эмас. Улар истаган ва излаган китобларни нашр этолгани йўқ. Агар нашр этган бўлса ҳам бу кам, яна олис вилоятлардаги ўқувчилар қўлига етиб боргани йўқ.

Энди-чи? Энди янги ташкил этилаётган “Ўзбекистон” нашриётига юқори малакали ноширлар, касбининг ҳадисини олган, соҳасини пухта эгаллаган мутахассислар жалб этилишига ишонамиз. Яна бадиий жиҳатдан бақувват асарлар чоп этилишига, шунинг баробарида китоб адади ҳам 10 минг, 20 минг, эҳтимол 50 минг нусхада чоп этилар ва олис вилоятларга китоб етказиб бериш мунтазам йўлга қўйилар.

Нафақат ноширлик, матбаачилик соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлишига умид қиламиз. Янги технологиялар, сўнгги русумдаги ишлаб чиқариш машиналари нашриётларга келтирилади. Бу, ўз навбатида, китобларнинг сифат ва бежиримлигини таъминлайди. Ҳозирги замон китобхони “инжиқ”. Унга маҳсулотингизни гўзал кўринишда тавсия этмасангиз – ютқазасиз.

Ҳалол рақобат. Ҳа, айнан ҳалол рақобат керак. Қайси нашриёт зўр китоб чиқарса, самарали сотувни йўлга қўйса – марра ўшаники. Энди мазмунан олди қочди, муқоваси кўримсиз китоблар чиқмайди. Чиқаришга йўл қўйилмаслиги керак.

Умид қиламизки, бу қарор ноширлик соҳасига қўйилган дадил қадам. Қадам бўлганда ҳам мустаҳкам қадам. Шу қарор асосида ноширлик соҳаси ўзининг шонли даврини бошлаб беради. Ҳамма ўзини интернетга урадиган бир пайтда, шу қарор сабаб ўқувчилар яна китоб билан садоқатли дўст бўлишига ишонамиз.

Ҳабиб Абдиев,

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

директори ўринбосари, бош муҳаррир.