“Тўсарлик” лар ўгайми?!

2020-03-18T05:35:30+00:0018 Mart, 2020|Наманган вил.|

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий қилинаётган «Обод қишлоқ” дастури олис ва чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадонларнинг ҳолатини, одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганишда «Обод қишлоқ” дастурининг давом эттирилишида Наманган тумани Тўсар қишлоғининг ҳам танлаб олингани  бежиз эмас эди. Мазкур қишлоқда 2456 нафар аҳоли истиқомат қилиб, улардан 345 нафари 7 ёшгача бўлган болаларни ташкил этади.  Бироқ 2020 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилди дея ваъда бериб кетган Наманган туман ҳокимлиги, бугун қишлоқнинг дастурдан “тушиб қолганлигини” айтишди.

ЎзМТДП Наманган туман бўлим ташаббуси билан ўтказилган сайёр қабулда аҳоли депутатлар ва раҳбарлар билан гаплашишни ҳам истамади. Сабаби – аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган қишлоқда кўча ва йўлларнинг, ичимлик суви, иссиқлик тизимларининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги одамларга анчагина мураккабликлар туғдирмоқда. Ҳаттоки  мактаб, болалар боғчаси, қишлоқ врачлик пунктининг йўқлиги ачинарли ҳол. Наманган шаҳридан атиги 15 км.лар узоқликда жойлашган Тўсарга ташриф буюрсангиз ўрта асрларга тушиб қолгандек сезасиз ўзингизни. Одамлар сайёр қабуллардан, раҳбарларнинг қоп-қоп ваъдаларидан чарчаган.

– 70 ёшга кирдим. Шу ёшимгача қишлоғимизда боғча ҳам,  мактаб ҳам йўқ. Болаларимиз 2,5 километр узоқда жойлашган Қоракўл қишлоғидаги мактабга қатнашади. У ерда болалар кўплигидан  икки сменада ҳам синф етишмайди. Бемор бўлсак тундами, қишдами бошқа қишлоққа боришга мажбурмиз. Ўзим ўқитувчиликдан нафақага чиққанман,  ўтган сафарги сайёр қабулда туманимиз ҳокими Садриддин Мўминов  “Обод қишлоқ” дастурига Тўсар ҳам киритилди, деб ҳаммамизни хурсанд қилиб, жуда кўп ваъдалар бериб кетди. Шунча  йил кутган бу йилни ҳам умидворлик билан қарши олдик. Аммо бугунги кунга келиб, “Бу қишлоқ дастурдан чиқиб кетибди, сабаби кўп маблағ талаб этаркан” дейишди. Тўсарга кетадиган маблағга иккита қишлоқни “обод “ қилса бўлар экан. Боғчаси, мактаби, ичимлик суви бор, ҳарқалай яшаш шароити талабга жавоб берадиган Бешкапа, Қоракўл қишлоқлари киритилибди. Президентимиз асли обод бўлган, кам маблағ талаб этадиган қишлоқларни танлаб олишни буюрганмидилар?!. – дейди сайёр қабулда сўзга чиққан Абдулҳамид ота Тўраев.

– Биз депутатларга ҳам, раҳбарларга  ҳам ишонмаймиз энди. Нега ҳақиқатан “Обод бўлишга” муҳтож бўлган Тўсар дастурдан чиқиб кетади?!. Дастурда қишлоқнинг қайси тарафлари ҳисобга олинади?! Биз яна неча йил кутамиз?!  – куйиниб гапирган Дилмурод Омоновнинг сўзларини қишлоқдошлари маъқуллашди – Айбимиз чекка ҳудудда туғилганимиз, яшаганимизми? Кўриб турганингиздек қишлоғимизда МФЙ биносидан бошқа бино йўқ. Биз шу тарзда яшадик, фарзандларимизга, боғча кўрмай тарбияланаётган набираларимизга ачинамиз.

Сайёр қабулда иштирок этаётган Наманган туман ҳокими ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилбархон Ҳошимова аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришга уринди. Лекин ваъдалардан чарчаган, энсаси қотибгина ўтирган бу одамларда умидворлик кайфияти ҳам йўқлигини илғаб олиш қийин эмас.

Абдумалик Абдуллаев эса ичимлик сувини ташиб ичишларини айтган билан муаммолари ҳал бўлмаслигини афсус билан гапирди.

– Ўтган сафарги сайёр қабулда СЭС дан ҳам мутахассис таклиф қилишларини илтимос қилган эдик. Сабаби – ичимлик сувимизни ҳам қишлоққа кираверишдаги марказлашган сувдан ташиб ичамиз. Лабаратория қилишсин баъзан ичидан қурт ҳам чиқиб туради, умуман истеъмолга яроқсиз. Муаммоларимизни айтганимиз билан ечими бўлмаган ҳалигача. Ҳоким ҳам келди, бошқа раҳбарлар ҳам. Суратга олишади, умидвор қилиб кетаверишади. Кечагина ташкил топган янги маҳаллалардан иборат қишлоқ бўлса ҳам майлийди. 70-80 кирган кексаларимиз ҳам ҳали бирон нима ўзгарганини эслашолмайди.

“Обод қишлоқ” дастуридан тушиб қолган, қоплаб ваъдалар берган қишлоққа туман ҳокими Садриддин Мўминов ҳам “қайси юз билан бораман” дея келолмаганини ҳоким ўринбосари Дилбар Ҳошимова айтиб ўтди. Лекин

одамлардан қочиш билан нимани ўзгартириш мумкин?!

Тўсарликлар кутмай қўйди… Хотиржам келаверинг, ҳоким бува. Улар энди жимгина ўтириб тинглашни, бош ирғаб “тасдиқ” қилишни ҳадисини олишибди. Сабаби – тўсарликлар ўгай фарзанддек итоатни ўрганишибди. Нимага? Нега? деган саволларига фақатгина амалга ошмайдиган ваъдалар беришларингни англаб етишибди. “Қурти бор ичимлик сувини ичишга, болалари боғчада юрмаслигига, қиш-қировли кунда мактабга қатнаб ўқишига, беморларини уч чақирим нарига олиб боришга ҳам кўнишибди. Уларга ҳамма қийинчиликка кўниб яшаш “вакцинаси” қилинган. Умид, ишонч деган туйғулар йиллар давомида бирма-бир юлиб олинаверган..

Бемалол келаверинг раҳбарлар… Тўсарликлар бошқа жойлардаги аҳоли каби тўполон қилишни ҳам билишмайди, энг оғриқли муаммоларини ҳам худди ўзлари айбдордек ийманиб айтишади. Сизни ноқулай аҳволга солишмайди. Муаммолари ечилмаса ҳам келган раҳбарнинг, меҳмоннинг ҳурмати дея, тўпланишаверади. Сиз суратга олиб, альбомларингизга тикишингизда, ҳисобот жўнатишингизда муаммо туғдиришмайди..

Мени таажжубга солган ҳолат шу бўлдики, бирон киши шахсий муаммоси ҳақида оғиз ҳам очмади. Тўсарликлар “шахсий муаммони шахс ўзи ҳал қилиши зарур” дейдиган ориятли кишилар экан.

Улар улкан орзулар қилишмайди. Стадион, интернет, чойхона, маданий дам олиш уйлари ҳақида умуман гапириб, сизни хижолатга қўйишмайди.. Жимгииина эшитишади, амалга ошмаслигини билишса ҳам мактаб, боғча ҳақида гапиришдида – айбга йўйманг энди. Давлатимиз раҳбари гапларидан тўлқинланиб кетишганда, шўрликлар…

Бошқа қишлоқларда одамларнинг ҳайратланишига, қувонишига  арзийдиган ишлар бўлаётгани учун улар ҳам Манасликлардек мўъжиза кутишди, мактаб, боғча, сув ҳақидаги юз йиллик орзулари амалга ошишига умид боғлашди. Тўсардан биронта ҳокимият вакили ёки “катта одам” чиқмагани учун дастурдан ҳам қолиб кетишганига негадир амин бўлишди. Лекин одобсизлик қилишмади, бақир-чақир, жанжал кўтаришмади. Раҳбарлар томонидан айтилаётган гапларни сабр билан тинглашди. Ҳарқалай  сайёр қабул давомида мутасаддилар аҳолига “Энди бу йилги дастурга кириш имкони йўқлиги, тасдиқланиб бўлинганини, кутиш, даъво қилиш бефойда” эканини “қулоқларига қуйишнинг” уддасидан чиқишди.

Ўзим ҳам “Обод қишлоқ” дастури обод қишлоқлар учунми ёки ободликка муҳтож қишлоқлар учунми тушунолмай қолдим…

Ёғингарчилик вақтида мактабга тизза баробарида лойга ботиб бориб келадиган, ичимлик сувини бир неча кмдан ташиб ичадиган, малакали тиббий хизматдан фойдалана олмаётган, болалари боғчани билмайдиган, ишончлари сўниб бўлган тўсарликлар яна неча йилларни айтиб, ваъда берсангиз кутишга тайёр. Фақат ваъдани бажарсангиз бўлди!!!

Сайёр қабулдан дилим хуфтон бўлиб қайтдим. Кўз ўнгимдан тизилишиб, жимгина, айтилаётган гапларни кулимсираб, бош ирғаб тасдиқлаб ўтирган юзида умид ҳам қолмаган одамларнинг ишончсиз қиёфаси сира кетмади.

Саида ИСМОИЛОВА,

журналист