Элдан дард кетгуси бирлашса улус

2020-03-18T05:28:29+00:0018 Mart, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Дунё эшиклари кенг  очилган  замонда яшаяпмиз. Дунёни кўраяпмиз, янада яхшироқ билаяпмиз. Шу билан бирга,  дунё ҳам  бизни тобора кўпроқ танияпти, эътибор беряпти,  биз дунёдан,  дунё биздан ўрганяпти.

Ҳа, дунё билан тиллашувнинг  афзалликлари кўп, муаммолари ҳам йўқ эмас.  Неча ойларки,  бутун дунё аҳли диққатини  ўзига тортган,   хавотирга солган  короновирус пандемияси, таъбир жоиз бўлса,  ана шундай бир синов  бўлди.  Бугун бу синовни биз,  ўзбекистонликлар ҳам  бошдан кечиряпмиз.

Албатта, эндиликда бундай синовларни ҳам ҳаёт ҳақиқати сифатида қабул қилишимиз, шу билан бирга ўзбек халқига  хос юксак ирода ва матонат, бирлик ва аҳиллик билан уни енга билишимиз лозим.

Халқимизда “Ботқоқ ернинг кенглиги бақага яхши”, деган ҳикмат бор. Таассуфки,  шов-шувга ўч, оғзига кучи етмайдиган айрим устаси фаранглар мавжуд ҳолатдан фойдаланиб қолишга уриниб, ижтимоий  тармоқлар  ва хориждаги айрим ОАВда отларига қамчи уришга чоғландилар: фалон ерда чириган сабзавот сотишибди,  анави   катта  савдо растаси бўм-бўш бўлиб қолибди, уннинг  нархи кўтарилибди,  картошка фалон сўм бўлиб кетибди…

“Ўзбекистонда беморлар сони 6 кишига етди, бозорларда саросима бошланди”, дея  ёзади 16 март куни биздан олислардаги “Озодлик”  радиоси веб-сайти. Мен эса бозорда шу куни улар айтган  саросима бошланганини  кўрмадим.  Ушбу “Озодлик” сайтида  изоҳ қолдирган бир юртдошимиз  М.Қамбарова ҳам  менинг сўзимни тасдиқлагандай: “Андижон бозорларида нарх-наволар ошмади. Ҳудудий савдо ярмаркалари ташкил этилди, ваҳимага ўрин йўқ”,  деб ёзади.  Хуллас, бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.

Мамлакатимизда ушбу синовдан  тинч-хотиржам ўтиш учун  барча  чора-тадбирлар кўриляпти.  Бозорларимиз ва савдо расталаримиз мўл-кўл.    Ҳар бир соҳа мутасаддилари вақти-вақти билан халқимизга маълумот   бериб туришибди.

Таъкидлаш жоизки,    аксарият  журналист ва блогерлар  бу жараёнда фаоллик кўрсатишаётир, мамлакатдаги  ҳақиқий ҳолат ҳақида  халқимиз ва  хорижий аудиторияга  ҳаққоний  маълумотлар  тарқатишмоқда. Хусусан, таниқли   ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг  чиқишлари нафақат воқеликни  холис ва ҳаққоний акс эттириш,  балки халқимизга ўзига хос тушунтириш беришга  хизмат қилмоқда.

“Олтин қалам” миллий мукофоти  соҳибаси, журналист Барно Султонова эса  талабаларни  текинга  олиб кетган водийлик хайдовчини мисол келтириб, ўз  каналида  барчани  ҳамжиҳат бўлишга чақиради: ”Келинг, бирлашайлик. Бир киши ниқоб тақмай ёки тартиб қоидага бефарқлик қилиб касал бўлса, қанча одамга юқтиради ва ниқоб тақса, олдини олса, қанча одамни сақлаб қолади. Сақлаб қолувчи ҳам, тарқатувчи ҳам СИЗ ёки МЕН бўлишимиз мумкин”, деб ёзади у.

Дарҳақиқат, бундай пайтларда воқеалар жарчиси бўлган биз журналистлар, айниқса ҳар қачонгидан ҳушёр бўлишимиз, холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига қатъий амал қилишимиз, ижтимоий тармоқларда билиб-билмай, ё бўлмаса атайлаб тарқатилаётган асоссиз гапларга тезкорлик билан муносабат билдиришимиз,  асл манзарани кўрсатиб беришимиз ниҳоятда муҳимдир.

Журналист ахлоқ-одоби, маънавияти  нафақат унинг ўзи, балки бутун миллий журналистикамиз шаъни, ориятини ифода этади. Чунки, халқимиз  наздида  журналист –  жамият виждони,  илғор кучи ва зиёли инсон бўлиб, бу ишончни сўндирмаслик, унга лойиқ бўлиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Айни шу  мақсадда  ўтган йили  “Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси”  қабул қилинди. Унга биноан, ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди. Бунда у  камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши лозим. Умид қиламизки, кодекс  ҳар биримизнинг  фаолиятимизда асосий  ахлоқий мезон  бўлиб қолади.

Бугуннинг шиори ягона: ўзингни ва ўз элингни асра!

Мардга мард дўст қўлин чўзгани дуруст,

Элдан дард кетгуси бирлашса улус.

Асло тарк этмасин юртни омонлик,

Меҳру оқибатга тушмасин “вирус”.

 

Саъдулла ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси.