Ҳунармандлар журналистлар нигоҳида

2020-03-12T06:39:57+00:0012 Mart, 2020|Самарқанд вил.|

Пресс-тур

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантиришга бағишланган икки кунлик пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирга республика телерадиоканаллари, интернет ва босма оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган журналист ва блогерлар таклиф этилди.

Пойтахтдан келган ҳамкасбларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси, сенатор Ф.Тошев кутиб олди.

Иштирокчилар дастлаб, Самарқанд шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да кулолчилик, заргарлик, тикувчилик, наққошлик, кандакорлик, зардўзлик каби ҳунарлар билан шуғулланаётган усталар фаолияти билан танишди.

Кейинги манзил »Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари» Ўзбекистон-Афғонистон қўшма корхонаси бўлди. 250 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатаётган мазкур корхонада ипакнинг табиий бўёқлар билан рангланиши ва гилам тўқиш жараёни тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Корхонанинг кўргазма залида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов пресс-тур иштирокчилари билан суҳбатлашди. Бу ерда журналист ва блогерларга Самарқанд ҳунармандчилиги ва халқ амалий санъатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ҳар ким ҳам ҳунармандчилик маҳсулотларига харидор бўлавермайди, уларни, асосан, санъатни, қўл меҳнати машаққатини тушунадиган,  ундан завқлана оладиган инсонларгина сотиб олади, – деди вилоят ҳокими. – Самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар шу пайтга қадар, асосан, хорижликлар томонидан харид қилинар эди. Бугунги кунда маҳаллий аҳолининг ҳам бунга қизиқиши ортиб бормоқда. Вилоятимизда ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаш жараёнларини сайёҳларга кўрсатиш мақсадида туристик масканлар ташкил этилмоқда. Масалан, биз турган ипак гиламлари фабрикаси ҳамда «Конигил мерос» қадимий Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш корхонаси кейинги пайтларда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум масканларга айланди.

– XIX асрда Туркманистонда жундан тўқилган гиламча яқинда италияликлар томонидан 120 минг долларга харид қилинган, – дейди корхона бош технологи Ҳожисоатдурди Бодғизий. – Ҳунармандлар меҳнати ана шундай қимматли, қадрлидир. Корхонамизда ўша гиламнинг нусхаси тўқиляпти. Бу гиламни икки нафар ишчи бир йилга яқин вақт мобайнида тўқиб битиради. Унинг нархи янги пайтда 15 минг долларга баҳоланиши мумкин. Бу гиламлар қанча кўҳна бўлса шунча қиммат бўлади.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Ургут туманидаги кулоллар сулоласининг саккизинчи вакили Нўъмон Облоқулов хонадонида бўлди. Бу ерда улар кулолнинг устахонаси, кўргазма зали билан танишди. Кулолчилик маҳсулотлари ясалиш жараёнини томоша қилди.

Тадбир иштирокчилари тойлоқлик рассом Аҳмад Умаров ижод уйида ҳам бўлишди.

Тадбирнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида фаолият юритаётган ёғоч ўймакори Мансур Асадов устахонасидаги иш жараёнлари билан танишишдан бошланди. Бу ерда оддий ёғочдан ноёб ва гўзал буюмлар яратиб, уларга “жон” бағишлаётган ҳунарманд ва «Устоз-шогирд» анъанаси асосида ушбу ҳунар сирларини ўрганаётган ёшлар иши иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.

Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари Самарқанд туманидаги “Конигил мерос” хусусий корхонасига борди. Бу ерда улар қадимий қоғоз ишлаб чиқариш жараёнлари, тегирмон ва жувозлар, корхона ҳудудида ўтмиш ва бугун уйғунлигида сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

– Бугунги кунда вилоятимиз шаҳар ва туманларида  6 мингдан ортиқ ҳунарманд ва уларнинг шогирдлари 34 йўналишда изланиб, меҳнат қилмоқда, – дейди республика  “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Улар «Устоз-шогирд» анъанасини йўлга қўйиб, 4 минг 400 га яқин шогирдлар тайёрламоқда. 2019 йилда умумий қиймати 14,7 миллиард сўмлик банк кредити ҳисобига жами 411 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 1 минг 270 нафар фуқаро бандлиги таъминланди. 2020 йил биринчи ярим йиллиги давомида 29,4 миллиард банк кредити ҳисобига жами 834 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. Ҳунармандларга тайёрлаган маҳсулотларини сотилиши учун ҳам кўмаклашиш асосий мақсадларимиздан бири. Бунинг учун интернет орқали савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳам ҳунармандларимизни қўллаб-қувватлашнинг бир кўриниши. Икки кун давом этган пресс-турнинг мақсади ҳам шунга қаратилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ, Самарқанд.