“Сувчи” жамоат бирлашмаси: ҳамкорликдаги семинарлар

2020-03-11T11:59:29+00:0011 Mart, 2020|Сурхондарё вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими мана қарийб икки йилдирки, Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастуридан ўрин олган “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё Минтақавий Экологик Маркази ва унинг Ўзбекистондаги филиали ҳамда “Сувчи” Жамоат Бирлашмаси билан ҳамкорлик  қилиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида вилоятда ушбу лойиҳа асосида “Республиканинг олтита ҳудудларида оммавий ахборот воситалари учун инфо-компания инструментлари (А3.3)” мавзуси бўйича   кўплаб тренинглар ташкил этиб келинмоқда.  Навбатдаги ташкиллаштирилган  семинар журналистларнинг қизғин бахсларига сабаб бўлди.

Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да бўлиб ўтган семинарда “Сувчи” Жамоат Бирлашмаси директорлар кенгаши раиси Т.Мажидов, мутахассис А.Хўжақулов «Минтақамизда ва мамлакатимизда сув ресурсларини ва сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар», «Қишлоқ хўжалигида сув тежаш технологиялари», «Орол инқирози ва уни юмшатиш» мавзуларида презинтация ўтказди. Тренинг давомида журналистлар мутахассисларга мавзу юзасидан саволлар билан мурожаат этишди ва аниқ жавобларга, маълумотларга эга бўлишди.

Тадбирда лойиҳа мутахассислари тренинг иштирокчиларига “Қишлоқ хўжалигида сув тежаш технологиялари” мавзуси бўйича материаллар тақдим қилди. Шунингдек, республикада томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиб ютуқларга эришиётган фермерлар ҳаётидан олинган видеолавҳалар намойиш қилинди.

Тадбирда иштирокчиларнинг мавзулар бўйича фикрлари тингланди. Семинар сўнгида  фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.

 Мастура Хамраева

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси