Ободлик маҳалладан бошланади

2020-03-11T11:12:18+00:0011 Mart, 2020|Сурхондарё вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Сурхондарё вилоят бўлими  вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси билан ҳамкорликда  Музработ  туманига медиа-тур ташкил этди.   

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод марказ” дастурлари шаҳару қишлоқлар, ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Бу бўйича Музработ туманида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бунёдкорлик ишлари қай даражада?

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Сурхондарё вилоят бўлими  вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси билан ҳамкорликда  ташкил этган медиа-турда шу саволларга жавоб  изланди.

Эрта тонгдан бир гуруҳ журналистлар Музработ туманига отланишди. Даставвал иштирокчилар аҳоли учун қурилган “Шаффоф” маҳалласидаги  кўп қаватли уйлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 апрелдаги “2017-2021 йилларда кўп хонодонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2922-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида   Музработ туманида жойлашган 6 та кўп қаватли уй-жойларни том қисмини мукаммал таъмирлаш учун, дастур асосида банклар томонидан 767 млн. сўм кредит маблағлари ажратилганди. “Шаффоф сари омад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли “Шаффоф” маҳалласида жойлашган 3 та кўп қаватли уй-жойларни том қисмини мукаммал таъмирлаш учун туман “Микрокердит банки” томонидан 467 млн. сўм ва “Музработ коммунал таъмир” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли “Шаффоф” маҳалласида жойлашган 3 та кўп қаватли уй-жойларни том қисмини мукаммал таъмирлаш учун туман “Агробанк” томонидан 300 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб  6 та кўп қаватли   уй-жойларнинг том қисми мукаммал таъмирланди. Уларда аҳолининг турмуш тарзи қай холатда эканлиги билан журналистлар яқиндан танишди.

Шундан сўнг, улар 2019 йил “Шаффоф” МФЙ ва “Янги ҳаёт” маҳаллаларида жойлашган   52 та кўп қавватли уй-жойларни кўришди. Тумандаги паррандачилик фабрикаси фаолияти билан  танишишди.

Медиа-тур давомида журналистлар Музработ туман ҳокими Э.Алимов билан учрашишди. Туман ҳокими журналистларга тумандаги жадаллик билан олиб борилаётган кенг қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳақида  маълумот бериб, уларни қизиқтирган  саволларга жавоб қайтарди.

Мастура Хамраева

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси