Арабу мўғул ўчиролмаган, “ўзларимиз” ўзга номга кўчиролмаган, офтобни хира булут яширолмаган кун келди

2020-03-12T06:28:55+00:0010 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!

Юртимизга ҳар йили ўзгача шукуҳ билан кириб келадиган баҳор фасли байрамларга бой. Ҳар бир шодиёна халқимизнинг қалбига илиқлик олиб киради. Баҳор безагига яна ҳам зийнат берувчи байрам бу – Наврўз.

Кўклам нафаси уфуриб, она табиатимиз беқиёс гўзаллик касб этаётган, тинч-осойишта юртимизнинг бепоён қир-далалари яшил либосларга бурканиб, қалбларимизни мислсиз орзу-умидларга чулғаётган, келажакка, эртанги кунимизга ишонч, улкан ютуқ ва марралар сари шижоатга тўлдираётган ушбу қутлуғ кунларда, барчамиз элимизнинг яна бир қадимий шодиёнаси, умумхалқ байрами – Наврўзи оламни қарши олмоқдамиз.

Ана шундай фараҳбахш кунларда — 2020 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наврўзинг — янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга доир қарори қабул қилингани байрамни янада кўтаринкилик билан, халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва бағрикенглик, табиат, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётимизни қадрлаб, унга шукроналик келтириб яшашга даъват этади.

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамдир.

Наврўз миллий маънавиятимиз ривожидаги энг муҳим шодиёнадир. Бу кунда юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорий таомлару, турли миллий ўйинларга алоҳида урғу берилади. Хусусан, миллий таомларимиздан сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара кабилар байрам дастурхонининг кўркига айланади. Айниқса, сумалак базмларининг ўзгача гашти бор.

Наврўзнинг шаклланиш даври – энг қадимги замонлардан “зардуштийлик”нинг пайдо бўлишигача давом этган асрларни ўз ичига олади.

Ўзбек халқининг буюк алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: “Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди.

Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатади. Наврўз эронликлар “зиж”лари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган.

Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтатилган, гина-қудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтишган. Бу ҳақда Лутфийнинг “Гул ва Наврўз” достонида шундай сатрлар ҳам бор:

Улусга мустаҳиқларни қилиб шод,
Ҳамул дам бандиларни қилди озод.

Наврўз барча шаҳару қишлоқларда ўзига хос сайл тарзда ўтказилади. Байрам куни турли хил мусобақалар ўтказилади. Баҳор кўкатларидан тайёрланган нозу неъматлар тортиқ этилади. Барча вилоятларнинг энг истеъдодли ва ёш xoнaндалари хизматда бўладилар.

Элимизнинг муроду мақсадини куйлаган, юртимизнинг орому осойишини ўйлаган, бутун борлиқ мурувват айлаган, бағрига бениҳоя эзгу муҳаббат жойлаган, ёмонликлар йўлин бойлаган, яхшиликдан достон сўйлаган, барчани бирдай сийлаган байрамдир бу – Наврўз.

Бу байрамни баҳори баробар келгувчи, бир хил йиғлаб, бир хилда кулгувчи, мучал йилини билгувчи, урфини ҳурмат қилгувчи талай элу элатлар, мазҳаблару миллатлар янги йил деб нишонлайдилар. “Тўқсон”нинг бахайр ўтганини, яъни “кўк”ка оғизлари етганини айтиб, бир-бири билан омон-омонлашади.

Бир вақтлар бўлдики, Наврўз эскилик сарқити ҳисобланиб, сумалаклар ағдарилиб, уни тақиқлаб қўйдилар

Ўзбек халқининг миллий қадриятларини оёқости қилишга, миллий анъаналарини йўқотишга уринган мустабид ҳукумат турли маросимлар қатори Наврўз байрамини ўтказишни таъқиқлаб қўйган эди. Кексаларимиз бу ҳақда шундай кунлар бўлдики дарвозаларини қулфлаб яширин сумалаклар қилингани, агар бундан мустабид ҳукумат хабар топса, келиб қозондаги сумалак ва ошларни тўкиб ташлашганини, одамларни эса қаттиқ жазолашганликларини айтишади.

Шоир айтганидек:

Сенга тош  отганлар    ғайрилар     эмас,
Эсидан,
         ҳушидан       айрилар       эмас,
Ўзларимиз
    эдик,  ўзларимиз   бас,
Нетай
          бир-бирига  ёв       бўлса            кўзим –
Куюк
   Наврўзим!

Ва ниҳоят, ўша – арабу мўғул ўчиролмаган, “ўзларимиз” ўзга номга кўчиролмаган, офтобни хира булут яширолмаган кун келди. Бу кун туғида ва ҳақ деганининг кўз қорачиғида келди. Уни кўплар интиқ кутдилар, шоирлари юрак дардларини шеърга тўкдилар:

Басирлар      билурми,      тонг отар яқин,
Ғофиллар
     уйғонур,       сен    чақсанг        чақин,
Не
       ажаб, болга            ҳам    тил   энса  бир    кун,
Кел,
    аҳли  ноқисга        тилайлик    тўзим,
Буюк Наврўзим!

Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида шундай баён қилади: “Аббосийлар халифаси ал-Маъмун (810-833 йиларда подшолик қилган) ўзининг яқин кишилари бўлмиш Али ибн Мусо ар-Ризодан “Наврўз нима?” деб сўраганда, у: “Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу кунда яратилганлар, уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки Қуёш шу кунда яратилган, у замоннинг биринчи кунидир”, деган.

Хавашяликларнинг айтишича, Сулаймон подшоҳнинг узуги йўқолган кун подшоҳлиги ҳам қўлидан кетган. Қирқ кундан кейин узуги топилгач, подшоҳлиги ҳам, равнақи ҳам қайтиб келган. Подшоҳлар унинг ҳузурига тўпланадилар. Шунда эронликлар “Наврўз омад”, янги кун келди” деганлар. Натижада шу кун Наврўз деб аталади.

Умар Хайёмнинг “Наврўзнома“ асарида эса бу байрам Жамшид подшоҳ даврига бориб тарқалишини айтади. Жамшид подшоҳ далварзин ойида Наврўз байрамини нишонлашни буюради ва ҳар йили шу ойда Наврўз байрами нишонланиб келган экан.
Бу кунларда турли урф-одатларни эслаб, атроф-муҳит тозаланади, турли кўкатларни териб витаминли таомлар, буғдой ундириб, сумалаклар пиширилади. Қариндош-уруғларни ёд олиб кўришга борадилар, ота-боболарни, ўтган авлодларни хотирлаб, қабрларини зиёрат қиладилар. Беморларни Наврўз таомлари билан йўқлаб, кўнгил кўтарадилар ва шундан кейинги кунлардан дала, ишларига киришиб кетадилар.

Наврўз кишиларни табиатга яқинлаштирган, инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро узвий алоқадорликни акс эттирган мусулмон халқларининг ажойиб ва ноёб маданий-маънавий меросидир.

Қуёш айни шу куни ҳаётбахш нурларини тик, яъни 90 даража бурчак ҳосил қилиб, сайёрамизнинг қоқ белига – экваторга йўналтиради. Шу дақиқаларда баҳорги кеча-кундуз тенглашади ва 22 мартдан бошлаб қуёшнинг тик йўналган нури шимолий тропик чизиғи томон ҳаракатланади. Бу Наврўзнинг илк ва қутлуғ қадами бўлиб, табиатнинг жонланиши билан кишиларнинг хўжалик фаолияти ўртасида уйғунлик намоён бўлади. Жумладан, бобо деҳқон она ерга меҳр билан ишлов беришга киришади, табиат ўт-ўланлар, қир-адирларни гилам сингари яшил либосга бўяйди…

Наврўз айёмидан сўнг яна бир байрам, яъни Маҳалла тизими ходимлари кунининг нишонланиши эса, Наврўз ва маҳаллаларимиз ҳаётида уйғунлик, муштараклик борлигидан далолат беради.

Нурилло Насриев, ЎзА