​Болалар газета ўқишни хоҳлайди​

2020-03-12T06:30:01+00:0010 Mart, 2020|Умумий янгиликлар|

Бир вақтлар хонадонларнинг почтаси доим газета ва журналларга тўла бўларди.

Давр тақозоси билан эндиликда босма нашрлар ўрнини электрон оммавий ахборот воситалари, интернет медиа тузилмалар эгаллаётгани барчага аён. Бироқ замон қанчалик шиддат билан тараққий этмасин, барибир ростмана мутолаа, китоб, газета ва журнал ўқишнинг ҳам гашти бошқа.

Мамлакатимизда болалар учун бир қатор босма даврий нашрлар чоп этилади. Ўзбекистон Республикаси болалар ва ўсмирлар газетаси бўлмиш «Тонг юлдузи» уларнинг бири. Кўп йиллар аввал «Ленин учқуни» номи билан чоп этилган ушбу газета 90 йилдан ортиқ тарихга эга. Мазкур нашр бугунги кунда юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини қай тарзда ёш авлодга етказаяпти? Унинг муаммолари нималардан иборат? Шу каби саволлар билан мазкур газета бош муҳаррири Феруза ОДИЛОВАга мурожаат этдик.

– Президентимизнинг 2017 йил 11 августдаги «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ва 2017 йил 17 августдаги «Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ўз ҳисоб рақамимиз ва муҳримизга эга бўлдик. 2017 йил 10 октябрда давлат корхонаси бўлиб рўйхатдан ўтдик.

Газетанинг барча сонида мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг моҳияти, унинг доирасида жойларда амалга оширилаётган ишларни болалар учун содда, равон, оддий тарзда етказишга аҳамият қаратилмоқда. Газета болаларни мутолаага қизиқтиришнинг муҳим воситаларидан саналади. Шу сабабли бу борада бевосита таълим даргоҳлари, ўқитувчилар, тўгарак раҳбарлари, ота-оналар билан биргаликда иш олиб боришга, болалар учун қизиқарли мавзуларни танлашга катта аҳамият қаратилмоқда.

Саҳифаларимизда янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгиланаётган мактаблари, жумладан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослаштирилган билим даргоҳлари, улардаги таълим жараёнлари ҳақида имкон қадар кўпроқ материаллар бериб борилмоқда.

Ёритилаётган материаллар орқали болаларнинг билим олишга, ҳам мутолаага бўлган қизиқишининг ортиши шубҳасиз. Шу билан бирга турли ижодий танловлар ташкил этиб, болаларни ўқишга бўлган интилишини кучайтиришга, дунёқарашини кенгайтиришга интилмоқдамиз. Масалан, «Ким кўп китоб ўқийди» ижодий танлови ўқувчи-ёшларни китоб ўқишга бўлган иштиёқини оширишни кўзлайди. «Бойликларни болаликдан асранг» номли танлов электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви каби бойликларнинг қадрига етишга, уларни исроф этмасликка ундайди. «Онажоним – табиат», «Дунё болалар нигоҳида» каби танловларга ҳам болаларнинг қизиқиши катта бўлмоқда. Ғолибларни тақдирлашда имкон қадар мактабларнинг ўзига бориб болалар, уларда китобларга ҳавас уйғота олган устозлари билан бирга рағбатлантирилмоқда.

Газетадаги айрим мавзулар ёш авлод таълим-тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлгани сабабли «Ота-онангиз билан бирга ўқинг», «Устозингиз билан биргаликда ўқинг» каби рукнлар остида ёшлар тарбияси, уларнинг ўқишга бўлган муносабатига оид мақолалар доимий бериб борилади. Ёш газетхонларнинг мутолаа орқали она тили ва адабиёт, ҳуқуқ, инглиз тили ва бошқа фанларга бўлган қизиқишини кучайтиришга катта эътибор қаратилган. «Аълочининг бир куни» рукни ўқишда муайян ютуқларга эришган ўқувчилар ҳақида ҳикоя қилса, «Менда таклиф бор», «Тенгдош маслаҳати» рукн-сарлавҳа остида болаларнинг ўзларига оид таклиф ва мулоҳазаларни кенгроқ бериб бориш билан бирга, турли қизиқарли тестлар, фан олимпиадалари ғолибларининг ютуқлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Ўқувчи-ёшларнинг газетага бўлган қизиқишини қай тарзда таҳлил этиб, ўрганиб борасизлар?

– Мактабларда бўлиб ўтадиган учрашувлар давомида шунга гувоҳ бўламизки, болалар чиндан ҳам газетага жуда қизиқади. Масалан, биз газета фаолиятига доир буклет ёки «Тонг юлдузи» нашри ёзуви акс этган дарс жадвалини болаларга тақдим этганимизда, улар турли буклетлару жадваллардан кўра, кўпроқ айнан газетанинг ўзини сўраб, ростмана «Тонг юлдузи»ни афзал биладилар.

Ҳозирги кунда нашрнинг обуна орқали тиражи 6 мингтани ташкил этса-да, газетани олти мингнафардан ортиқ бола ўқийди, деб бемалол айта оламиз. Албатта бу кўрсаткич жуда кам. Ахир газета кириб борган синфда, хонадонда уни барча болалар мутолаа қилиши табиий ҳол-ку. Бунга мактаб ўқувчиларнинг ўзлари, ота-оналар, ўқитувчилар, адабиёт тўгараклари раҳбарлари билан учрашув, суҳбатлар жараёнида яна бир карра ишонч ҳосил қилганмиз.

Сир эмаски, бугунги кунда бола биринчи синфга ўқиш, ёзишдан хабардор бўлиб бормоқда. Газета материалларини тайёрлашда айни жиҳатларга ҳам эътиборни қаратишга интиламиз. Материалларнинг ранг-баранглигини таъминлашга, уларни фанлар билан боғлашга ҳаракат қиламиз.

Ўтган йиллар давомида газетанинг тиражи 100 минг бўлгани ҳолда, бу йил унинг адади кескин тушиб кетгани албатта афсусланарли. Баъзан буни мажбурий обунага барҳам берилиши билан ҳам боғлайдилар. Лекин шуни аниқ айтиш мумкинки, болалар барибир газета ўқишни астойдил хоҳлайди. Бунга сира шубҳа йўқ. Тасаввур қилинг, 1-синфга ўқишга келган кичкинтой «Ғунча», «Гулхан», «Тонг юлдузи» каби нашрларнинг борлигини қайдан билсин?! Буни болаларга уларнинг ўқитувчилари тушунтириши керак. Мактаб кутубхонасида ҳам айнан мактаб ҳаёти, болалар учун мўлжалланган нашрлар, газета ва журналлар бўлмоғи керак, деб ўйлайман. Ҳеч бўлмаганида, бир синфга икки дона болалар нашри кириб бориши, бунда мактаб раҳбари, ўқитувчилар, ота-оналар ҳам жонбозлик кўрсатмоғи зарур. Демоқчиманки, мутолаа тарғиботида ўқитувчилар фаоллик кўрсатса, ўғил-қизларнинг мутолаага бўлган қизиқиши янада ортишига сира шубҳа йўқ. Бизнинг муштарийларимиз 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилардир. Демакки, биринчи синф боласига ҳам, 11-синф ўқувчиси учун ҳам қизиқарли бўлган материалларни тайёрлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

– Эҳтимол обунанинг нархи баланддир? Ўқувчига газетанинг етиб бориши билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлса керак?..

– Йўқ, газетамизнинг обунаси анча ҳамёнбоп нархда. Бир йилга 62 минг 400 сўмни ташкил этади. Лекин почта хизмати нархига қараб, бу сумма ўзгариши мумкин. Тўғриси, газеталар ҳудудларга кечикиб боради. Ҳатто, Тошкент шаҳрининг ўзига ҳам газета босмахонадан чиққандан сўнг 2-3 кунлаб кечикиб боради. Бугунги тезкор даврда, воқеликлар шиддат билан ўзгараётган пайтда газетани эрта ёки индин куни, анча кеч бориши яхши эмас, деб ўйлайман. Шунингдек, обуна пуллари таҳририятнинг ҳисоб рақамига ўз вақтида келиб тушмайди.

Муаммолардан яна бири ойлик иш ҳақининг пастлиги билан белгиланса, бошқа жиҳатдан кўпчилик ёш ижодкорлар «Тонг юлдузи» газетасида бир мунча ишлаб, сўнгра каттароқ нашрларга, бошқа меҳнат жамоаларига ишга ўтиб кетади. Яхши кадрларга эҳтиёж катта. Ёшлар таҳририятдан иш ўрганади-да, кейинчалик бошқа жойларга ишга ўтиб кетишади. Айтмоқчиманки, қайсидир маънода «Тонг юлдузи» газетаси кўпчилик ёш журналистлар учун ўзига хос ижодий трамплин вазифасини ўтайди. Лекин қаерда бўлмасин, «Тонг юлдузи»да ишлаб кетган кадрлар фидойилиги, катта ижодий салоҳиятини ҳамиша муносиб тарзда кўрсата олгани қувонарлидир.

ЎзА мухбири

Назокат УСМОНОВА

суҳбатлашди