Қиз бола мунглиғ бўлади

2020-02-26T12:11:05+00:0026 Fevral, 2020|Ҳафта мақоласи|

Катта онам қазо қилганига саккиз йилдан ошди. Бироқ болалигим ўтган ҳовлига борсам, ҳар бурчакдан томоқ қириб онам чиқиб келаётгандек бўлаверади. Тугунини қўлга оларди-ю, ўзи айтганидек тайпанглаб йўлга отланиб қоларди. “Она, кеч бўлганда қаерга борасиз энди?” десак. “Фароғат аммангни кўриб келай, негадир бугун ишдан қайтаётиб кириб ўтмади. Тинчмикан ишқилиб”, дея ҳай-ҳайлашимизга қарамасдан йўлга чиқиб кетарди. “Мен борманми, йўқманми опа-сингилларингнинг холидан хабар олиб туринглар. Қиз бола мунглиғ бўлади. Иккита нон кўтариб кириб борсаларинг уйимга акам келибди, укам келибди, деб қанчалар қувониб қолади”, дерди раҳматли.

АЁЛСИЗ УЙ – УЙ ЭМАС

Устозимиз, таниқли журналист Фармон Тошев биздан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб, ижодимиз билан қизиқиб туради. Баъзан, ҳеч нарса ёзмаяпсизлар, нега матбуотда кўринмай қолдиларинг, деб дашном беради. Устознинг ўта эътиборлилиги-ю, ўзимизнинг бир оз лоқайдлигимиздан хижолат ҳам бўламиз яна. Бу гал ҳам суҳбатимиз ижод хусусида кечди.

Устоз аёллар мавзусида мақола ёзмоқчи эканимни эшитгач, оиладаги барча аёллар – қайнона, икки келин уйдан кетиб, ёлғиз қолган эркакларнинг бошига тушган турли кўргиликлар ҳақидаги миллий фильмларимиздан бирини эслатди (афсуски кўрмаган эканман).

– Аёлсиз уй-уй эмас – ғурбатхона, худди шундек аёлсиз жамият ҳам жамият бўлолмайди, – деди устоз. – Биз газетамизда “Уй бекаси бекорчими?” сарлавҳали мақола берган эдик бир пайтлар. Аёл эрталабдан кечгача тиним билмайди, айниқса, қишлоқ аёли. Хўроз қичқирмасидан туриб сигир соғади, ҳовли супуради, фарзандлари учун нонушта тайёрлайди, уларни болам-бўтам қилиб уйғотиб, овқатлантиради. Катталарини мактабга жўнатади. Турмуш ўртоғини ишга кузатади. Кир ювади, томорқага, мол-ҳолга қарайди. Ғимир-ғимир билан кунни кеч қилади. Мана – аёлнинг бир кунлик ҳаёти. Биз уни яна бекорчи, ишсиз деймиз.

Устознинг гапларига қулоқ солиб, бир воқеа ёдимга тушди. Бир неча йил аввал мамлакатимизда ижодий сафарда бўлган покистонлик журналист Иқрор Хорунга ҳамроҳлик қилган эдим. Уни пойтахтимиздаги муҳташам меҳмонхоналардан бирига жойлаштирдик. Ҳамма шароит муҳайё. Меҳмонхона харажатларига кўплаб хизматлар киритилган экан, фақат кир ювиш ва дазмол босишдан ташқари. “Хотинимни ҳам олиб келсам бўларкан, бу ишлар анча қиммат тураркан меҳмонхонада”, деган эди Иқрор Хорун жаноблари ҳазиллашиб.

Мақолани кўпчиликка таниш бир ривоят билан якунламоқчиман. Зора, хулоса ўрнида ўтса:

Кун бўйи рўзғор ташвилари билан тиним билмаган аёл кеч тушгач, оиласидаги эркаклар дастурхонига бир боғ пичан келтириб қўйибди. Турмуш ўртоғи, ўғиллари уни ақлдан озиб қолдимикан, деб ҳайрон бўлишибди. Шунда аёл: «Мен сизларнинг бунга эътибор қаратишингизни қаердан билибман? Шу уйни – уй, рўзғорни – рўзғор қиламан деб жоним ҳалак. Бир нафас тиним билмайман, кир юваман, дазмол босаман, ҳовли супираман, уй тозалайман, сизлар учун овқат тайёрлайман. Лекин, шунча вақт давомида пичан эмас, таом еганингизни менга бирор марта бирор сўз билан англатмагансизлар-ку!” дебди.

 

Азизам, сиз борсиз, Худога шукур!

 

Мен сўз сайлаяпман сўз орасидан,

Чеҳрангиз ўтказиб кўз қорасидан,

 

Севинчлар сачрар дил фавворасидан,

Азизам, дилсўзсиз, Худога шукур!

 

Азизам, дилрўзсиз, Худога шукур!

Тангрининг инъоми – йўғу бори сиз,

 

Ошиқлар аъмоли – ишқнинг кори сиз,

Хаста юракларга фақат дори – сиз,

 

Азизам, ҳабибсиз, Худога шукур!

Азизам, табибсиз, Худога шукур!

 

Тонгги ёмғирдайин ифорлисиз сиз,

Гоҳ сокин, гоҳида изҳорлисиз сиз,

 

Бирда тониб, бирда иқрорлисиз сиз,

Азизам, найсонсиз, Худога шукур!

 

Азизам, хайронсиз, Худога шукур!

Сел бўлиб йиғлайсиз, отасиз хандон,

 

Чеҳрангиз тундлашса бу дунё зиндон,

Гоҳо жон берасиз, гоҳ сўрайсиз жон,

 

Азизам, ашкчисиз, Худога шукур!

Азизам, рашкчисиз, Худога шукур!

 

Тангри яратган энг муаттар гулсиз,

Бир қараса бийрон, бирда жим – тилсиз,

 

Гоҳида малика, гоҳида қулсиз,

Азизам, мағрурсиз, Худога шукур!

 

Азизам, мағлубсиз, Худога шукур!

Кўнгил зулматини ёритгувчи нур,

 

Юрак ғуборларин аритгувчи нур,

Дилни энтиктириб, ҳоритгувчи нур,

 

Азизам, сиз нурсиз, Худога шукур!

Азизам, шукурсиз – Худога шукур!

 

Кўкламнинг ҳар куни кўнггилга дўнгай,

Қалдирғочлар келиб қошимга қўнгай,

 

Ҳар неки десангиз бу кўнгил кўнгай,

Азизам, биз борсиз, Худога шукур!

 

Азизам, даркорсиз, Худога шукур!

Воҳид ЛУҚМОН