Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда журналистларнинг ҳуқуқий билимларини оширмоқда

2020-02-25T13:16:38+00:0025 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Ҳуқуқий саводхонлик ва  маданиятни юксалтириш ҳар бир жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир киши қаерда, қандай соҳада ишлашидан қатъий назар ҳуқуқий билимларнини ошириб бориши, ўз соҳасига оид қонунларни мукаммал билиши шарт. Ана шундагина у иш фаолиятида хатоларга йўл қўймайди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида кадрларнинг ҳуқуқий билими ва малакасини ошириш борасида ўқув курслари ташкил этилган.

Жамиятнинг илғор  кучи ва виждони ҳисобланган  журналист фаолияти учун  бу янада устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан  2019 йил 26 декабрда тасдиқланган Аҳоли ва ахборот соҳаси субъектларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг  14-бандида “Ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган  журналистларнинг, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбар ва ходимларининг  малакасини ошириш учун Юристлар малакасини ошириш  марказида шартнома асосида махсус малака ошириш курслари ташкил қилиш” кўзда тутилгани  ҳам бунинг  далилидир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Адлия  вазирлиги   билан ҳамкорликда шу мақсадда оммавий ахборот воситалари  ходимлари учун   ўқув курси ташкил этди.

Жорий йил  24 февралда бошланган малака ошириш  курслари  6 мартга қадар  давом этади.  Унда йигирмага яқин журналистлар иштирок этмоқда. Ўқув дастуридан “ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари”, “Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги  ислоҳотларнинг устувор йўналишлари” модуллари  асосида  оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи, Журналистнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси журналистининг чет элдаги ва чет эл журналистининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида кўзда тутилган асосий йўналишлар, коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг иштироки каби  журналистик фаолият учун муҳим бўлган мавзуларда   таниқли  назариётчи олимлар  маърузалари ўрин олган.

ОАВ вакилларининг ушбу курсларда оширган ҳуқуқий билимлари келгуси фаолиятларида  уларга асқотиши шубҳасиз.