Сирдарёда маънавият ва маърифат байрами

2020-02-25T06:59:16+00:0025 Fevral, 2020|Сирдарё вил.|

Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳридаги муҳташам Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактабида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш доирасида  «Сайхун саболари», «Сирдарё мавжлари», «Сирдарёда улуғвор  ўзгаришлар” китоблари ҳамда Ўзбекистон Халқ шоири, халқимизнинг ардоқли фарзанди Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

Ўтган йили Президентимиз Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувларида  “Сирдарёни бешта йўналиш бўйича намуна қиламиз!” деган шиорни ўртага  ташлаган  эдилар. Бир йил ичида ҳар беш ташаббус бўйича ибратли ишлар амалга оширилди.

Сирдарёга пойтахтдан “Маърифат карвонлари” да минг-минглаб китоблар келди. Мактаб кутубхоналари ҳомийлар ва мактабни битириб кетган  ўқувчилар томонидан туҳфа қилинган китоблар эвазига ҳам бойиди.

Бугунги тақдим этилаётган китоблар –  “Сирдарёда улуғвор узгаришлар” китобида вилоятдаги улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида сирдарёлик журналистларнинг очерк ва публицистикалари, мақолалари жой олган. “Сайхун саболари” тўпламида вилоятдаги шоирларнинг,”Сирдарё мавжлари” китобида эса вилоятда яшаб  насрда ижод қилаётган  ижодкорларнинг энг сара асарлари  жамланган.

Тадбирни  Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Носиров очиб барчани бугунги Маънавият ва маърифат байрами билан қутлади.

Унда сўзга чиққан  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев бу беш ташаббуснинг юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзганлиги, замондошларимиз  маънавиятини юксалтириш борасида кенг кўламли  ишлар амалга оширилаётганлиги  ҳақида тўлқинланиб сўзлади.

Республика Ёзувчилар уюшмаси раис ўринбосарлари Ғайрат Мажид,  “Шарқ” нашриёти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедовлар Ҳалима Худойбердиева мактаби билан таниш жараёнидаги  ҳайратларини ва ҳавасларини  яширмадилар. Мактаб ўқувчиларига ўқишларида, ижодларида ютуқлар тиладилар. Бугунги тақдим этилаётган китоблар, ижод аҳлига Президентимиз, давлатимиз  томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси  Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар” тўпламини нашрга тайёрлаган  таниқли шоир, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Азизбек Турдиев шоирнинг ҳали  кўп тадқиқотларга молик ижоди ҳақида сўз юритди.

Ёзувчилар уюшмаси  Сирдарё вилоят бўлими раҳбари, сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева  бугунги ташриф ва  бебаҳо туҳфалар  учун пойтахтдан келган ижодкорларга  миннатдорчилик изҳор қилди.

Тадбир сўнгида яқиндагина  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган  уч нафар ижодкорлар – шоирлар   Аҳрор Байзо, Абдуғани Абдураҳмонов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Ҳонимқуловларга  уюшмага аъзолик билети тантанали тарзда топширилди.

Дилором Исмадиёрова.