Сеҳрли қалам соҳибаси

2020-02-20T06:17:24+00:0020 Fevral, 2020|Сирдарё вил.|

Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими мутахассиси, ёзувчи Дилором Исмадиёрованинг “Сирдарёча тўй қиламиз” номли китоби  нашр этилди.

  Адабиёт шундай бир сеҳрли дунёки, унга кирган кишининг тафаккур гулшани янада гўзаллашади, борлиққа бошқача ёруғ нигоҳлар билан қарайди. Ижодкор  оламни вужуди билан, туйғулари билан севади. Шу оламни мунаввар этиб турган турфа тақдир эгалари билан  бир ҳаводан нафас олар экан, ҳар бирининг кечмишига, касбу корига, ўзидан кейин қолдирган нурли изларига теран нигоҳ билан назар ташлайди. Каттами- кичикми, ёзган асари билан кимнингдир хатосидан тегишли хулоса чиқаришга, шукроналик келтиришга ундайди. Муҳими, унинг битганлари эзгуликка, яхшиликка, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳам меҳру муҳаббатга йўғрилган бўлсагина китобхонлар қалбидан жой олади.

Сирдарёлик истеъдодли журналист, адиба Дилором Исмадиёровани кўпчилик яхши билади. Унинг замондошларимиз ҳаётига оид ажойиб  лавҳалари, очерк ва публицистик мақолалари аллақачон мухлислар эътирофига сазовор бўлган. Дилором  наср жанрида ижод қилади. Унинг ҳаётий воқеаларга асосланган ҳикоялари кўпчиликнинг назарига тушган. Ижодкор аллақачон адиба сифатида шаклланганига қарамасдан уларни китоб ҳолда чоп эттиришга шошилмади. Ёзганларини  такрор-такрор  қайта ишлаб, бадиий пухта шаклга келтирди.

Ушбу тўпламдан жой олган “Аёлнинг дам олиш куни”, “Генералнинг синглиси”, “Суюнчиталаб доялар” ҳамда “Марзия энамнинг ҳикоялари” туркумига кирган ҳаётий ҳикоялар ўқувчини ўзига  ром  қилади. Воқеалар ниҳоятда  қизиқарли бўлиб, бирининг кетидан иккинчисини  мароқ билан ўқишга ундайди. Айниқса, “Эрман, нима десам, дерман”, “Буғдойдан уч ёш кичиксан”, “Райҳон ҳиди”, каби кичик ҳикоялари, “Қайнонам  ўгитлари”, “Устозни ёд этиб” каби талайгина воқеий  битиклари, “Унутилаёзган мақол ва маталлар”и ўқувчида илиқ таассурот қолдиради. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири, сирдарёликларнинг фахри Тўра Сулаймон билан боғлиқ тотли хотиралар муаллиф томонидан жуда таъсирли ва чиройли тасвирлангани билан эътиборлидир.

Инсон қачонки кўнглида кимгадир айтар сўзи бўлсагина, ички туғёнлари уни туну кун безовта қилсагина оқ қоғозга юзланади, қўлига яхши умидлар  ила қалам тутади. Дилором Исмадиёрова  дилидаги дарду ҳасратларини, ўй-кечинмаларини, дилидаги  ёруғ хотираларини, орзу- умидларини мухлислари билан баҳам кўргиси келган бахтиёр қалам соҳибаларидан. “Сирдарёча тўй қиламиз”. Асар номи сирдарёликларнинг ўзига хос урф-одатларини, миллий анъаналарини  бошқаларга ўхшамаган сифатларини англатиб турибди.

Муаллифни дастлабки китоби билан муборакбод этарканмиз, келгусида янги-янги ажойиб ҳикоялар, қисса ва романлар битишига тилак билдирамиз. Ёзганларингни кимдир излаб, ўқиса, китобдаги  воқеалардан, асар қаҳрамонлари қисматидан ўзига тегишли хулоса чиқарса, ижодкор учун бундан ортиқ бахт йўқ. Дилором Исмадиёрова истеъдоди ва ўткир қалами билан ўз ўқувчиларининг муҳаббатини қозона оладиган бахтиёр  ижодкор эканлигига ишонамиз.

Норинисо ҚОСИМОВА,

Баҳор ХОЛБЕКОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари.