“Хоразм ҳақиқати” газетаси 100 ёшда

2020-02-19T07:46:43+00:0019 Fevral, 2020|Хоразм вил.|

“Хоразм ҳақиқати” газетаси – нуронийларнинг, меҳнат фахрийларининг севимли газетаси”

Ҳа, “Хоразм ҳақиқати” газетасининг дастлабки сони чоп этилганлигининг 100 йиллигига бағишлаб, 12 февраль куни вилоят Кенгашлар уйида вилоят меҳнат фаҳрийлари билан бўлиб ўтган учрашувда сўз олган нуроний отахон ва онахонлар ўзларининг дил сўзларини ана шундай изҳор этдилар…

Учрашувда сўз олганлар “Хоразм ҳақиқати” газетасининг ўтган йилларда ва бугунги кунда ҳам чоп этилаётган ҳар бир сонини катта қизиқиш ва эътибор билан ўқиб бораётганлиги, газетада юртимизда амалга оширилаётган яратувчиликлар, бунёдкорликлар, барча ўзгаришлар кенг ёритилаётганлигини мисоллар орқали кўрсатиб ўтишди.

“Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири в.б Солияжон Раҳимберганова газетанинг босиб ўтган шонли,шарафли йўли ва бугунги кунда ижодий жамоанинг кенг қиррали фаолияти, келгусидаги ижодий режаларига атрофлича тўхталди.

– Бу қутлуғ сана нафақат журналистлар, жамоатчи мухбирлар, ижодкорлар, балки бутун Хоразм вилояти ахлининг ҳам ўзига хос тўйи, байрами, шодиёнасидир. Мазкур газетанинг 100 йил давомидаги чоп қилинган сонларини варақласангиз унда воҳа тарихи, ижтимоий-иқтисодий соҳаларининг барча қирралари изчил ва кенг ёритилганлигининг гувоҳи бўласиз. Оддийгина мисолни айтадиган бўлсак, Хоразмга дастлабки трактор, техникалар қай тарзда кириб келганлиги, темир йўл, кўприклар қурилиши, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида хоразмликларнинг кеча-ю кундуз фидокорона меҳнат қилиб, фронтга озиқ-овқат, кийим-кечакларни мунтазам юбориб, душман устидан Ғалаба қозонишга қўшган ҳиссаси ва урушдан кейинги йилларда саноат корхоналарининг барпо этилиши,  илм-фан, маданият,  адабиёт, санъат ва бошқа жабҳалардаги янгиликлар, воқеаликларни  мунтазам равишда ёритиб келаётган, мазкур газета – воҳанинг тарихий солномасидир.

Шунингдек, газета саҳифаларида ҳаётда гоҳида учраётган айрим камчилик ва нуқсонлар, муаммолар чуқур танқид ва таҳлил қилиниб, уларни тезкорлик билан ечимини топиш зарурлиги тўғрисида  ҳозиржавоблик билан долзарб мавзулардаги мақолалар тайёрлаш ҳамиша вилоят газетаси таҳририяти ходимларининг диққат марказида бўлган.

Айниқса, мустақиллик йилларида “Хоразм ҳақиқати” газетаси  таҳририяти ижодий ходимларининг иш услуби, фаолияти янада такомиллашиб, тинмай ижодий изланиш ва аҳоли фикр-мулоҳазаларини ўрганган ҳолда мақолалар тайёрлаш, ижод қилиш фаолият асосини ташкил қилмоқда.  Газета саҳифаларида шу кун, давр  талабидан келиб чиққан ҳолда долзарб мавзулар асосий ўринни эгаллайди.

“Хоразм ҳақиқати” газетасида Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармонлар, қарорлар, дастурлар тезкорлик билан чоп этилмоқда. Шунингдек, мазкур муҳим ҳужжатларнинг вилоятимиздаги ижроси юзасидан олиб борилаётган кенг миқёсдаги амалий ишлар ва уларнинг самаралари таҳририят ходимлари томонидан тайёрланаётган мақолаларда ўз ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Бешта муҳим ташаббус” ва унинг самаралари, дастурларнинг бажарилиши, обод қишлоқ ва обод маҳаллалар, чирой очаётган манзиллар, чет эл инвестицияларининг, истиқболли лойиҳаларнинг ишлаб чиқаришга кенг жорий этилаётганлиги, тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, далаларда, боғларда етиштирилаётган мўл-ҳосил, ширин-шакар мевалар, полиз маҳсулотлари, уста деҳқонларнинг ғайрат-шижоати, бир сўз билан айтганда барча соҳалар газетада ранг-баранг жанрларда чиройли суратлар орқали элдошларимизга етказилмоқда.

Учрашув давомида фахрийлар  “Хоразм ҳақиқати” газетаси  ижодий жамоаси ўтган 100 йил давомида вилоятимиз, Республикамиз оммавий ахборот воситалари учун малакали, тажрибали, юксак маҳоратга эга бўлган профессионал  мутахассисларни етказиб беришда ҳаёт ва тажриба мактаби бўлиб келаётганлигини  мамнунлик билан қайд этишди.

Ҳақиқатан ҳам ушбу нуфузли отахон газета таҳририятида фаолият юритган жуда кўплаган ёшлар  бугунги кунда бошқа оммавий  ахборот воситаларида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

Учрашувда сўзга чиққанлар қутлуғ тўйини нишонлаётган “Хоразм ҳақиқати” газетасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган устоз журналистлардан Эгам Раҳимов, Эркин Самандаров, Отамурод Авазмуродов, Карим Қурбонов, Рустам Искандаров, Арслон Отажонов, Султон Нодирматов, Неъмат Солаев, Амин Ниёзметов, Уллибиби Отаева, Солияжон Раҳимберганова, Оллаберган Ражабов, Феруза Тангриберганова ва бошқа жуда кўплаб ўз соҳасининг етук усталарини,  фидойи инсонлар номини ҳурмат билан тилга олишди. Бугунги кунда таҳририят ижодий ходимлари устозлари бошлаган анъанани муносиб давом эттириб, ўз вазифасини садоқат билан бажараётганлигини айни кунда чоп этилаётган газетанинг таҳламларини қўлга олиб мисоллар орқали кўрсатиб беришди.

Газетачиликдек қийин, сермашаққат, аммо шарафли, масъулиятли касбни эъзозлаб келаётган жамоа сафига кейинги йилларда иқтидорли ёш журналистлар кириб келаётганлиги қувонарлидир. Жумладан, айни пайтда Ўғилжон Раҳимова, Севара Рўзметова, Отахон Нафуллаев сингари ёшлар ўзларининг долзарб мавзудаги мақолалари  билан муштарийлар эътиборини қозонмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ўз нашри бўлган “Хоразм ҳақиқати” газетаси  таҳририяти ижодий жамоасини доимий равишда қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда айрим босма нашрларда,  газеталар ҳаётида қийин, мураккаб давр давом этаётган бир пайтда, “Хоразм ҳақиқати” газетаси 8000 минг нусхада чоп қилинмоқда.

– Ижодий жамоа бундан кейин ҳам ўз газетхонларига янада ўқимишли, таъсирчан, турли мавзуларда мақолаларни тайёрлаб,  ҳавола этишни ўзининг бурчи ва вазифаси деб ҳисоблайди. Юртимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида олиб борилаётган улкан ислоҳотларни, ўзгаришларни, замондошларимизнинг фидойиликларини янада кенг ёритишда жамоа ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаверади, – дея қайд этди ўз сўзида С.Раҳимберганова.

Учрашув давомида “Илм, маърифат ва  рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да  таҳририят ижодий жамоасининг режалари, таҳририят ҳузуридаги маҳорат мактабининг фаолияти ҳамда ёш журналистларнинг тажриба ва малакасини ошириш борасида ташкил этилаётган амалий ишларга тўхталинди.

Тадбирда “Хоразм ҳақиқати” газетасида 50-70 йилдан буён ўзининг мақолалари билан фаол қатнашиб келаётган кекса жамоатчи мухбирлардан бир гуруҳи таҳриятнинг фахрий ёрлиғи ҳамда совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, “Хоразм ҳақиқати” газетасининг илк сони чоп этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан “Нуроний” жамғармаси вилоят Кенгаши таҳририятда узоқ йиллар фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ижодий ходимларга фахрий ёрлиқ ва совғалар топширди.

“Хоразм ҳақиқати” газетасининг илк сони чоп этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан газетхонлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари вилоятимиз таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, фермер хўжаликларида ва аҳоли истиқомат жойларида давом этмоқда.

                                                                            Отахон РАҲИМ.