Бобурга эҳтиром

2020-02-18T06:30:53+00:0018 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллик санаси Андижонда ҳар қачонгидан кенг ва кўтаринки руҳда нишонланди.

Буюк бобомиз номи билан аталувчи байрамона безатилган майдонга нафақат олим ва зиёлилар, адабиёт ихлосмандлари, балки ҳар бир соҳа вакилларидан иборат минглаб андижонликлар тўпланди. Узоқ ва яқин мамлакатлардан ташриф буюрган бобуршунослар, давлат ва сиёсат намояндалари қадам ранжида қилдилар.

Вилоятимиз санъат усталари ижросидаги мумтоз қўшиқлар ва Бобур сиймосини гавдалантирган саҳна кўриниши байрам дебочаси бўлди.

Анжуманни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов табрик сўзи билан очди. Жаҳон тамаддунида ўчмас из қолдирган буюк сиймо бугунги кунда ҳам миллатларни, давлатларни бирлаштириб келаётгани алоҳида эътироф этилди. Бу нафақат илм-маърифат бобида, балки Андижон ва Гужарат штати ҳамкорлигида ҳам ўз аксини топаётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Озарбайжонлик олим Рамиз Аскер, қозоғистонлик бобуршунос Ислом Жеменей, афғонистонлик олим Азизулло Аррол ўз чиқишларида Мирзо Бобурнинг тарихда тутган ўрни ва аҳамиятига тўхталдилар. Бобур ижодидан келтирилган намуналар оммавийлик касб этиб, андижонликлар эҳтиромининг ифодаси бўлди.

Шундан сўнг Бобур номидаги халқаро жамоат фондида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.

Фонд раиси Зокиржон Машрабов 2019 йилда амалга оширилган фаолият ва жорий йил режалари тўғрисида батафсил маълумот берди. Шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек Бобурнинг тўла асарлари тўпламини нашрга тайёрлаш хусусида сўз юритди. Таниқли олим Ваҳоб Раҳмонов Бобур энциклопедиясининг учинчи, шунингдек, инглиз ва рус тилларидаги нусхаларини чоп этишга оид тайёргарлик ҳақида гапирди. Бир қатор олим ва адабиётшуносларнинг маърузалари тингланди. Маърузалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди, таклиф ва мулоҳазалар биолирилди.

АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ҳиндистондан ташриф буюрган бобуршунослар томонидан нашр этилган Бобур ва бобурийларга оид китоблар фонд музейи учун тақдим этилди.

Афғонистонлик бобуршунос Абдулла Руний, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омина Тожибоева ҳамда профессор Иброҳимжон Асқаровга

фонд томонидан таъсис этган халқаро мукофот топширилди. Шунингдек, профессор Ҳамидулла Болтабоев, профессор Маҳмуд Ҳасаний, таниқли адиб Нурали Қобул, олима Дилором Ёрматоваларга фонднинг тақдирлов ёрлиқлари тақдим этилди.

“-Бобур ўта ноёб шахс бўлган. Айтиш мумкинки, у зотга Амир Темурдан саркардалик санъати, Мирзо Улуғбекдан олимлик хислати, Навоийдан шоирлик фазилати илоҳий йўл билан ўтган. Бундай шахслар минг йилда бир марта дунёга келади. Мана беш асрки Бобур дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда” –деди Озарбайжондан келган адиб Рамиз Аскер

-Афғонистондан келган Азизулла Аррол эса “-Ўзбекистон авлиёлар юрти. Бобурдек буюк шахнинг шу заминдан етишиб чиққани бежиз эмас. Қобул Бобур боғи ила ном қозонган, десам муболаға бўлмайди. Улкан заковат соҳибини нафақат бугун, балки ҳар онда ёд этишимиз зарур” дея таъкидлади.

Саид Нақи Аббос, Бобур фондининг Ҳиндистондаги бўлими раҳбари:

-Ўтган бир йил давомида Рампур Разо кутубхонасидан Ўзбекистонга оид мингта қўлёзма асар ва китобларни топишга муваффақ бўлдим. Уларнинг рўйхатини тузиб, бугун ўзим билан олиб келдим. Бу фақат форс тилидаги манбалардир. Кутубхонамизда хали араб, урду ва бошқа тиллардаги адабиётлар борки, улардан, албатта, сизнинг диёрингиз, буюк алломаларингизга оид маълумотларни излаб топиш мумкин.

Илмий анжуман ғазалхонлик кечасига уланиб кетди.