Ўзбек журналистикаси  антологияси  яратилади

2020-02-15T10:39:37+00:0015 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон  журналистикасининг  ривожланиш тарихи ва бугунги тараққиётига оид  антологияни яратиш  масалаларига  бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда миллий журналистика соҳасининг  таниқли олимлари,  тадқиқотчилари ва  журналистлар иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов очиб, кейинги йилларда  журналистика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор  қаратилаётгани,  бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

– Ўзбек журналистикаси кеча пайдо бўлгани йўқ ва у  сермазмун, биз ғурурлансак арзийдиган  тарихга эга, деди у.-  Бу  тарихни  тадқиқ этиш,  ҳар бир даврнинг энг яхши асарларини   келгуси авлодларга  етказиш бизнинг бурчимиз. Тўғри, журналистика бўйича кўп китоблар чоп этилди,дарслик ва қўлланмалар яратилди. Буларни эътироф этган ҳолда, шу вақтга қадар Ўзбек журналистикаси антологияси  яратилмаганини ҳам тан олиш лозим, деб айтди у.

Йиғилишда  антологияни яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, олим ва мутахассислар ўртасида ўзаро фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Журналистика тарихи даврлари бўйича гуруҳлар ва уларнинг раҳбарлари тайинланиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар  белгилаб олинди.

Антология  аввал  электрон шаклда тайёрланади  ва  Журналистлар ижодий уюшмаси сайтига жойлаштирилади. Кейин эса унинг асосида  китоб шаклида  чоп этилади.

Антология  соҳа ходимлари,  мутахассислар, журналист-кадрлар тайёрловчи  олий ўқув юртлари ва кенг  ўқувчилар  оммасига  мўлжалланади.