Солиқ сиёсатидаги ўзгаришларни аҳолига етказишда оавнинг роли алоҳида ўринга эга

2020-02-14T09:37:47+00:0014 Fevral, 2020|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Давлат солиқ бошқармаси, Давлат хизматлари маркази вилоят бошқармаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими  ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.

Вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда матбаа ва ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этган анжуманда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодексига киритилган янгилик ва ўзгартишлар хусусида батафсил маълумот берилиб, тақдимотлар намойиш этилди.

Мутасаддилар Солиқ кодексидаги асосий янгиликлар, айниқса солиқ тўловчилар учун қулайлик хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Масалан, асосий воситаларни сотиб олган қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олиш, солиқ қарзларини бўлиб ёки кечиктириб тўлаш, жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар, мол-мулк ва ер солиқларини тўлов муддатларидаги енгилликлар борасида батафсил тушунтиришлар берилди.

Хусусан, аввалги тартибга кўра, ипотека кредити асосида турар жой сотиб олганда даромад солиғидан имтиёз фақатгина ёш оилалар ва намунали уй эгаларига тақдим этилар эди. Энгиликда, солиқ имтиёзлари ипотека кредити асосида 300 миллион сўмгача қийматдаги турар жой сотиб олган ҳамда йиллик тўлови 15 миллион сўмдан ошмаган ҳолларда қўлланилади. Шунингдек, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талаба учун фақатгина унинг ота-онаси даромад солиғи бўйича имтиёзга эга бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ имтиёзи эр ёки хотин таҳсил олганда турмуш ўртоғига ҳам қўланилади.

Матбуот анжуманида матбаа корхоналари учун ҳам белгиланган солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича ўзгаришлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўз ўрнида, ноширлик ёки матбаа фаолиятини бошлаш ва тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун аввалги мураккаб тартиблар бекор қилиниб, давлат хизматлари кўрсатишнинг осон, қулай механизми яратилгани, лицензия ҳамда гувоҳномалар бериш муддатларининг оптималлаштирилгани таъкидланди.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволларга асосли жавоблар қайтарилиб, Солиқ кодексидаги ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга етказишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

 уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси.