Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан Ўша кун яқин!

2020-02-10T12:51:37+00:0010 Fevral, 2020|Мақолалар, Умумий янгиликлар|

Ўтаётган хар бир кун бизни Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабанинг 75 йиллигига яқинлаштирмоқда. Шундай экан бу айёмга тайёрмизми? Ҳеч йўқ  ўз хизмат вазифамизга собит ва содиқмизми?  Шу саволлар ҳақида ўйлар эканман, бундан бир ой муқаддам Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлашга бағишлаб ўтказилган видеоселектордаги руҳ ҳаёлимни чулғайди.

 Панипатдаги Бобур ғалабаси

Ҳаммамиз  ва ҳар биримиз 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонладик. Осмонимиз мусаффо. Сархадларимиз ишончли қўлларда. Кейинги йилларда Темурбеклар мактаблари ташкил этилди.  Ватанга қасамёд матни янгиланди. Аҳоли, айниқса ёшлар ва ҳарбийлар қалбида ватанпарварлик ҳисси мустаҳкамланмоқда. Бу бежиз эмас. Юртбошимиз ҳақли таъкидлаганларидек, “Армияда  ватанпарварлик тарбияси, миллий рухни юксалтириш ҳамон долзарб  бўлиб турибди!”

Биз  қайси авлод вакилларимиз? Шох ва шоир Бобур Хиндистон учун ўзининг 12 минг аскари билан Панипатда 100 минг қўшинли ғанимни тор-мор этган эди. Шунданми халқ шоиримиз Абдулла Орипов “Балки Панипатда Бобур урхоси!” деб ёзган эди. Бугун жаҳон харбийларининг “Ура” деган олқиши Темур ва Бобурларнинг душманга қарши “Ур!”, “Урхо!”, “Ура!” деган жидду жахдлари, шиддату шахтларидан пайдо бўлгани ҳақиқат!

Эр йигитга эр  йигит айта олади!

Халқимизда “ Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” деган хикмат бор. Бу бошқаларнинг, борингки,  душманингни ҳам куч ва имкониятини эътибордан чиқармасликни англатади. Аммо селектордаги “Эр йигитга эр йигит айтади!” деган хикмат Сизу бизнинг, ўзини виждони олдида ватанпарвар дея эътироф этадиганлар учун яна бир синов, яна бир имконият бўлди.

Келинглар азизлар, эл-юрт ғамида бир-биримизнинг ғайрату шижоат, матонату мурувватимизни уйғотайлик! Ҳақиқий эр бўлайлик!

Уйғонайлик! Ёнайлик! Ёндирайлик!

“Ватанпарвар” сўзи бир қарашда қизил гапдай, минбарбоп иборадай, туюлади. Аслида бугун ватан ишқи билан яшашнинг янги даври бошланди. Шунинг учун “Ватанпарвар” ибораси ҳар қачонгидан чуқур маъно касб этмоқда. Видеоселекторда Мақсуд Шайҳзода қаламига мансуб Озодбек Назарбеков куйлаган “Мендирман ўша!” радифли қўшиғи эслатилди. Ҳурсандчиликдан ва ҳаяжондан бўғзимга бир нидо келди. Ҳассос шоир Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб бу мисралар бугун асқотяпти: Авлодларимиз  жасоратининг хаққи ҳурмати уйғонайлик, ёниб яшайлик!

Тинчлик …омонат бўлиб қолди…

Ер юзининг гоҳ у,  гоҳ бу гўшасида ханжар ярасидай яллиғланиб турган уруш оловлари ҳамон сўнмаяпти. Бу эса бизни ҳар қачонгидан сергак, огоҳ, хушёр ва ватанпарвар бўлишимизни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳақли таъкидладилар: “Тинчлик деган сўз, осойишталик деган тушунча ғоят омонат бўлиб қолди!” Бу чақириқ ватан ҳимоячилари,  эл-юрт қалбида акс-садо бергандай: “Ҳеч нарсага алишмаймиз, сени тинчлик! Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!”

Президентимизнинг икки йил аввалги қарори!

Президентимиз жонкуярлигини кўряпман ва тинглаяпману у кишининг 2018 йил 24-июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3880-сонли қарори эсимга тушади. Унда Иккинчи жаҳон уруши давомида фашизмга қарши курашда қатнашган ўзбекистонликлар номларини абадийлаштириш, ёш авлодни ота-боболари кўрсатган жасоратлар намунасида  тарбиялаш бош мезон сифатида таъкидланган эди. Унга илова қилинган “Йўл харитаси”да “Учта шаҳар”,  “101” ва “Қаҳрамонлар” лойиҳалари амалга оширилиши, жумладан “101”  номли бадиий фильмни суратга олиш ҳақида кўрсатма берилганди.

Тарихнинг ёзилмаган сахифасидан…

“Совет шуҳрат майдони” фонди раҳбари Ремко Рейдингнинг 20 йиллик тадқиқотлари натижасида дунё аҳли Голландияда отиб ташланган ва дафн қилинган 101 ўзбек, уларнинг фожиали тақдири ва жасорати ҳақида маълумотларга эга бўлди.  2017-2018-йилларда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва БЕНИЛЮКС (Белгия, Нидерландия, Люксембургни ўз ичига олган Ғарбий Европадаги иқтисодий, сиёсий ва божхона иттифоқи) мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихонасининг қўллаб-қувватлаши туфайли ёзувчилар — Анвар Эргашев ва Юлия Медведковская томонидан ўтказилган тадқиқотлар асосида янги ноёб маълумотлар топилди.

Бир юз бир нафар ўзбек Голландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагерда жаҳаннам азобини тортишади. Кўрсатган  қаҳрамонликлари туфайли Гитлернинг ўта мудҳиш режасини барбод этишади. Ўзлари эса фашистларга жаҳон тарихини ўзгартиришга йўл қўймаганликларидан бехабар холда ҳалок бўлишади. Ўзбек  аскарлари фашистлар Германиясининг “тариғибот машинаси” қурбони бўлишган. Улар ўта  муҳим ҳамда махфий лойиҳа учун атайин саралаб олинган эдилар. Адольф  Гитлернинг шахсан ўзи рейх вазири Геббелс ва рейхфюрер Гиммлер бошчилигидаги идораларга совет армияси аскарларининг ожизлиги ҳақида фильм яратишни буюрган. Картинада аскарлар инсон қадр-қимматидан маҳрум, нотавон ва қолоқ мавжудотлар сифатида жонланиши керак эди. Буларнинг барчаси немис аскарларининг “тушиб бораётган руҳи”ни Москва учун жанг олдидан кўтариши зарур бўлган.

Ушбу фильмнинг яратилиши фюрер томонидан устувор вазифа этиб эълон қилинган. Фильм 1941-йил ноябрь ойида экранларга чиқиши кутилаётган эди. Суратга олиш гуруҳига рейхнинг энг яхши кинематографчилари жалб қилинган. Бир юз бир нафар ўзбек ўғлонлари асир сақланаётган Амерсфорт конслагерида эса фильм учун “материал тайёрланар”  эди…

Чимилдиқни кўрмаган оталарим.

Гитлер ўз режасини амалга оширишга нима учун  ўзбекларни танлаган эди… У ўзбекни “қўйдай ювош, мусичадай беозор”лигини билгандир. Аммо меҳри ҳам, кези келганда қаҳри ҳам чегарага сиғмаслигини инсоний қиёфасини йўқотган Адольф қаёқдан билсин?..

Фашистлар бир неча ой мобайнида ўзбекларни оч қолдиришган, уларга ҳатто сув ичишни ҳам тақиқлашган. Аскарларни  руҳан ҳамда жисмонан қийноққа солиб, уларни немис аскарларининг руҳини кўтариш учун суратга олинадиган фильмнинг бош қаҳрамонлигига тайёрлашган.

Шундай кунларнинг бирида суратга олиш гуруҳи “Амерсфорт” концлагерига ташриф буюради. Қўллари боғланган ҳолда сақланаётган 101 ўзбек аскарига бир дона буханка улоқтирилади. Киночиларнинг фикрича, улар бир бурда нон учун бир-бирини уриб ўлдириши керак эди. Очлик туфайли бир-бирини ғажиши керак эди. Ана шундай жараённи суратга олишга шай турган немисларнинг хафсаласи пир бўлди. Ўзбеклар Гитлернинг барча режаларини чиппакка чиқаришди. Улоқтирилган нонни ёши бўйича энг кичик аскар бориб олади, уни ўпиб, кўзига суртиб, тавоф қилгач, ёши энг катта аскарга узатади. Ёши катта аскар эса бир буханка нонни 101 бўлакка бўлиб, уни ҳаммага улашиб чиқади. Ўзбеклар нонни еб бўлгач, юзларига фотиҳа тортишади.

Ватандошларимизнинг миллий маданияти, тартиб-интизоми, ватанпарварлиги, юртга содиқлиги немисларни дарғазаб қилади.

Сиз ғозийсиз, Сиз шахидсиз, менинг бир юз бир отам!

Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси Москва учун жанг қилиш арафасида турган фашист аскарларининг руҳини кўтариш учун қилинаётган эди. Аммо фашист аскарлари мафкуравий ёрдамдан маҳрум бўлди. Улар бу жангни нафақат бой берган, балки бир миллионга яқин аскар ва офицерларини йўқотган. Фашистлар Германияси ғалаба қозонган тақдирда дунё халқларини оммавий қуллик ва халқларнинг йўқ қилиниши кутар эди. Астағфируллоҳ!

1942-йилнинг 9-апрелида “101” отряднинг ўзбек жангчилари конслагер яқинидаги ўрмонзорда отиб ташланган. Отув ҳукми “мутлақо махфий” грифи остида ўтказилган. Унда фақатгина конулагер офицерлари иштирок этган. Ўққа тутилишини билган қаҳрамонлар олий жазо амалга оширилиши белгиланган жойга бошларини баланд кўтарган ҳолда, синмаган руҳ билан Ватан ҳақидаги қўшиқни баралла куйлаб боришган.

Руҳлари сўнмаган оталарима… сиз чинакам шаҳидсиз! Дийдор қиёматга қолди, жойларингиз жаннатда бўлсин!

Голландияликлар – меҳрибонларим, голландияликлар – шарафим-шоним!

Бундан салкам 79 йил аввал содир бўлган хунрезликка гувоҳ – голландиялик Ҳени Брукҳаузен деган отахон бор. У эсини таниган, олий жазога олиб кетилаётган ўзбекистонликларни кўрган. Уларга сув ёки нон бериш учун узатилган қўллар гитлар офицерлари томонидан аёвсиз калтакланганини эслайди. Гарчи очлик, юпунлик, ноябрнинг  изғиринли иқлимида ялангоёқ, аммо бири-бирини суяб, мағрур кетишсада, 24 нафари силласи қуриб йўл-йўлакай тўкилиб қолишади. Ўрмон ичидаги ўққа тутишда 77 чоғли  юртдошларимиз бўлган. Голландлар уларнинг ҳам, йўлда тутдай тўкилиб қолганларини ҳам дафн этишади. Ҳозиргача 101 та қабр устига чироқ ёқишади… Инсон хотираси қандай азиз-а?!

Тарихчилар маълумотига кўра концлагерга ўзбеклар 1941 йил сентябрь ойида келтирилганлар. Бошқа махбусларга қараганда озиқ-овқат, кийим-бош таъминоти мутлақо қониқарсиз бўлган. Уларга  махбуслардан қолган ювиндини  ичишга мажбурлашарди. Картошка, пиёз, сабзи пўчоқлари билан овқатлантиришарди. Аксариятининг оёқ кийими йўқ эди. Оддий яшаш  шароити бўлмагандан кейин одам озиб, тўзиб, қариб, касалланиб кетиши турган гап. Шунда концлагер маъмурияти “Мана қаранглар, Сизларнинг иттифоқчиларингиз кимлар?!” дея икки миллат ўртасида ирқчиликни келтириб чиқаришга уринарди. Аммо голландлар ўзбекларга нисбатан ҳамиша эҳтиромда бўлиб келдилар.

Голландияликлар – меҳрибонларим,

голландияликлар – шарафим-шоним!

Фильмни кўринг, юртга садоқатни ўрганинг!

Голландларда  шундай гап бор: “Ерни худо яратган, Голландияни эса голландлар!”.  Ҳа, Сизлар денгиз лабига ўз елкангизда тупроқ ташиб, ўз юртингизни яратгансиз.  Бу жихатдан ўзбек ва голландлар каби меҳнаткаш ер юзида йўқ!

Нацистлар ўз қора қилмишларини яшириш учун 1945 йилда концлагерга ўт қўйдилар. Аммо  ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Бу ҳақдаги бор ҳақиқат “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ишланган “101” бадиий фильмида рўйи рост акс этган. Фильм  яқин кунларда зукко халқимизга тортиқ этилади. У ҳақиқат ва адолатни  тиклаш ишига катта ҳисса қўшган “101” номли роман асосида суратга олинган.

Кинони кўринг!  Юрт  озодлиги нақадар улуғ эканлиги, бунга осонлик билан эришилмаганлигининг гувоҳи бўлинг!

Раҳимжон Ирисов,

вилоят ахборот ва оммавий

коммуникациялар бошқармаси  бошлиғи.