Алишер Навоий – миллат қуёши

2020-02-07T15:17:12+00:007 Fevral, 2020|Жиззах вил.|

Ўзбек халқининг буюк сиймоларидан бири – мутафаккир, олим, ғазал мулкининг султони, ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоийни барча даврларда ҳам бутун турк дунёси “шамс ул-миллат” яъни миллат қуёши деб эъзозлаб келган.

Аслида ҳам бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор тортиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тукус муносиб ва ҳақлидир.

Навоий билан қанча фахрлансак, шунча камлик қилади. У билан фахрланишнинг ўзи кифоя қилибгина қолмасдан, буюк бобокалонимизга муносиб ворис бўлиш, унинг бой адабий меросини ўрганиш ва келгуси авлодларга  етказиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Шу маънода Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими томонидан Жиззах шаҳар 7-сон умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ўртасида “Навоийга муносиб ворис бўламиз” мавзусида амалий машғулот ўтказилди.

Унда уюшманинг вилоят бўлими мутахассиси Н.Алимова ҳамда Жиззах давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мустақил илмий тадқиқотчиси Шоира Хасановалар ўқувчилар билан интерфаол усулда Навоийнинг ҳаёти ва ижодининг ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилдилар. Шоир асарларидан байтлар ўқилди. Унинг миллатимиз учун қилган буюк ишлари ҳақида гапирилди. Шунингдек, ёшларни буюк бобокалонларимизга муносиб ворис бўлиш учун Ватан олдидаги бурчларини адо этишларига йўналтирилди.

Машғулот давомида адабиётга меҳр қўйган ўқувчиларга шеър ва мақолалари билан вақтли матбуотда қатнашишларига тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими