Тўй ва маросимларни тартибга солиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

2020-02-07T15:09:30+00:007 Fevral, 2020|Жиззах вил.|

Маълумки, жорий йилнинг 1 январ кунидан бошлаб Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори кучга кирди.

Албатта, бу жараён журналистлардан тарғибот ва ташвиқотнинг энг самарали усулларидан фойдаланишни талаб этади.

Жиззах шаҳар Сайилжой маҳалла фуқаролари ўртасида мазкур мавзуга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирга вилоят адлия бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ва депутатлар таклиф этилдилар.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Н.Алимова ўтказилаётган энг намунали тўй ва маракалар ҳақида, шунингдек, тежалган маблағларнинг фарзандлар камоли учун нуфузли таълим муассасаларида ўқитишга, оила фаровонлигини таъминлаш мақсадида уй-рўзғор маиший техникаларни харид қилиб ишлатиш, саломатликка эътибор бериш каби долзарб масалаларга эътиборни қаратди.

Тадбир давомида иштирок этган мутахассислар ҳам қарорнинг мазмун-моҳиятини йиғилганларга уқтирдилар ҳамда келгусида унга амал қилмаган ҳолларда жарималарга тортилиш тартибларини тушунтирдилар.

Давра суҳбати сўнгида маҳалла фаоллари томонидан энг намунали тўйлар ҳамда тартиб қоидаларга риоя қилинмаган ҳолатларни маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали кўрсатиб бориш ҳақида келишиб олдилар.

Нодира Алиева

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими мутахассиси