Маънавият ва маърифат бўлимларининг самарасиз фаолияти сабаблари нимада?  ­­

2020-02-06T18:30:29+00:006 Fevral, 2020|Навоий вил.|

Маънавият. Қайта ва қайта қулоққа чалинадиган бу сўзнинг юки ва масъулиятини ҳар ким ҳар хил тушунади. Сабаби, тилимизда “маънавиятчи” деган хунук бир жумла ҳам тез-тез айланадики, бу ҳисобот учун хўжакўрсинга у ёки бу тадбирларни уюштирадиган кимсани англатади.

Маънавият тадбирига мажбурий жалб этилган аудиториядан аслида нима наф? Нега бундай кенг кўламли тадбирлар аввалдан эълон қилиниб эмас, балки фалон иститутдан унча, пистон мактабдан мана бунча киши иштироки таъминласин мазмунидаги хатлар йўналтириб, амалга оширилади?

Рeспублика Маънавият ва Маърифат маркази Навоий вилоят бўлимининг 2019 йилдаги фаолияти якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айни муҳокама марказида бўлди.

Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ўтказилган анжуман  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда дастлаб Маънавият ва Маърифат маркази вилоят бўлимининг раҳбари вазифасини бажарувчи Акрамжон Муқимов журналистларга ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Очиқ ва шаффофлик принциплари асосида ўтказилган анжуманда маънавият тарғиботчилари томонидан ўтказилаётган тадбирлар орқали аҳолининг маънавиятини юксалтиришга асосий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Ҳисоботда бир қатор рақамлар ­тилга олинди. Хусусан, 14 январь –  “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан 160 га яқин тадбирлар ташкил этилиб, 10 минг 400 нафардан ортиқ иштирокчилар қамраб олинган. Ёки ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар иштирокида 430 та тадбир уюштирилиб, уларда 24 минг нафардан ортиқ аҳоли қатнашган.

Аслида бу даражадаги кенг кўламли ишларни вилоятдаги саноқли ходимлар билан амалга ошириш имконсиз, албатта. Айни шу жиҳат журналистлар томонидан танқидга олинди. Маънавий ишларнинг самарадорлиги салмоғда эмас, сифатда кўриниши лозимлиги, алоҳида таъкидланди.

­­- ­Нега ўтказаётган маънавий тадбирларимиз фақатгина байрам ёки таваллуд кунларигагина хос бўлмоқда, ­- деди “Халқ сўзи” газетаси мухбири Т.Эшбоев. ­– Маънавият масаласи фақат саналарга боғлиқ эмас.  Бундан ташқари, алоҳида нодавлат ташкилот бўлган Маънавият ва маърифат бўлимларининг самарасиз фаолият юритишига уларнинг  норасмий равишда ҳокимликларнинг бир бўлимига айлангани сабаб бўлмоқда. Бўлим масъуллари нега ҳокимликлар ишларига жалб қилиняпти?

Акрамжон Муқимов мазкур ҳолатга изоҳ берар экан, камчиликлар ҳақиқатан борлигини тан олди. Шунингдек, бугунги кунда бўлимлар фаолиятини такомиллаштириш борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганли ҳам айтилди.

– Биз  халқ орасида ҳурмат-эътиборга ҳамда ораторлик қобилиятига эга 70 нафар кишининг рўйхатини тузиб чиқдик, ­- деди А.Муқимов. ­– Эндиликда тадбирларда зерикарли маърузалардан воз кечиб, айнан шу инсонларнинг иштирокини таъминламоқчимиз. Улар турли соҳа вакиллари. Ўтган даврда маънавият тадбирларимизда маърузачиларимиз асосан санъаткорлар ёки ҳамма учун таниш бўлган маҳаллий кадрлардан иборат эди. Эндиликда олимлар, фан докторлари, илмий салоҳиятга эга инсонларни халқ орасига кўпроқ олиб киришга ҳаракат қилмоқчимиз.

Матбуот анжумани сўнггида журналистлар томонидан бўлимлар фаолиятини яхшилаш учун бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, бўлимларнинг ҳокимлик идораларидан алоҳида бинога кўчиб чиқиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, Конимех туманида ўтган йили алоҳида  маънавият ва маърифат маркази ташкил этилгани бунга мисол бўлади. Шунингдек, маърузачиларнинг моддий манфаатдорлиги масаласини ҳам кўриб чиқиш лозим. “Маънавият соатлари”га маърузачи жалб этган корхона-ташкилот бўлимларга бунинг ҳақини тўлаб бериши, ўз ўрнида бўлимлар тегишли ҳамкорлар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимини ҳам йўлга қўйиши керак.

Очиқ ва шаффоф ўтган мулоқотда  тегишли соҳани янада ривожлантириш ва истиқболдаги режалар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бўлим раҳбарияти томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб,  келгусида амалиётга қўлланилиши билдирилди.

Озод МУСТАФОЕВ.