Қоғозни яхши кўраман

2020-02-06T18:22:56+00:006 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Кимга қандай, билмадиму шахсан менга интернет дегани ёқмаяпти. Аввал яхши эди, аммо кейинги пайтда ҳамма нарса шу матоҳга ўтиб кетаётгани асабимни бузяпти.

 Ўтган йил янги келган раҳбаримиз энди юқори идораларга ҳам, қуйи тизимга ҳам ҳужжатларни электрон шаклда юборамиз, шу тарзда қабул қиламиз, қоғоздан фойдаланмаймиз, деганди.

Бу гапларни аввалги бошлиқлардан ҳам эшитганимиз учун унчалик эътибор қилмагандим. Ҳа, энди янги раҳбар, янгича ишлаймиз, деб айтди-қўйди-да, дея ўйлагандим.

Йўқ, адашган эканман. Тез орада янги тизим ишга тушиб, ҳужжатлар электрон шаклда айлана бошлади. Ўрганиш қийин бўлди-ю, аммо уддаласа бўлар экан.

Бир ҳисобдан шуям яхши бўлди. Илгари баъзида икки кунда бир “пачка” қоғоз кетиб қоларди. “Завхоз”дан кунора қоғоз сўраб, юзимнинг сувини оқизганим билан барибир бермасди. “Ойлик лимитингиз тугаган, укажон”, деб кўзимга қараб без бўлиб тураверади.

Кейин начора, эшигимизни қоқиб, хизмат борми, дея қўлини кўксига қўйиб турадиган кишиларга, “боринг бир пачка снегурочка олиб келинг”, дейишга мажбур бўлардик-да. Ёки айрим кишиларга “ўтказиб қўйган” бўлсак, битта телефон қилиб айтсак, шес секундда ёнига бошқа нарсалар ҳам қўшиб олиб келишарди.

Энди бунақа гаплар йўқ. Лекин ҳисобот кўтариб келиб, эшик олдида имомизга маҳтал бўлиб, кутиб турадиганлар ҳам қолмаган-да. Шуниси бироз алам қилади. Кимга топшириқ берсангиз ёки ҳужжат жўнатсангиз, интернетдан жавоб ёзади. Ҳой, барака топкур, шу ёзганингни икки вараққина қоғозга чиқариб, ҳузуримизга келмайсанми. Биз хатни ўқиб, бир-иккита жойини тузатган, ўчирган, сўз қўшган киши бўлиб, “Сизга бир соат муҳлат, бошқатдан чиқариб келинг”, демаймизми?

Ҳозир бирор бир тадбирдан фотосурат сўрасангиз ҳам аҳвол шу. Интернетдан бир дунё сурат ташлаб қўя қолади. Илгари-чи? Эҳ, қанақанги альбомлар тайёрлатардик-а!? Танловга айланиб кетарди бу альбомлар. Бир-иккитаси чиройли тайёрлаб келганини айтсак борми, кейин кўринг-да “Мен ундан камми?” деб олиб келган альбомларини. Кўпи бир марта ҳам очилмай қолиб кетарди-ю, лекин топшириққа муносабат бошқача эди, ҳурматимизни жойига қўйишарди. Эҳ, бунинг гашти бошқачалигини ишлаб кўрганлар билади-да. Ҳозир-чи, на бировни уриша оласиз, на қаттиқ гапириб бўлади.

Кеча бир ташкилот ходимига қўнғироқ қилиб, “Нега ойлик ҳисоботни вақтида топширмадингиз” десам, “Ака, кеча телеграмингизга ташлаб қўйгандим, кўрмадингиз ўзингиз” дейди. Мен кўрмаганимни ҳам билади-ей. Шу гапдан кейин индамай қўйдингизми, дейсизми? Қаёқда?! Ташлаган экансан, шуни бир оғиз телефон қилиб айтиб қўйсанг асаканг кетадими, деб барибир уришдим. Шундай қилмасангиз ҳурматингиз қолмайди-да.

Ҳужжатлар-ку майли, кўникиб қолдик. Ҳозир шикоят, аризани ҳам интернетдан жўнатишаётгани алам қилади-да. Авваллари қоғоз шаклида келгани анча қулай эди. Мен вақтида олмадим, десангиз ҳам ёки бир неча кун аввалги санани қўйиб аризани ёпсангиз ҳам биров билмасди. Айрим хатлар, аризаларни йўқотиб юборсангиз жуда тиқилинч қилиб сўраб ўтиришмасди.

Энди бунақа гаплар ўтмаяпти. Электрон шаклда келган мурожаатнинг вақти ҳам аниқ-тиниқ кўриниб турар экан, айтилган вақтда ёпмай кўринг-чи, кўрадигангизни кўрасиз. Шикоятчи ҳам келиб, дардини айтмайди. Яна интернетдан ёзади – бизнинг масаламиз нима бўляпти, қачон жавоб ёзасиз, фалон кун қолди жавоб беришингизга, деб шарт қўяди.

Ҳа, айтганча, сизга кеча юборган хатим бор-ку, ўшанинг жавобини бугун беринг. Қоғоз вариантини ҳам юборинг, иложи бўлса, суратлари билан. Йўқ-йўқ, ҳисобот учун эмас, ўзим учун. Эшигимдан биров қоғоз кўтариб келса, яхши-да. Сиз ўзимизнинг одам бўлганингиз учун айтдим, ҳар хил хаёлга бориб юрманг, тағин. Биз қоғозбозликка қаршимиз, электрон ҳужжат айланишини маъқуллаймиз…

Қоғозбоз масъулнинг

сўзларини Ғолиб ҲАСАНОВ компьютерга туширди.