“Синьхуа” вакили ЎзАда

2020-02-06T18:19:31+00:006 Fevral, 2020|Умумий янгиликлар|

Маълумки, Хитой Халқ Республикасининг “Синьхуа” ахборот агентлиги бутун дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор хабар тарқатувчи етакчи ахборот агентликларидан биридир.

Бугунги кунда мазкур агентлик 160 мамлакатда ўз бўлимларига эга. Дунёнинг қатор йирик шаҳарларида агентликнинг бош офислари ва таҳририятлари жойлашган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Синьхуа”нинг минтақадаги муҳим ҳамкоридир. Агентликлар ўртасидаги алоқалар икки мамлакат халқларини Ўзбекистон ва Хитойда ҳамда дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида холис, ҳаққоний ахборотлар билан тезкор таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Бугун ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов ва “Синьхуа” ахборот агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Цай Годуннинг учрашувида агентликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида ОАВ соҳасидаги алоқаларнинг ривожланиши мамлакатларимизнинг ахборот имкониятларини ошириш, хорижий давлатларда Ўзбекистон ҳақида холис ахборот тарқатиш ва юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

ЎзА