Фотиманинг орзуси амалга ошди

2020-02-04T11:43:57+00:004 Fevral, 2020|Сирдарё вил.|

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев ташаббуси билан Гулистон шаҳрида яшовчи Оқмирзаевлар хонадонида журналистлар билан учрашишни орзу қилган ўқувчи қиз – Фотимахон билан ижодий мулоқот ташкил этилди.

Оилада тўнғич фарзанд ҳисобланган Фотимахон Жўраева оёғида туғма нуқсон билан дунёга келган. Ҳозирда у фақат аравача воситасида юра олади. Уй таълимини олаётган, юртимизнинг умидли фарзандларидан бири ҳисобланган ушбу қизнинг ҳаракатчанлиги ҳамда билимга чанқоқлигини кўчада вақтини беҳуда сарфлаётган ҳар қандай тўрт мучаси соғ тенгдошига намуна сифатида кўрсатса арзийди.

Фотима китоб ўқишни жуда яхши кўради. Айтишича, шу йилдан бошлаб мақолалар ҳам ёза бошлабди. Унинг илмга бўлган муҳаббатини кўз қарашларидан, гапираётган сўзларидан илғаб олиш қийин эмас.

«Aвваллари мақола ёзмас эдим. Лекин ҳаёлотимдагиларни оқ қоғозга қоралаб турардим. Янги йил арафасида сенатор Фарҳод ака уйимизга мени йўқлаб, вилоятимиз ҳокими совға қилиб юборган бир талай китобларни кўтариб келганларида қораламаларимни кўриб, «Ие, сиз яхшигина қалам соҳиби экансиз-ку, мақолалар ҳам ёзиб турсангиз бўлар экан» дегандилар. Ўшанда уларнинг биргина мана шу сўзи янада кўпроқ ижод билан шуғулланишимга туртки берганди. Шунда мен ҳаётда журналистлар билан юзма-юз кўришмаганимни, улар билан учрашишни жуда-жуда хоҳлашимни айтгандим. Фарҳод ака бу истагимни амалга оширишда ёрдам беришни ваъда қилгандилар. Мана бугун сўзларининг исботи сифатида ушбу учрашувни ташкиллаштирибдилар. Тўғриси, кичик бир орзуим амалга ошганидан ғоят мамнунман», – дейди Фотимахон.

Учрашувда «Халқ сўзи» газетасининг вилоятдаги мухбири Aҳмадали Шерназаров, вилоят телевидениеси ходими Нигора Имомқуловалар томонидан журналистикага қизиқувчи Фотимахонга соҳа бўйича тегишли маслаҳатлар бериб ўтилди.

Хусусан, «Журналист касби, аслини олганда, жуда оғир касб. Лекин маззаси жуда ширин, қачонки сен олдингга қўйилган синовларни енгга олсанг. Қизим, агар сен мана шу соҳани эгалламоқчи бўлсанг, ҳозирдан чуқур билим олишга интилгин, ўзинг севган мавзуларда мақолалар ёзгин. Китоб мутолаасидан, илм сари ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтама, қораламаларингни кўпайтириб, қаламингни чархлаб боришда давом эт. Ҳозирда масофадан туриб ишлаш жуда ривожланган. Сен ҳам бу соҳада бемалол фаолият юрита оласан, ижодий маҳоратингни оширишингда биз сенга ёрдам берамиз» деди журналист Аҳмадали Шерназаров.

Учрашув сўнггида сенатор Фарход Боқиев Фотимахонга нодир китоблар тўпламини совға қилди.

 

Диёрахон НАБИЖОНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.