Самарқандда 20 қаватли IT-Park бунёд этилади

2020-02-03T14:31:18+00:003 Fevral, 2020|Самарқанд вил.|

Вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда 2019 йилда вилоятда иқтисодиётни, тадбиркорликни ривожлантириш якунлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йил учун белгиланган вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2019 йил вилоятда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури асосида 40 та лойиҳа бўйича 20 та корхонада 587,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, 876 та янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми 2,6 мартага кўпайди.

– 2020-2022 йилларда вилоятни комплекс ривожлантириш Дастури асосида 889 та лойиҳа амалга оширилади, – деди матбуот анжуманида қатнашган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов. – Бунинг натижасида 15 минг 227 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2020 йилда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширалади. Жумладан, ёшлар учун IT-Park ташкил этилади. Бунинг учун 20 қаватли бино қурилиши режалаштирилган. Бу ерда 300 нафар ёшларнинг дастурлар яратиш билан шуғулланиши учун барча шароит яратилади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.