Адолат тарозуси тўғри бўлса

2020-02-01T05:01:06+00:001 Fevral, 2020|Андижон вил.|

2020 йил 29 январда Андижон вилоят телерадиокомпаниясида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ва Андижон вилоят судлари ҳамкорликда судларнинг 2019 йилдаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди

Анжуманда тўрт йўналиш бўйича вилоят судлари раислари иштирок этдилар. Улар томонидан қилинган маърузалар мазмунли, таҳлил ва рақамларга бой бўлди.

Жиноят ишлари бўйича вилоятдаги судлар томонидан 2 минг 864 нафар шахсга нисбатан 2 минг 278 та жиноят иши кўрилган. Уларнинг 53,3 фоизи сайёр мажлислари шаклида ўтказилган. Жамоатчилик кафиллиги остида 34 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазолар тайинланган. Аҳамиятлиси, 147 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинди. Яна 662 нафар шахс бўйича қонунчиликка киритилган ярашув институти тартиб-таомиллари қўлланди.

Ўтган йили 24 минг 204 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилган. Бу 2018 йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсганлигини англатади.

Вилоятдаги иқтисодий судларга келиб тушган даъво аризаларнинг 2018 йилга нисбатан 10 минг 444 тага (35,3 фоизга) камайганлигини алоҳида қайд этилди.

Фуқаролик ишлари бўйича тўхталадиган бўлсак, мерос билан боғлиқ фуқаролик ишлари аввалги йилгидан 35 тага кўпайган. Судьялар оилавий ажримлар сонини камайтириш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштиришга астойдил уринишмоқда. Айни турдаги даъволар ўтган йилга нисбатан 1 минг 441 тага камайганлигининг асосий омили ҳам шундан.

Тизимда ютуқлар баробарида оғриқли масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қуйи инстанция қарорларидан норози бўлиб Олий судга шикоят қилганлар сони кўп.

Қарийб икки соат давом этган тадбирда муҳим маълумотлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Уюшма Андижон вилояти бўлими.