Журналистлар ижод мактабига ташриф буюрдилар

2020-01-20T08:44:51+00:0020 Yanvar, 2020|Жиззах вил.|

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими томонидан вилоят Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга  ихтимомлаштирилган мактаб-интернатда ўқувчилар билан вилоятнинг турли матбуот ва оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистларининг ижодий учрашувлари бўлиб ўтди.

Маълумки, бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт журналистлар олдига янги-янги талаб ва вазифаларни қўймоқда.

Жаҳон ахборот макони глобаллашувининг кучайиши оммавий ахборот воситалари соҳасида дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва мос равишда муносабат билдириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик қайта ўзгаришлар ҳақида республика аҳолисини, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи энг долзарб вазифалардан бирига айланган.

Оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, интернет журналистикасининг шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини тақозо этмоқда.

Мазкур ижод мактабида бугунги кунда 174 нафар ўқувчилар она тили ва адабиётини чуқур ўзлаштириш билан бирга шеърий ва насрий асарларни, публицистик материалларни машқ қилиб, даврий нашрларда иштирок этиб келмоқдалар.

Ижод мактабида иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама чуқур билим олишлари учун барча шароит муҳайё қилинган. Энг асосийси, ўқувчилар ижодий муҳит ичида таълим-тарбия олади. Ижод мактабларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар билан мунтазам ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқлари ўтказилиши билан бир қаторда ижодкорлар, салоҳиятли инсонлар, олимлар ва ёш ихтирочилар иштирокида маҳорат дарсларини самимий суҳбат шаклида ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Ижодкор ёшларни журналистика соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш, матбуот ва оммавий ахборот воситаларига жалб этиш мақсадида ташкил этилган учрашувга узоқ йиллар вилоят радиоси ва телевидениесининг рус ва ўзбек муҳарририятларида ишлаган, бугунги кунда “Джизакская правда” газетасининг ҳуқуқ бўлими муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган моҳир журналист, шоир Илҳом Носиров “Ижод завқи” хусусида маҳорат дарсини ўтди.

Шунингдек, учрашувда иштирок этган вилоят телерадиокомпанияси, радио бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳиби Сайёра Тўхтаева, вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири, шоира Латофат Неъмат, “Жиззах ҳақиқати” газетаси фотомухбири Ботир Қудратовлар бугунги журналистнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги, фуқаролик жамиятини қуришдаги роли ва ўрни ҳақида гапирдилар ҳамда ўқувчиларни қизиқтирганбарча саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоб қайтардилар.

Ўз навбатида ижодкор ёшлар ҳам ўзларининг ижод намуналаридан йиғилганларга ўқиб беришди.

  • Болалигимдан журналист бўлишни орзу қиламан. – деди сўзга чиққан ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси Умида Мавлонова. – Бугунги учрашув менда катта таассурот қолдирди. Журналист бўлиш учун ёзишни билишнинг ўзигина кифоя қилмас экан, энди мен чет тилларини ҳам чуқур ўзлаштириш, компьютер технологияларини пухта ўрганишим, шунингдек, тарих, география ва бошқа сиёсий фанларни ўқиб, билимимни оширишим зарурлигини, шундагини замон талаб қилаётган тезкор, холис ва энг асосийси жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган журналист бўлиш мумкинлигини англаб етдим.

Ижодий учрашув якунида устоз журналистлар бу ерга тезтез келиб, ёш ижодкор ўқувчилар билан ижодий машқлар бажариш, уларни тўғри йўналтириш бўйича келишиб олдилар.

 

Нодира АЛИМОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий

 уюшмаси Жиззах вилояти бўлими мутахассиси