2019 йилдаги фаолият якунлари ва иқтиқболдаги режалар муҳокама этилди

2019-12-26T06:01:14+00:0026 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

25 декабрь  куни  Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви йиғилиши ўтказилди.

Унда уюшманинг бошқарув аъзолари ва  кенгашлар раислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Йиғилишда уюшма томонидан 2019 йилда амалша оширилган ишлар ҳамда 2020 йил режалари ҳақида  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимовнинг ахбороти тингланди.

Ўтган вақт  давомида уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилган. Мулкчилик шаклидан қатъий назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, нашриётлар, ахборот агентликлари ва  интернет нашрларида ишлаётган журналистларнинг, шунингдек,  эркин  ижодкорларнинг ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга кўмаклашиш борасида муайян ишлар олиб борилди. Бир қатор  тадбирлар, конференция ва давра суҳбатлари, семинар ва тренинглар,  медиатурлар,   минтақавий ўқув тадбирлари ўтказилди.

—   2019 йил мамлакатимиз учун  сермазмун ва  воқеаларга  бой бўлди, —деди С.Ҳакимов. —  Биз йил давомида шоҳид бўлган ишларни  “янгиланиш” деган сўз билан яққол ифода этиш мумкин. Янгиланаётган Ўзбекистон, янгиланаётган жамият, янгиланаётган дунёқараш, янгиланаётган  тафаккур. Янги сайловлар.   Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало, одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”.           Журналистлар ижодий уюшмаси  йил давомида ўз фаолиятини ана шундай замон талаблари асосида ташкил этишга ҳаракат қилди.

Жумладан “Олтин қалам”,  “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” каби танловларини ташкил этиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тадбирларини юыори савияда ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Бу ўринда “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловининг нуфузи нафақат мамлакат ичида, балки   чет эллик журналистлар  ўртасида ҳам тобора  ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.  Бу йил танлов 14-нчи марта ўтказилди.Унда  520 дан ортиқ маҳаллий  ва чет эллик  журналист  7000 га яқин  материали билан  иштирок этди. Улар орасидан   Бош миллий  мукофот соҳиби ва 12 та асосий  мукофот эгалари, шунингдек, тўртта  рағбатлантирувчи  совриндорлар  аниқланди. Бош миллий мукофотга икки  жамоа – Халқаро пресс клуб ва “Ўзбекистон-24” телеканали сазовор бўлди.  Ўз фаолиятини ана шундай замон талаблари асосида ташкил этишга ҳаракат қилди. Бу борада,  биринчи навбатда,  Республика ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ва  Республика товар-хом ашё биржасининг молиявий кўмаги мустаҳкам замин бўлди.

Уюшма жорий йилда  халқаро ташкилотлар—  ЮНЕСКО,  Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик  ташкилоти, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё  минтақавий экология марказининг филиали (РЭЦЦА),  ЮСАИДнинг Сил касаллигига қарши кураш дастури, DVV International (Германия),  “Регионал диалог” (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари,  АҚШ, Туркия, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасининг  элчихоналари, шунингдек, миллий  ҳамкорлар – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги  Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ҳам ўз  номинациялари  билан қатнашдилар. Номинациялар ғолибларининг  аксарияти  хорижий мамлакатларга ижодий  сафар  йўлланмаси   билан  тақдирланганларини  алоҳида таъкидлаш  жоиз. Бундай сафарлар  уларнинг чет эллардаги  касбдошлари билан  танишувлари ва тажриба алмашувларига,  замонавий билим-кўникмалари  ошишига   хизмат қилади.

Шунингдек, анжуманда жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг  тўртинчи конференцияси бўлиб ўтгани қайд этилди. Конференцияда йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери ўз ечимини топмай келаётган  уюшма аъзолигига қабулни  тиклаш масаласи ижобий ҳал этилгани, аъзоликка қабул  қилиш  ҳақида низом ишлаб чиқилди ва  тасдиқлангани, конференцияда яна бир муҳим ҳужжат – “Ўзбекистон журналистларининг касб  этикаси кодекси” қабул қилинди. Унинг Жамоатчилик  кенгаши ташкил этилгани таъкидланди.

Жорий йилда 34 нафар журналист юксак давлат мукофотига сазовор бўлган бўлса, 5 нафар журналистга Республика “Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони берилган.

Шу йилдан эътиборан журналистларни мамлакатнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган Медиа-тур лойиҳаси мутасадди юқори  ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шундай медиа-тур Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилди. Бир мисол, шу йил 2019 йил 1 август   куни Сирдарё вилоятига уюштирилган “Журналист ва ҳаёт” мавзуида бир кунлик медиа-турда республика ОАВ дан 24 нафар журналист иштирок этди.    Республика нашрларида 19 та, веб-сайтларда 3 та таҳлилий мақола, фоторепортажлар эълон қилинди, 3 та телекўрсатув намойиш этилди.

Журналистларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилаш мақсадида 3 нафар журналистга (А.Абдуманнопов, Ш.Жабборов, Х.Иброҳимов) яшаб турган уй-жой шароитларини яхшилаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат қиритилди. Ҳудудларда 14 нафар журналистга вилоятлар ҳокимликлари томонидан имтиёзли кредит асосида янги уй-жойлар берилди. 12 нафарига ер участкалари ажратилди.

Кекса, кўмакка муҳтож журналистларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар амалга оширилиб, байрамлар арафасида уларнинг ҳар бирига 400 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари 43 нафар кекса фахрий журналистларнинг юбилей тадбирлари уюштирилган.

Илк бора ёш журналистларнинг ижод намуналаридан иборат “Ёш юракалар садоси” тўплами нашр этилди. Ундан 44 нафар ёш журналистнинг ОАВда чоп этилган энг сара  материаллари ўрин олди.  Китоб   матбуот аҳли, айниқса ёшлар  томонидан илиқ кутиб олинди.

2019 йилда  уюшманинг халқаро  алоқалари  янги босқичга  кўтарилди. Уюшма раиси  март ойи охирларида Корея Журналистлар ассоциацияси   таклифига кўра, Сеулда ўтказилган  халқаро анжуманда қатнашди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан Корея Журналистлар ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик  келишуви имзоланди.

Ҳудди шундай келишув  жорий йилнинг  сентябрь ойида Хитой томони  таклифига кўра уюшма раисининг бу мамлакатга ташрифи доирасида Умумхитой Журналистлар ассоциацияси билан ҳам  имзоланди .Бу ҳар икки мамлакат Журналистик  ташкилотлари билан  дўстона алоқалар йўлга қўйилди.

Хусусан, жорий йилнинг  8-13 октябрь кунлари Корея Журналистлар ассоциацияси президенти  бошчилигидаги   делегация  мамлакатимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар мамлакатимизнинг етакчи ОАВ  фаолияти билан танишдилар, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг  медиамарказида, “Халқ сўзи”  газетаси  таҳририятида учрашувлар  ўтказилди.

2020 йилда ҳам Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш режалаштирилммоқда. Йил  давомида ОАВ соҳасини ривожлантириш, қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг моддий техник базасини  мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, уларни тегишли ташкилотларга тақдим этиш ишлари давом эттирилади.

“Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловининг нуфузи нафақат мамлакат ичида, балки   чет эллик журналистлар  ўртасида нуфузини ошриш мақсадида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” бериладиган рағбатлантирувчи мукофот танловга номинация сифатида киритилмоқда.  Янги йилдан бошлаб мазкур номинация бўйича ҳам учта ўрин ғолиблари тақдирланади.

Йил давомида олтита вилоятга медиатур (марказий оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳудудларга  сафарини) ташкил этиш кўзда тутиляпти. Вилоятларда тўртта минтақавий конференция ўтказилади.

“Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида материаллар тайёрлаш учун ҳудудларга хизмат сафари билан юбориш  ишлари давом эттирилади.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Уюшмамиз томонидан мамлакат тараққиётини белгилайдиган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини очиб берадиган, замонавий қаҳрамонлар образи акс эттирилган бадиий публицистик асар ва тўпламларни нашр этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, “Ёш юраклар садоси” серияси остида, “Ислоҳотлар журналистлар нигоҳида” номли тўпламлар чоп этиш белгиланган. Шунингдек, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида ОАВда эълон қилинган материалларни тўплам ҳолида, “Ўзбек журналистикаси хрестоматияси”ни  нашр этиш кўзда тутилмоқда.

Уюшма муассислигидаги “Ҳуррият” газетасининг молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Миллий матбуот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилади.

Хитой, Россия, Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолашга эришган. 2020 йилда юртимиз ОАВ ларида фаолият олиб бораётган беш нафар фаол ва истеъдодли журналистларни Жанубий Кореяга малака ошириш, тажриба алмашиш учун юбориш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Россия ва хитойлик таниқли журналистларни Ўзбекистонга ижодий сафарини уюштириш кўзда тутилмоқда. Йирик  халқаро  медиатузилмалар ва таниқли ОАВлар  фаолияти билан танишув, улар билан ўзаро манфаатли алоқаларни  йўлга қўйиш, Польша, Монголия, Туркия, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон  каби Марказий Осиё давлатлари Журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш ҳам 2020 йилги асосий иш режамизга киритилмоқда. ёш журналистларининг йилда бир марта ўтказиладиган “Умид учқунлари” семинари илк тадбирини  ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари медиа тузилмалари “I-халқаро форумини” ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда уюшма  фаолиятига доир масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар бидирилди.

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ