«Кўзимиз ожиздир, аммо қўлимиз ботир»

2019-12-13T14:16:20+00:0013 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Иш ўринлари қисқариши сабаби нимада?

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Жиззах вилояти бўлими айни вақтда 3 минг нафарга яқин 1-, 2-гуруҳ ногиронларини аъзоликка қабул қилган. Жойларда 13 та туман-шаҳар бўлинмалари фаолият юритмоқда.

Аммо кейинги вақтларда кўзи ожиз ногиронларнинг иш ўрни сақлаб қолинмаётгани, улар учун етарли шарт-шароит яратилмаётгани ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётир.

– Юзага келган аҳволга лоқайд қараб бўлмайди, – дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Жиззах вилояти иш юритувчиси Сайёра Омонбоева. – Жамиятга аъзо бўлган 212 нафаргина киши доимий иш ўрнига эга. Маҳаллий ҳокимликлар «Кўзи ожизлар жамияти»нинг бўлинмалари ишига етарли эътибор бермаяпти. Ногиронларнинг иш ўрнини сақлаб қолиш учун кирмаган эшигимиз, учрашмаган раҳбаримиз қолмади. Бироқ ҳалигача натижа йўқ. Нима қилишга ҳам ҳайронмиз…

Кўзи ожизлар жамиятининг Жиззах вилояти бўлими тасарруфидаги ўқув ишлаб чиқариш комбинати қошидаги «Жиззах саломатлик» ­масъулияти чекланган жамиятидамиз. Бинонинг биринчи, учинчи қаватлари бўм-бўш. Иккинчи қаватидагина тўқув ва тикув дастгоҳлари ўрнатилган. Ҳайҳотдай ишлаб чиқариш цехида фақат бир кишини учратдик.

– Уч йилдан буён ушбу корхонада ишлайман, – деди ўзини Раъно Умирбоева дея таништирган аёл. – Бироқ сўнгги вақтларда иш тўхтаб қолди. Битта кўрпа ёки тўшак қавиганимиз учун 5-6 минг сўмдан меҳнат ҳақи олардик. Кунига 20-25 минг сўм учун ишлаб оила тебратардим. Мана бир неча ойдирки, ишсизман. Оладиган нафақам билан оила тебратиб бўлмайди. Ҳар куни буюртма бўлиб қолар, деган умид билан бу ерга келиб кетаман.

Шундан сўнг корхона раҳбари билан учрашдик.

– Илгари шу цехнинг ўзида 100 нафардан зиёд кўзи ожиз ногиронлар меҳнат қиларди, – дейди корхона раҳбари Низом Бобоев. – Аммо тайёрлаётган маҳсулотимизга талаб тобора камайиб боряпти. Шу тариқа иш ўрни қисқармоқда. Маҳсулотни сифатсиз деб айтолмаймиз. Биз давлат стандартларига мос равишда маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Ҳар бир маҳсулот махсус қолипларда тайёрланади. Чеварларимиз зиммаларидаги топшириқни кўз билан эмас, қалбдан ҳис этган ҳолда уддалайди. Бундан ташқари, тайёр­ланаётган маҳсулотларнинг бар­ча­­сига соф пахтали матолар ишлатилади.

– Унда муаммо нимада?

– Муаммо шундаки, маҳсулот давлат стандарти талаблари даражасида бўлгани сабабли нархи юқори, – дей­ди корхона раҳбари. – Бозордаги синтетик матолардан тайёрланган кўрпа-ёстиқлар нисбатан арзон. Харидорларимиз ана шунга учмоқда. Натижада, бизнинг маҳсулотлар ­омборларда қолиб ­кетяпти.

Корхона нархномасига кўз югуртирамиз. Кўрпа – 130 минг сўм, тўшак – 103 минг 500 сўм, ёстиқ – 31 минг сўм, чойшаблар жамламаси – 150 минг сўм. Буларнинг барчаси пул ўтказиш йўли билан сотилади. Лекин бозордан ана шундай маҳсулотларни сотиб олаётганлар савдони нақд пулда амалга оширади.

Шу ўринда бир мулоҳаза: балки иш ўринларини сақлаб қолиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун махсус дас­тур керакдир?

Тўғри, ўтган йили жамиятнинг вилоят бўлими ва жойлардаги 3 та бўлинмаси ўзлари учун ўзлари иш ўрни яратди.

– Ўтган 2018 йил бир қатор бўлинмаларимизнинг чорасизликдан қилган ҳаракатлари беиз кетмади, – дейди Сайёра Омонбоева. – Интилишлар натижасида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантини қўлга киритдик. Дўстлик тумани бўлинмаси имконияти чекланган кўзи ожиз ногиронларни ўқитиб, касб-ҳунарга ўргатди. Айни пайтда касб-ҳунар эгаси бўлганларнинг 3 нафари доимий иш билан таъминланди. Қолган 7 нафар ногиронни ўз касблари бўйича ишга жойлаштириш чоралари кўриляпти. Фориш тумани бўлинмаси грант эвазига кўзи ожиз ногиронларга тўқувчилик касбини ўргатаётир. Бахмалликлар эса кимёвий тозалаш цехини ишга туширишди. Шу тариқа 4 нафар инсон иш билан таъминланди. Вилоят бўлими «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий эркинлик­ларини ҳимоя қилиш» мавзусидаги грант дастурини амалга оширяпти. Дастур ­доирасида «Мен брайлчани ўрганаман» китобини чоп эттиришди.

Аммо яна савол туғилади: биргина грант лойиҳаси билан кўзланган мақсадга эришиб бўладими? Қолган аъзолар манфаати, турмуши, ҳаёти қандай кечади? Бу оғриқли саволларга мутасаддилар ҳам қалб кўзи билан нигоҳ ташлаб, жавоб излаш вақти келмадимикан?..

Муқимбой ИСМОИЛОВ.

  Манба: «Ишонч»  газетаси