Рақобатни деб, ўзлигимизни йўқотмайлик!

2019-12-06T12:44:44+00:006 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Бугун кундалик ҳаётимизни замонавий технологияларсиз, радио, техника, компьютер, айниқса, зангори экрансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Телевизорлар ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб қолган, десак асло муболаға бўлмас. Бўш вақтимизни мароқли ўтказиш мақсадида, зерикмаслик, маданий ҳордиқ чиқариш учун телевизор томоша қиламиз. Юртимизда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг турли каналлари фаолият юритади. Шу билан бирга хусусий телеканаллар ҳам. Уларнинг кўпайгани яхши, албатта. Рақобат бор жойда ўсиш, юксалиш бўлади. Аммо…

Авваламбор, телеканалларимизда намойиш этилаётган қўшиқлар, кўрсатувларга жиддий эътибор қаратиш керак. Маъно-мантиғи йўқ қўшиқлар, очиқ-сочиқ кийинган клиплардаги қизлар, бачканалашиб бораётган кўрсатувлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Масъул шахс­лар нега бефарқ қарашмоқда? Ахир, у миллатимизнинг зангори экрандаги акси эмасми?

Кўплаб телеканалларимиз томошабинлар сонини кўпайтириш мақсадида профессионал журналистлар ўрнига таниқли хонанда, актёр ва актрисалардан бошловчи ўрнида фойдаланмоқда. Халқимизда «Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин» деган ажо­йиб нақл бор. Ҳар ким ўз ишини қилгани яхши эмасми? Ватанимизда ҳар йили кучга, шижоатга тўла, юзга яқин журналистлар, не-не орзу-умидлар билан олийгоҳни  тамомлайди. Ўз касбининг профессионал мутахассислари санъаткорлардан анчагина юқори даражада фаолият юритиши шубҳасиз. Чунки улар соҳанинг мутахассиси. Санъаткор кўрсатув ёки мақоланинг асл мазмун-моҳиятини тушунса-да, уни томошабинга, муштарийга қандай етказиш йўлларининг тартиб-қоидаларини билмайди. Бу ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбек тили сўзга жуда бой, жаҳондаги 40 та энг мукаммал саналган тиллардан бири ҳисобланади. Шунга қарамай, айни вақтда телеканалларимизда кўплаб ўзбек тилидаги кўрсатувларнинг номи хорижий тилларда номланади. Масалан, «Рестарт», «Мтв Невс»,  «Скетч шоу»,  «Дайжес», «Тҳе Ковер Уп» ва яна бир қанча «Партй» ва ҳоказолар. Қизиғи шундаки, кўрсатувларнинг фақатгина номи хорижий тилда. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Кўрсатувларимизга ўзбек тилида ном топилмагани учун, хорижий тилга мурожаат қилинганми? Ёки бу унинг такрорланмас хусусиятини билдирадими? Яна санъаткорлар олиб бораётган кўрсатувларида шевага хос сўзлардан фойдаланади. Умуман, журналистиканинг қайси қонун-қоидасида шевага хос сўзлардан фойдаланишга изн берилган? Бу соф ўзбек адабий тилига бўлган ҳақорат эмасми? Ахир, бола онгига энг кучли ва биринчи таъсир кўрсатадиган ОАВ бу телевидение-ку!

Бугун телевидениемиз тез ривожланмоқда, аммо хориж ҳаётига тақлид, бачканалик, совун кўпигидек ёрилиб кетадиган муваффақият билан эмас, том маънода ҳалол рақобат, кучли билим, салоҳиятимиз билан юксалишимиз лозим. Буюк миллатимизнинг буюк тарихини келажак авлодларга бутунлигича топширишимизда телевидениенинг ўрни, аҳамияти беқиёс. Ҳеч қачон ўзимизни, ўзлигимизни, ўзбеклигимизни унутмайлик!

Гулноза ЙЎЛДОШЕВА,

ЎзЖОКУ талабаси.

 Манба: «Жамият» газетаси