Хонадонимиздаги реклама вируси

2019-12-06T12:36:06+00:006 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Реклама ҳам вируснинг бир турига ўхшайди, у исталган буюм ва тилдан-тилга кўчиш йўли билан ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Уй жиҳозларида, уни ишлаб чиқарган компаниянинг логотипи жой олган — бу эса замондошларимиз учун оддий ҳол.

Яхши биламизки, асосий реклама телевидение орқали эфирга узатилади ва бу бошқа реклама воситаларига қараганда катта натижа беради. Шу боис рекламаларга катта ҳақ тўланади. Бу касб билан шуғулланувчилар ҳам ишбилармон одамлар сафидан жой олиши ҳеч биримизга сир эмас. Лекин бугунги рекламаларнинг аҳволи қай даражада? У бизга фақат маҳсулотларни реклама қиляптими? Рекламаларнинг савиясига ким масъул?

Бу саволларга жавоб излашдан аввал бир ҳаётий воқеани келтириб ўтиш ўринли бўлар. Халқимиз серфарзанд ҳамда бир дастурхон бошида йиғилишни яхши кўради. Худди шундай, бир дас­турхон бошида йиғилган қариндош-уруғлар телевизор кўриб, чой ҳўплаб ўтирса, ғалати реклама бошланиб қолади. Аммо бу рекламани кимдир тушунади, кимдир тушунмайди. Ўша алпоз­да янги куёвда савол пайдо бўлди, «бу ниманинг рекламаси?» Билганлар миқ этмайди, билмаганлар эса саволга жўр бўлди. Келинчак эрини туртиш билан банд, куёв бўлса, саволни такрорлашни тўхтатмайди. Жавобни билганлар гапни бошқа тарафга буриб, бундай хижолатпазликни тезроқ бартараф этиш билан овора. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, қизиқувчан куёв ҳам ён бериб, гурунг бош­қа йўналишда давом этади. Аммо келин-куёв ёлғиз қолгач келин турмуш ўртоғидан роса ранжийди. «Уятга қўйдингиз? Шунақаям юзсиз бўласизми? Сиздан кутмагандим…» деган маломатларни эрининг бошидан ёғдиради. Турмушнинг паст-баландини энди кўра бошлаган эр бўлса, нима ҳақида гап бораётганини шунда ҳам тўлиқ фаҳмламаган. Чунки рекламаси қойилмақом қилиб ишланган бу товар, фақат аёлларга тегишли буюм бўлиб, унинг номини нафақат телевидение, балки ҳаётда ҳам хотин эрига айтолмайди.

Бу шу кунларда бўлган воқеа, ҳеч қандай ёлғон қўшишга ҳам зарурат туғилмади, фақат олиб ташланган жойлари бўлиши мумкин.

Шу қадар ибо-ҳаёли халқ эканмиз, нега телевизоримиз бизга маъқул келмаган «олабужи»ларни эфирга узатаверади.

Масалан: «Snickers» номли шоколаднинг рекламасини кўрган одам, шоколад ейишга қизиқишини билмадим-у, аммо ҳаёсиз қизлар рақс тушаётган дискотекаларга, албатта, қизиқиб қолади, «Colgate» тиш пастаси эса ўпишиш учун тишингни ювиб юр, деган маъно беради, «RC Cola» бўлса, ярим яланғоч кадрлар билан суғорилган. Энг даҳшатлиси, фақат бир жинс вакилларига тегишли бўлган «Kotex»нинг рекламаси бўлиб, унинг эфирга узатилишининг ўзиёқ, бизнинг на миллийлигимизга на урф-одатларимизга тўғри келади.

Сизда, бу рекламаларни томошабинга тақдим этаётган каналларнинг номини келтириб ўтинг, деган савол туғилиши табиий, аммо бу қусурдан холи каналларимиз қолмади ҳисоб.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида «фақат вояга етганларга мўлжалланган ёки вояга етмаганларнинг олиши ёхуд истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотни вояга етмаганлар истеъмол қилаётган ёки ундан фойдаланаётган тасвир туширилган реклама»лар тақиқланиши айтиб ўтилган. Аммо аксарият рекламаларимиз ва уларни ишлаб чиқариб, эфирга узатаётган шахслар бу қонундан кўз юмаётир.

Тўғри, «онангни отангга бепардоз кўрсатма», деганлар, бироқ бу иборанинг юқоридаги рекламаларга заррача алоқаси йўқ.

Энг кулгили тарафи шундаки, биз назарда тутган рекламалардан сўнг бошланадиган кинодан аввал, «фильмда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмоли акс этган саҳналар ҳамда тасвирлар бўлиши мумкин. Унутманг, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари умрингиз заволидир» деган ёзув чиқиб келади. Аслида бу титрни ўзгартириб, яъни «бу реклама кадрларидаги беҳаёлик маънавиятингизни бузади» деб юқоридаги рек­ламалардан олдин ёзиб қўйиш ўринли бўларди.

Хуллас, бу мавзуга биринчи марта мурожаат этилгани йўқ, телевидениеда узатилаётган бачкана кўрсатувлар-у, беҳаё кадрлар қайта-қайта танқид остига олинса-да, масъулларимиз «ит ҳурар, ўтади карвонлар» дегандек, яна ўз «йўл»ларидан оғишмай давом этмоқда.

Таклиф: биламизки, юртимизда тасвирга олинаётган кинолар, «Ўзбеккино» тарафидан роса ҳижжалаб ўтказилади ва фильм ўша жараёнда анчагина кадрларидан маҳрум бўлади. Балки энди рекламаларимиз учун ҳам «ўзбекреклама» деган ташкилот тузиш керакдир. Агар, «ўзбекреклама»ни тузсак, бунинг жамиятга фойдаси тегса, тегадики, бироқ ҳеч қачон юзимизни ерга қаратмайди, назаримда…

Бегали ЭШОНҚУЛОВ,

«Жамият» мухбири.

 Манба: «Жамият» газетаси